Доғистон сенатори Сулаймон Керимовнинг оиласи Forbes Real Time рўйхатининг россиялик миллиардерлар рейтингида биринчи ўринга чиқиб олди. 5 август соат 18:00 ҳолатига кўра журнал Керимовлар оиласининг бойлигини 24,7 миллиард АҚШ долларига баҳолаган.
Керимов ва унинг оиласи «Норникель» эгаларидан бири ҳисобланган Владимир Потанинни иккинчи поғонага тушириб юборган, унинг бойлиги 24,6 миллиард долларга баҳоланган.
Forbes’нинг қайд этишича Керимов рейтингда илк бор биринчи ўринга кўтарилди. Нашр сенатор оиласи бойлигининг асосий манбаси Россиядаги энг катта олтин ишлаб чиқарувчи компания «Полюс» акциялари эканини ёзмоқда, компания қимматли қоғозлари Сулаймон Керимовнинг ўғли Саидга тегишли.
«Полюс» акциялари нархи 5 август куни Москва биржасида 3,59 фоизга кўтарилган. 2020 йил бошидан буён компания деярли икки ярим бараварга қимматлашган, олтин нархи эса 34 фоизгача ошган.
Йил бошида олтин унцияси учун 1521 доллар бўлган, 4—5 август кунлари олтин нархи бир унция учун 2041-2043 долларгача баҳоланган.Олтин нархи тарихда илк бора унцияси учун 2 минг доллардан қиммат деб баҳоланди. Bloomberg нашрининг ёзишича, олтин дунё иқтисодиёти инқироздан чиқишга уринаётган айни вақтда даромадларни сақлаб туриш воситасига айланиб бормоқда. Goldman Sachs таҳлилчиларининг фикрича олтин нархи унция учун 2300 долларгача кўтарилиши мумкин.
Сулаймон Керимов Forbes’нинг 2020 йил учун россиялик миллиардерлар рейтингида 13-ўринни эгаллаган. Июль ойи охирида журнал Керимовни COVID-19 эпидемияси давридаги энг бой миллиардерлардан бири сифатида эътироф этган.
Изоҳ (0)