COVID-19 инқирози манзарасида, гўёки, узоқдаги оролга қараб умидвор сузаётган кемага ўхшаймиз. Кемадаги ресурсларнинг таги кўринган, йўловчилар ҳолдан тойган. Ҳаракатларимиз фақат вақтдан ютишга қаратилган. Тезроқ вакцинага етсак эди. Афсуски, коронавирусни энг кўп юқтириш бу ҳафтага тўғри келди.

31 июль куни 738 киши вирус юқтирган бўлса, 1ғавгуст куни бу сон 774 тага чиқди. Бу ҳафта антирекордларидир. Ҳозиргача вирусдан вафот этганларнинг расман қайд қилинган сони 160 нафарни қоралади. Умумий беморлар сони 25 мингдан ошди. Таъкидлаш лозимки, булар фақат тан олинган ҳолатлардир. Шунингдек, ноодатий зотилжам ҳам фуқароларимизнинг умрига зомин бўлмоқда. Бироқ коронавирус оқибатида юзага келадиган ўлимлар статистикаси янги тартибда юритилиши мумкин. Бу ҳақда 30 июлдаги брифингда айтилди.

2002 йилдан бери Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси раиси лавозимида ишлаб келаётган Муса Ерниязов 72 ёшида коронавирусдан вафот этди. Муса Ерниязов коронавирусга чалингани ҳақидаги хабарлар июль ойи бошида пайдо бўлган, аммо Қорақалпоғистон раҳбарияти бу хабарларни қатъий рад этганди. Шавкат Мирзиёев марҳумни сўнгги сафарга кузатиш учун Нукусга борди. Муса Ерниязов вафоти муносабати билан ташкил этилган таъзия маросимида нутқ сўзлаб, унинг номи кўча ва хиёбонларга берилишини билдирди.

Муса Ерниязов.

Фото: «Дарё»

Бу ҳафта, шунингдек, молия вазири ўринбосари лавозимини эгаллаб келган Ёрқин Турсунов 55 ёшида вафот этди. «Kun.uz»нинг ёзишича, вазир ўринбосари ҳам вирус юқтириши оқибатида дунёдан ўтган.

Коронавирус инфекцияси кишининг лавозимига қараб ўтиргани йўқ. Навоий вилояти ҳокими Қобул Турсунов коронавирус инфекциясидан даволанмоқда. Бухоро вилояти ҳокими вазифасини бажарувчи Карим Камолов коронавирусга чалингани тасдиқланган. Бухоронинг аввалги ҳокими ва ҳозир бош вазир ўринбосари Ўктам Барноев ва давлат бош санитария инспектори Нурмат Отабековда ҳам коронавирус аниқланган. Уларнинг барчаси даволанмоқда. Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов ҳам даволанмоқда, бироқ унинг шифохонага тушиши коронавирус билан боғлиқ эмас, балки кардиологик муолажалар олмоқда. Илгари ниқобда кўринмаган президент Шавкат Мирзиёевнинг ҳам бу ҳафта ниқоб тақиб юрган суратлари тарқалди.

Карантин кўплаб оилаларнинг силласини қуритгани сир эмас. Ўзбекистонда эҳтиёжманд оилаларга жами 150 миллиард сўм моддий ёрдам тарқатилиши айтилди. Аввалроқ Қашқадарёда 20 мингта эҳтиёжманд оилага бир миллион сўмдан нақд пул тарқатилган эди.

* * *

Гарчи бу янгилик ўз ортидан нархлар ошишини олиб келганлиги учун унча қувонч уйғотмаса-да, бир йилда 1-2 марта амалга оширилувчи анъана бўлганлиги учун дайжестимизга қўшдик. Ўзбекистонда 1 сентябрдан пенсиялар 10 фоизга оширилади. Шундай қилиб, келаси ойдан пенсияни ҳисоблашнинг базавий миқдори – ойига 262 470 сўм; энг кам ёшга доир пенсиялар – ойига 513 350 сўм; болаликдан ногиронлиги бўлган шахсларга бериладиган нафақа – ойига 513 350 сўм; зарур иш стажига эга бўлмаган кекса ёшдаги ва меҳнатга лаёқатсиз фуқароларга бериладиган нафақа – ойига 315 030 сўм этиб белгиланди.

* * *

31 июль куни Ўзбекистонда Қурбон ҳайити нишонланди. Гарчи қатъий карантин сабабли ҳайит намози ўқилмаган бўлса-да, қурбонликлар қилиб тарқатилди. Айтиш лозимки, шу куни ҳаракатланиш тақиқланган бўлса ҳам, қурбонлик гўштларини шаҳар бўйлаб тарқатилишига қаршиликлар деярли бўлмади. Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон халқини Қурбон ҳайити билан табриклади. Алишер Усмонов Қурбон ҳайити муносабати билан Ўзбекистондаги тез тиббий ёрдам ходимлари учун 100 миллиард сўм тақдим этди. Туркия Қурбон ҳайити муносабати билан Сардоба тошқинида жабр кўрганлар учун инсонпарварлик ёрдами юборди ва 14 тонна ҳажмдаги бу ёрдам Сардоба тумани мутасаддиларига топширилди.

Фото: Google Photos

* * *

Ҳафта тайинловлари билан танишинг.

Ўзбекистон ахборот оламида ўзгариш бўлиши кутилмоқда, бироқ бу ўзгариш қайси тарафга эканини ҳозирча айтиш қийин. Ўзбекистон Республикаси Президенти администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигига Асаджон Хўжаев директор этиб тайинланди. Хўжаев 2019 йилда Ўзбекистон Ахборотлаштириш ва телекоммуникациялар соҳасида назорат бўйича давлат инспекциясининг бошлиғи этиб тайинланганди. У бунга қадар Ахборот хавфсизлиги ва жамоат тартибини таъминлашга кўмаклашиш маркази директори ва бошқа лавозимларда ишлаган. АОКАни аввал Комил Алламжонов бошқарган.

Ўзбекистон соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмонов Республика ихтисослаштирилган кардиология илмий-амалий тиббиёт марказида стационар шароитда даволанаётгани сабабли бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаевга бир вақтнинг ўзида соғлиқни сақлаш вазири вазифасини бажариш юкланди.

Ўзбекистон Президентининг фуқаролар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва мурожаатлар билан ишлаш масалалари бўйича маслаҳатчисининг биринчи ўринбосари лавозимида ишлаб келган Улуғбек Муҳаммадиев Давлат хизматлари агентлиги директори этиб тайинланди.

* * *

Икки мингинчи йилларнинг машҳур хонандаси, Ўзбекистонда хизмат кўрсатган артист Руслан Шарипов 54 ёшида инфаркт касали сабабли дунёдан ўтди. Асли самарқандлик Руслан Шарипов «Болалар», «Байт», «Оригинал», «Садо», «Эски шаҳар», «Ўзбек систем», «Шаҳзод», «ал-Вакил», «Сетора», «Ялла», Бону, Лайло, «Хўжа», Ўзбекистон халқ артисти Юлдуз Усмонова, Наргиз Зокирова, Равшан Собиров, Аваз Олимов, Дилдора Ниёзова сингари кўплаб мусиқий жамоа ва санъаткорларнинг куй-қўшиқлари муаллифи ҳисобланади.

* * *

Қирғизистондаги энг машҳур инсон ҳуқуқлари ҳимоячиларидан бири Азимжон Асқаров бу ҳафта дунёдан ўтди. У 2010 йил 15 июнда Қирғизистон жанубидаги миллатлараро зиддият туфайли оммавий тартибсизликларни ташкил қилганлик ва милиция ходимининг ўлдирилишида иштирок этганликда айбланиб, ҳибсга олинган эди. Суд Асқаровни бир умрга озодликдан маҳрум қилган, бироқ у ўз айбини тан олмаган эди.

Азимжон Асқаров.

Фото: Kloop

Марҳумнинг васияти ва расмийларнинг саъй-ҳаракати билан Азимжон Асқаровнинг жасади Ўзбекистонда дафн қилинди. Халқаро ташкилотлар Азимжон Асқаровни озод қилишни бир неча марта қирғиз ҳукуматига тавсия қилган, бироқ инобатга олинмаган эди.

* * *

Баъзида шундай даҳшатли жиноятлар бўладики, хабарни охиригача ўқишга одамнинг кучи етмайди. Шундай мудҳиш ҳодисалардан бири Шаҳрисабзда содир қилинди. Қашқадарё вилоятининг Шаҳрисабз шаҳрида яшовчи эркак шахсий автомобилида ўзига қўшиб уч нафар фарзанди ва турмуш ўртоғини ёқиб юборди.

Воқеа 2020 йилнинг 30 июль куни тунги 22:00 да Шаҳрисабз туманида содир бўлган. Туман ИИБ бошлиғининг маълумот беришича, оила бошлиғи шахсий автомобилида кетаётган пайтда турмуш ўртоғи билан тортишиб қолади ва автомобиль эшикларини ёпиб, уч нафар фарзанди, турмуш ўртоғи ва ўзига бензин сепиб, ёқиб юборади. Буни шифохонага олиб келинган ўғли бир муддат ҳушига келганда айтиб берган. Оиланинг барча аъзоси куйиш оқибатида вафот этган.

Карантин қоидаларига риоя қилинг. Ниқоб тақинг. «Дарё»да ва уйда қолинг.