Буюк Британия Беларусда 9 август куни ўтказилган президентлик сайлови натижаларини тан олмайди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати маълум қилди.
«Дунё бу сохта президентлик сайлови ортидан юз берган тинч намойишларни бостириш учун Беларусь ҳукумати томонидан қўлланилаётган зўравонликни даҳшат билан кузатди», — дея маълум қилган Буюк Британия ташқи ишлар вазири Доминик Рааб.
Вазирнинг ваъда қилишича, Буюк Британия айбдорларни жазолаш ва Беларусь ҳукуматини жавобгарликка тортиш учун халқаро ҳамкорлар билан ишлайди.
Раабнинг фикрича, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти орқали сайловнинг ноҳалол бўлишига олиб келган камчиликларни ва даҳшатли зўравонликни ўрганиб чиқиш керак.
Ўз навбатида Франция президенти Эммануэль Макрон Европа Иттифоқини тинч намойишларга чиқаётган беларусликларни қўллаб-қувватлашни давом эттиришга чақирган.
Аввалроқ Еврокомиссия иттифоқ мамлакатларни Минскка қарши санкциялар қўллашга тайёр деб баҳолаётгани ҳақида хабар берилганди. БМТ бош котиби эса Беларусда сайловлардан кейин юзага келган можарони мулоқот орқали ҳал қилишга чақирди.
Беларуснинг амалдаги президенти Александр Лукашенко эса ўлган тақдирида ҳам мамлакатни ҳеч кимга бермаслигини айтди.
Изоҳ (0)