Ўзбекистонда 540 нафардан ортиқ тиббиёт ходими коронавирус билан касалланган. Бу ҳақда коронавирусга қарши кураш штаби аъзоси Ҳабибулла Оқилов 30 июль куни бўлиб ўтган брифингда маълум қилган.
Ҳабибулла Оқиловнинг сўзларига кўра, ўтган ҳафтадаги маълумотлар бўйича Ўзбекистонда 540 нафардан ортиқ тиббиёт ходими коронавирус инфекцияси билан касалланган.
Шунингдек, профессор Оқиловнинг таъкидлашича, Зангиотада фаолиятини бошлаган кўп тармоқли юқумли касалликлар шифохонасида ҳаво айланиш тизими яхши йўлга қўйилгани сабабли бу муассасада бирорта ҳам тиббиёт ходими коронавирус билан касалланмаган. Аввалроқ бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев ҳам шу фикрни айтиб ўтганди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Президентининг 23 июлдаги фармонига мувофиқ, коронавирус билан касалланиб вафот этган тўрт нафар тиббиёт ходими «Жасорат» медали билан мукофотланганди. Улар қаторидан Тошкент шаҳар Яккасарой туманидаги марказий поликлиника шифокори Алишер Уралов, Тошкент шаҳар Олмазор туманидаги 18-оилавий поликлиника катта ҳамшираси Феруза Тўхтаева, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Қорақалпоғистон филиали неврология бўлими катта ҳамшираси Зулфия Жуманиёзова ҳамда Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази Жиззах филиали директорининг даволаш ишлари бўйича ўринбосари Ботир Ҳамроқулов ўрин олган.
Бундан ташқари, Чилонзор тумани Санитария-эпидемиологик осойишталик маркази бактериология лабораторияси мудири 62 ёшли Марҳабо Аҳмедова, Қорақалпоғистоннинг Тахтакўпир тумани шифохонасининг 32 ёшли тез тиббий ёрдам ҳамшираси Алия Жиемуратова коронавирус асоратларидан вафот этгани хабарлар берилган.
Шу билан бирга, Сирдарё вилоятида коронавирусдан вафот этган илк бемор ҳам 69 ёшли тиббиёт ходими бўлган. Қорақалпоғистонда яна бир шифокор коронавирус қурбонига айланганини Нурмат Отабеков тасдиқлаганди.
Изоҳ (0)