Ўзбекистонда 8 август соат 23:30 дан 9 август соат 23:30 гача коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 691 та ҳолат қайд этилди. Кетма-кет учинчи кун кунлик касалланиш ҳолати 700 га етмаяпти. Бу кунлардан 690 дан 693 нафаргача янги беморлар рўйхатга олинди. Янги ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 30609 нафарга етди.

ССВ ҳисоби бўйича 194, «Дарё» ҳисоби бўйича 203 киши коронавирус асоратларидан вафот этган.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланган 691 кишининг барчаси коронавирусга чалинган беморлар билан мулоқотда бўлганлиги сабабли намуна олинган фуқаролар орасида аниқланган:

  • Тошкент шаҳрида — 509 нафар;
  • Тошкент вилоятида — 160 нафар;
  • Андижон вилоятида — 11 нафар;
  • Наманган вилоятида — 7 нафар;
  • Қорақалпоғистон Республикасида — 4 нафар.

Кун давомида фақат 5 ҳудудда янги касалланиш ҳолатлари қайд этилди.

Тошкент шаҳрида 509 кишида коронавирус аниқланди. Пойтахтда илк марта кунлик касалланиш ҳолатлари сони 500 дан ошди ва 5 августдаги антирекорд (499 та ҳолат) янгиланди. Август ойининг ортда қолган 9 куни ичида Тошкентда энг кам касаллик аниқланган кунда (2 август) ҳам 325 кишида COVID-19 қайд этилди. 1—9 август оралиғида пойтахтда (карантин зонасида аниқланган ҳолатларни ҳисобга олмаса) 3893 та янги ҳолат аниқланди.

Тошкент вилоятида 160 кишида коронавирус қайд этилди. Вилоятда 23 июлдан бошлаб ҳар куни касалликка чалиниш ҳолатлари қайд этилмоқда, 26 июлдан бери эса ҳар куни коронавирусга чалинганлар сони 100 нафардан ошмоқда (икки марта 200 тадан ҳам ошди). Август ойининг 9 куни ичида Тошкент вилоятида 1532 кишида коронавирус аниқланди. Тошкент вилоятида август ойида аниқланган ҳолатлар ҳеч бир вилоятда эпидемия мавсуми бошлангандан бери қайд этилмаган.

Андижон вилоятида 11 кишида коронавирус аниқланди. Вилоятда сўнгги 15 кун ичида фақат 8 август куни янги ҳолатлар аниқланмади. Ҳозир Андижонда коронавирусга чалинганлар сони 1092 нафарга етган. Бу водийнинг қолган икки вилояти — Наманган (780 та ҳолат) ва Фарғона (300) вилоятларидаги умумий касалланганлар сонидан (1080) ҳам кўп деганидир.

Наманган вилоятида 7 кишида COVID-19 қайд этилди. Кун давомида аниқланган ҳолатларнинг 1 фоизи Наманганга тўғри келди. Вилоятда кун давомида ҳам 7 киши коронавирусдан соғайган.

Қорақалпоғистон Республикасида 4 кишида коронавирус аниқланди. Бир кун олдин ҳам ушбу ҳудудда 4 та ҳолат қайд этилганди. Республикада август ойининг 7 кунида янги ҳолатлар аниқланди, бу кунларда фақат 3 август куни 13 кишида COVID-19 қайд этилган, қолган кунларда 10 тага ҳам етмаган.

Ўлим ҳолатлари ва аҳволи оғир беморлар

ССВ Тошкент шаҳрида 3 нафар, Қашқадарё, Тошкент ва Навоий вилоятларида 1 нафардан, жами 6 нафар коронавирусга чалинган бемор вафот этганини хабар қилди. Шунингдек, «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов ҳам коронавирус қурбони бўлгани маълум бўлди.

Биринчи ўлим. Тошкент шаҳри Шайхонтоҳур туманида яшаган 84 ёшли Қ.Я. исмли эркак вафот этган.

Иккинчи ўлим. Тошкент вилояти Зангиота туманида яшаган 62 ёшли С.Т. исмли эркак вафот этган.

Учинчи ўлим. Навоий вилояти Навоий шаҳрида яшаган 61 ёшли Б.Р. исмли эркак вафот этган.

Тўртинчи ўлим. Қашқадарё вилояти Қарши шаҳрида яшаган 67 ёшли Қ.К. исмли эркак вафот этган. Қашқадарё вилоятида коронавирус асоратларидан вафот этганлар 8 нафарга етди. Ўлимлар сони бўйича Қашқадарё Тошкент шаҳри ва вилоятидан сўнг 3-ўринга чиқиб олди.

Бешинчи ўлим. Иқтисодиёт фанлари доктори, профессор, «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида коронавирус асоратлари оқибатида вафот этган. Унинг ўлими ҳақида Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси хабар берди. Санжар Жалолов 4 август куни Тошкент шаҳрида оламдан ўтган.

Санжар Жалолов

Фото: Ўзбекистон Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси

Санжар Жалолов вафотидан бери 5 кун ўтган бўлса-да, Соғлиқни сақлаш вазирлиги бу ҳақда ахборот бермаган.

Олтинчи ўлим. Тошкент шаҳри Олмазор туманида яшаган 70 ёшли Қ.Р. исмли аёл вафот этган.

Еттинчи ўлим. Тошкент шаҳри Яшнобод туманида яшаган 60 ёшли У.Б. исмли аёл вафот этган.

Ҳозиргача Соғлиқни сақлаш вазирлиги 194 кишининг коронавирус асоратларидан вафот этганини хабар берди. «Дарё» ҳисоби бўйича коронавирусга чалингач, вафот этганлар сони 203 нафарни ташкил этмоқда. Давлат хизматлари агентлиги 15 июль куни Навоий вилоятидаги 61 ёшли ходими Адҳамжон Деҳқонов, Маданият вазирлиги эса 18 июль куни 32 ёшли ходими Акмал Ирисов коронавирус асоратларидан вафот этгани, Олмалиқ шаҳри ҳокимлиги 9 ва 15 июль кунлари шаҳар шифохоналарида вафот этган икки аёлда коронавирус тасдиқлангани ҳақида хабар берган. Шунингдек, 19 июль куни Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, 22 июлда Бош прокурорнинг собиқ ўринбосари, Қорақалпоғистон прокуратурасида бўлим бошлиғи бўлиб ишлаётган 66 ёшли Ҳакимбай Халимов коронавирус асоратларидан вафот этгани хабар қилинган. 31 июль куни Жиноят ишлари бўйича Тошкент вилоят суди судьяси, 53 ёшли Хайриддин Шермуҳамедов, 1 август куни Тойлоқ тумани прокурори Фарҳод Абдухолиқов, Инновацион соғлиқни сақлаш миллий палатаси «Буюк келажак» кенгаши эксперти Санжар Жалолов 58 ёшида вафот этганини хабар берилди. Бироқ ушбу тўққиз ҳолат ҳақида ССВ томонидан айни вақтгача ахборот берилмаган.

Таниқли режиссёр Сарвар Каримов ҳам 17 июль куни отаси коронавирус инфекциясидан вафот этгани, аммо унга ташхис қўйилмаганини маълум қилганди. Режиссёрнинг ўзи ва унинг бошқа оила аъзоларида коронавирус тасдиқланган. Шунингдек, 26 июль куни бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов 24 июль куни Самарқанддаги Ипак йўли халқаро туризм университетининг 33 ёшли магистранти Ўткир Темиров касалликдан вафот этганини айтган. Маълум бўлишича, марҳум ўзида COVID-19’нинг барча белгилари бўлса-да, тест ҳам топшира олмаган, касалхонага ҳам ёта олмаган. Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова 28 июль куни коронавирусдан вафот этгани ҳақида «Makan.uz» хабар тарқатди.

Айни пайтда коронавирус инфекциясидан даволанаётган 8373 нафар бемордан 1378 нафари оғир, 386 нафари эса ўта оғир аҳволда. Аҳволи оғир ва ўта оғир беморларнинг умумий сони 1764 нафарга етди.

Касалликдан даволаниш

9 август куни Ўзбекистонда 726 нафар бемор коронавирусдан соғайди. Тузалганларнинг

  • 436 нафари Тошкент шаҳрида;
  • 214 нафари Тошкент вилоятида;
  • 31 нафари Қашқадарё вилоятида;
  • 15 нафари Андижон вилоятида;
  • 15 нафари Сурхондарё вилоятида;
  • 7 нафари Наманган вилоятида;
  • 5 нафари Қорақалпоғистон Республикасида;
  • 3 нафари Навоий вилоятида касалликдан фориғ бўлди.

Уларнинг қанчаси уй шароитида, қанчаси стационар шароитда даволанганига аниқлик киритилмаган.

Маълумот учун, Ўзбекистонда коронавирус эпидемияси сабаб соғлиқни сақлаш тизимига тушаётган юкламани бир қадар енгиллатиш мақсадида 5 июлдан бошлаб коронавирус инфекцияси аломатсиз кечаётган беморларга уй шароитида даволанишга рухсат берилган. Куни кеча ССВ коронавирусга чалинган беморларни уй шароитида даволаш бўйича асосий тавсия ва қоидалар ҳам тақдим этганди.

Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги коронавирусга чалинганларга доир ахборотларида янги беморларнинг қанчасида касаллик аломатсиз (симптомсиз) кечаётганига аниқлик киритмаяпти, шу боисдан айни вақтда коронавирусдан даволанаётган беморларнинг қанчаси касалхоналарда қолаётгани, қанчаси уй шароитида даволанаётгани маълум эмас.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 30 609 нафар бемордан 22 042 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 72 фоизни ташкил этмоқда. Охирги марта 19 июнь куни даволаниш кўрсаткичи 72 фоиз бўлганди. Шундан сўнг бу кўрсаткич фақат пастлаб, 21-23 июль кунлари 53 фоизгача тушиб кетганди.

Соғлиқни сақлаш вазирлиги маълумотлари бўйича айни пайтда 8373 нафар бемор COVID-19’дан даволанмоқда. 29 июль куни беморлар сони 9500 дан ортиқ эди. 30 июлдан бошлаб даволанаётган беморлар сони камая бошлади. Айни пайтда даволанаётган беморлар сони 22 июль кундаги беморлар сонидан (ўша куни 8409 нафар бемор даволанаётганди) ҳам камайди.

Ҳозирда энг кўп бемор Тошкент шаҳрида даволанмоқда — 6593 нафар. Фарғонада 8, Жиззахда 13, Навоийда 31, Хоразмда 53, Қашқадарёда 56, Қорақалпоғистонда 59, Андижонда 63, Сирдарёда 66, Наманганда 70, Бухорода 80, Сурхондарёда 85, Самарқандда 185 ва Тошкент вилоятида 1011 нафар бемор қолди.