Октябрь ойида олтин нархи унсияси учун 2 минг доллардан ошади. Бу ҳақда биржа савдолари маълумотларига таяниб, «РИА Новости» хабар берди.
4 август куни Нью-Йоркнинг Comex биржасидаги фюжерслар қиймати айнан шунчани ташкил этган. Шунингдек, сентябрь ойи учун кумуш нархи тўрт фоизга ошган.
Японияда эса олтин нархи 5 август ҳолатига кўра мамлакатдаги чакана савдо тарихида энг юқори кўрсаткични қайд этди. Қимматбаҳо металл котировкасини белгиловчи Токиодаги «Танака кикинзоку» компанияси ҳозирда бир грамм олтинни 7608 иенадан (72 доллар) сотмоқда. Бу 4 август куни ўрнатилган рекорд қийматдан 152 иенага қимматроқ.
Kyodo нашрининг ёзишича, ишончли актив сифатида олтинга бўлган талаб молиявий бозордаги беқарорлик шароитида ўсиб бормоқда. Шу билан бирга, бу акциялар ва давлат облигацияларининг нархларини кутилмаганда пасайишига олиб келиши мумкин. Бундан ташқари, қимматбаҳо метал нархининг кўтарилиши коронавирус инфекциясининг иккинчи тўлқини юз беришига оид хавотирларга ҳам боғлиқ.
Аввалроқ олтин захираси Ўзбекистонга пандемия вақтида «жон сақлаш»га имкон бераётгани тўғрисида хабар берилганди. Май ойининг бошида Ўзбекистон Марказий банки 2020 йил учун янгиланган прогнозини эълон қилганди. Унда кўплаб пессимистик прогнозлар билан бир қаторда, олтин борасида ижобий тахминлар келтирилган эди. Июль охирларида Ўзбекистон олтин-валюта захиралари ҳажми илк бор 32 миллиард доллардан ошган эди.
Изоҳ (0)