Ўзбекистонда 13 август куни соат 17:00 гача 439 кишида коронавирус аниқланди ва инфекция қайд этилганларнинг умумий сони 33093 нафарга етди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар бермоқда.
Кун давомида, шунингдек, 611 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Айни вақтга келиб коронавирусдан тузалганлар сони 26270 нафарга, соғайиш кўрсаткичи эса 79,4 фоизга етди. Охирги марта 6 июнда бу кўрсаткич 79 фоизга етганди.
«Ҳозирда мамлакатимизда 6 608 нафар беморга шифокорларимиз томонидан белгиланган стандартлар бўйича даво чоралари кўрилмоқда», — дейилади ССВ хабарида.
ССВ ҳисоби бўйича ҳозиргача 215 киши, «Дарё» ҳисоб-китобига кўра эса 224 киши коронавирус қурбони бўлган.
Соғлиқни сақлаш вазирлиги статистикаларига таянадиган бўлсак, коронавирус юқтириб олган 33093 кишининг 26270 нафари (79,4 фоизи) соғайган, 6608 нафари (20 фоизи) ҳозир даволанишда бўлса, 215 нафари (0,6 фоизи) касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.
Изоҳ (0)