Тошкент шаҳар Юнусобод тумани аҳолисининг 70 фоизини гриппга қарши эмлаш режалаштирилмоқда. Бу ҳақда Юнусобод туманидаги 50-оилавий поликлиника бош шифокори Шоира Абдусатторова «Ўзбекистон 24» телеканалига маълум қилди.

Бош шифокорнинг сўзларига кўра, ҳозир июль—август ойлари бўлишига қарамасдан, юқори нафас йўллари касалликларининг барчасига потенциал COVID-19 сифатида қараш керак.

Шоира Абдусатторованинг маълум қилишича, туман ҳокими раҳбарлигида ўтказилган йиғилишда туман аҳолисининг камида 70 фоизини грипп касаллигига қарши оммавий эмлаш ҳақида келишиб олинган. Бу эмлаш катта натижа бериши кутилмоқда.

Таъкидланишича, 2018 ва 2019 йилларда Юнусобод тумани ёки 50-оилавий поликлиникага бириктирилган аҳолининг фақат бир фоизи гриппга қарши эмланган.

Аввалроқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги Ўзбекистонда болалар орасида грипп ва пневмонияга қарши режадан ташқари эмлашни амалга ошириш йўллари кўриб чиқилаётганини маълум қилганди.