«Anhor.uz» таҳририяти тиббиёт фанлари доктори, клиник иммунолог-инфексионист Азиза Хўжаева билан инсон организми коронавирусдан қандай ҳимояланаши, ушбу жараёнга аралашиш керакми ва карантин чоралари иммунитет шаклланишига қандай таъсир кўрсатиши тўғрисида суҳбатлашди.
Иммунитетни кучайтирувчи воситалар билан даволаш ҳақидаги иммунологнинг фикрлари ва мавзунинг муҳимлиги сабабли «Anhor.uz» таҳририятининг рухсати билан «Дарё» интервьюни тўлиқ кўринишда тақдим этади.
Нашр инсон организми коронавирус инфекциясидан қандай ҳимояланиши, бу жараёнга аралашиш керакми ёки йўқлиги ва иммунитет шаклланишида карантин чекловлари қандай рол ўйнаши ҳақида тиббиёт фанлари номзоди, клиник иммунолог-инфексионист Азиза Хўжаева билан суҳбатлашган.
— COVID-19 – инфекциянинг мутлақо янги тури, шу боис бизда унга нисбатан иммунитет йўқ, шундайми?
— Ҳа, бу тўғри, фақат қисман. Инфекция ҳақидаги маълумотлар нисбатан янги эканини тушуниш муҳим. Хитойнинг Ухань шаҳрида касаллик тарқалган пайтдан бошлаб, биз ўрганяпмиз, янги маълумотларга эга бўляпмиз, уларни аввалги маълумотлар билан таққослаяпмиз, шу боис ҳозир фикр юритадиган шифокорларнинг кўпчилигининг миясида ўзига хос чалкашлик. COVID-19 коронавирус инфекцияси, албатта, янги. Аммо бу коронавирус инфект (инфекция қўзғатувчиси – муаллиф изоҳи) сифатида организмимиз учун номаълум эканини билдирмайди. Биз у ёки бу даражада коронавирусларнинг бирортаси билан тўқнаш келганмиз, ҳатто уни ЎРВИ-симон касаллик кўринишида бошдан ҳам кечирганмиз.
COVID-19 – бу тез инфекция. Бу унинг инкубация даври қисқа эканини, касаллик тез ривожланишини, юқори контагиозлигини ва нисбатан тез кечишини англатади. Бундай турга грипп, ЎРВИ, ўткир респиратор касалликлар (ЎРК) киради. Вируслар тез мутация қилишга ва ўз тузилмасидаги участкаларни ўзгартиришга қодир, аммо ҳар доим ўзгармайдиган тузилмалари ҳам қолади. Янги коронавирус инфекцияси бошқа коронавирус инфектлари билан бир хил участкаларга эга. Шунинг учун бу касаллик биз учун мутлақо янги деб айтиш нотўғри бўларди. Бунда COVID-19 да инсон организми олдин ҳақиқатлан ҳам дуч келмаган тузилмалар ҳам бор. Шу боис бизда антитаналар йўқ ва биз ҳар доим ҳам ким ва қандай касал бўлишига ишончимиз комил эмас.
— COVID-19’га иммунитет қандай шаклланади?
— Бу саволга жавоб бир ёки икки йилдан кейин пайдо бўлади, деб ўйлайман. Сўз нафақат М синфига кирувчи иммуноглобулинлар (IgM) инфекция юққан пайтдан бошлаб тўртинчи-бешинчи куни ва Г синфига кирувчи иммуноглобулинлар (IgG) гўёки 14-куни пайдо бўладиган тез иммун жавобининг шаклланиши ҳақида бормоқда.
Иммунология қонунларига кўра, Г синфига кирадиган сифатли иммуноглобулинлар сохта соғайиш пайтидан бошлаб икки ҳафтадан кейин эмас, балки камида уч ойдан сўнг шаклланади. Аммо улар организмда қанча вақт қолади – бир йилми, икки, беш йилми – буни биз ҳали билмаймиз. Буни энди ўтказиладиган илмий тадқиқотлар кўрсатади. Ҳозир бизда бор нарса – бу олти ой ичида тўпланган маълумотлар. Бирор-бир хулоса қилиш учун эса бу етарли эмас.
— Интернетда иммунитетга COVID-19’га қарши курашиш учун қандай ёрдам бериш ҳақида тавсиялар кўп. Бу жараёнга аралашиш керакми, агар керак бўлса, буни қайси босқичларда қилган маъқул ва бу ёрдам нимадан иборат бўлиши керак?
— Бу саволга жавоб беришдан олдин иммунитет нима экани ҳақида гапириб беришни истардим. Бу организмнинг «бегоналарга» – вирусларга, оддий организмларга, бактерияларга қарши курашиш қобилиятидир. Даставвал иммунитет мутацияловчи ҳужайраларга қарама-қарши турадиган омил сифатида шаклланган, яъни моҳиятан, табиат бизни ўсмаларга қарши ҳимоя билан таъминлаган.
Эволюцияга қараб, иммун тизими ҳам биологик объектларга, шу жумладан, инсон организмига учраган турли таҳдидларга қарши туришни ўрганди. Ҳозир биз танамизга касаллик қўзғатувчиси тушиши билан «ишга тушадиган» ички резервларга эга қудратли ҳимоя тизимига эгамиз.
Масалан, одамлар тез-тез ҳарорат кўтарилганидан шикоят қилади. Бу иммунитетнинг жавоб реакцияси, унда иммун ва нейроэндокрин тизимлари иштирок этади. Биз организмга «бегона» кирганини кўрмаймиз ва бундан шубҳаланмаймиз, аммо уни бизнинг ҳужайраларимиз сезади. Улар зудлик билан душманни нишонга ола бошлайди ва бу билан бошқа ҳужайраларга кимни йўқ қилиш кераклигини кўрсатади. Тана ҳарорати кўтарилади, интерферон деб номланувчи махсусмодда ишлаб чиқилади ва вирус жон сақлай олмайдиган шароитларга тушиб қолади.
Биз иммунитетнинг ишига аралашиш керакми ёки йўқми деган саволга жавоб бериш жойига келдик, бу ерда иммун жавобининг бир нечта варианти мавжудлигини тушунтириб ўтиш керак. Булар – гиперергик, нормаэргик ва гипоэргик. Одам организми қўзғатувчига нисбатан турлича реакция кўрсатади ортиқча (гиперергик), ўртача (нормаэргик) ва кучсиз (гипоэргик). Юқори даражада реактогенликка эга беморда тана ҳарорати жуда юқори кўтарилади. Қоидага кўра, биз дарров уни туширишга ҳаракат қиламиз, чунки бу бизга ноқулайлик туғдиради. Бироқ муайян кўрсаткичларгача (масалан, 38 даражагача) бизнинг табиий курашимизни тўсиб қўймаслик учун ҳароратни туширмаслик керак. Ҳаётимизни енгиллаштириш истаги иммунитет ишлашига халақит беради.
Афсуски, бошқа жиҳатимиз ҳам бор. Назаримда, COVID-19’га нисбатан жуда нотўғри жиҳат. Негадир бизда иммунитет учун препаратларни тайинлашга ҳаракат қилишади, бу эса қатъий нотўғри позиция. Негалигини тушунтираман. COVID-19 коронавирус инфекциясининг патогенези (моҳияти – муаллиф изоҳи) – васкулит. Бу аутоиммун механизмига эга алоҳида касаллик, у томирлар эндотелийсининг яллиғланишига олиб келади. Табиатан гиперергик реакцияга эга бўлган киши бемор бўлиб қолишини бир тасаввур қилинг. Бизнинг «бегонамиз» (COVID-19) юқори ва қуйи нафас йўллари тўқималарига ва томирлар эндотелийсига тропликка эга. У қон, лимфа томирлари, юрак бўшлиқларининг ички юзасига тўшалиб турадиган бу тўқимага ўрнашиб олади. Иммун тизими, танани вирусдан халос қилишга уриниб, ушбу эндотелийга ҳужум қилади ва кучли яллиғланишни келтириб чиқаради. Ситокинли шторм деб аталувчи организмнинг ушбу ҳимоя реакцияси шу организмнинг ўзини нобуд қилишга ҳам қодир. Агар ушбу «ҳужум» препарат билан кучайтирилса, беморни йўқотиш мумкин.
Иммунитетни рағбатлантирувчилар билан даволаш – бу катта муаммо, биз, яъни мен ва ҳамкасбларим «Врачи Ташкента» («Тошкент шифокорлари») Facebook гуруҳида шунга эътибор қаратишга ҳаракат қиляпмиз. Беморларга бундай препаратларни бермаслик керак, чунки организм ўзини қандай тутишини ҳеч қачон билиб бўлмайди. Агар бу иммун жавоби иммуностимулятор билан кучайтирилса, унда беморни ўша васкулитга оилб келиш мумкин. Бутун дунёда одамларни иммунитетни рағбатлантирувчилар билан даволашмайди, буни қилишдан қўрқишади.
— Даволаш ишларини бошлашдан олдин иммунитетни ушбу реакцияга текшириш мумкинми?
— Касалликнинг ўткир даврида буни қилиб бўлмайди, чунки иммунологик текширишлар картаси иммун ҳужайралари фаоллашганини кўрсатади. Бу табиий жараён, шундай бўлиши керак ҳам. Маълумотни нотўғри талқин қилиш хавфи ҳам бор. Шу боис фикрлайдиган шифокорлар ҳар доим клиникага эътибор қаратади.
Одамларнинг деярли 75—80 фоизи COVID-19 инфекциясини аломатсиз кўринишда, енгил ва ўртача оғирликдаги шаклда бошдан кечиради. Беморларнинг 20—25 фоизида эса касаллик гиперергик сценарий бўйича кечади. Беморга, унинг преморбид ҳолатини ҳисобга олган ҳолда, тўғри ёрдам бериш учун уни кузатиб бориш керак. Преморбид ҳолат – бу киши биргаликда яшаши мумкин бўлган барча фон касалликлари қандли диабет, гипертония ва сурункали шаклда кечадиган бошқа кўплаб касалликлар.
— Коллектив иммунитет ўзи нима ва нега кўплаб мамлакатлар вирусга қарши курашда айнан шу стратегияни танлашга қарор қилган?
— Мамлакатларнинг ҳаммаси ҳам ўз аҳолисига инфект билан учрашиш имконини бермаяпти. Швеция ва Беларусь шу йўлни танлади. Аммо қўзғатувчи билан тўқнаш келгандан кейин организм барибир антитаналарни ишлаб чиқаради ва антитаналарга эга мамлакат аҳолисининг тахминан 70 фоиз ушбу антитаналарга эга бўлмаган беморларнинг нисбатан ҳимоясини таъминлаши мумкин.
Болаларни эмлаш мисолида тушунтираман. Биз болаларни, биринчидан, улар касал бўлмаслиги учун, иккинчидан эса, масалан, бирламчи иммун танқислигига эга болалар иммунизациялана олмаслиги боис улар инфект билан учрашмаслиги учун эмлаймиз. Коллектив иммунитет ушбу иммунизацияланмаган болаларни ҳам қутқаради.
Бундан хулоса шуки, агар одамда иммунитет бўлса, у инфекцияга чалинмайди. Демак, вирус ташувчиси бўлмайди ва уни юқтирмайди. Ҳозир бир организмида антитаналар бўлмаган кўплаб одамларни кузатяпмиз. Улар – қабул қилувчи бўғин бўлиб, коронавирус инфекциясининг ташувчиси билан учрашганда вирусни юқтириб олади ва касалланади. Соғлиқни сақлаш вазирлиги (ССВ) ушбу занжирни карантин чоралари ёрдамида узишга ҳаракат қилмоқда, аслида эса шамол тегирмонлари билан «жанг қиляпти».
— Ўзбекистон апрель режимидан кейин яна қайтган карантин чекловлари жорий этилганида нима юз беради, бундан маъни борми?
— Апрель ойидаги қатъий карантин Ўзбекистон аҳолиси орасида инфекцияни юқтирганлар сони кам бўлишини таъминлади, яъни аҳолининг катта қисми вирусга тўқнаш келмади. Афсуски, ҳозир ушбу аҳолига коронавирус инфекциясининг аломатсиз ташувчилари шахсида улкан вирус юкламаси тушган. Одамларни узоқ вақт давомида номаълумликда қолдириш мумкин эмасди, буни тушунаман, аммо, афсуски биз иммунитет борасида кўп сонли инфекцияга чалинганларга қарши туришга тайёр эмасдик. Бошқа бир муаммо – бу сохта салбий натижали маълумотномалар. Бу биоматериални нотўғри олиш, яъни мазокни махсус тупфер (стерил зонд-тампон) ўрнига оддий момиқли таёқча ёрдамида олиш натижасида юз бермоқда.
Шу сабабларга кўра, Россия март—май ойларида ўтган жараённи биз ҳозир бошимиздан кечиряпмиз. Авжгача ҳали етиб бормадик. Ўзбекистонда, инфексион жараён нуқтаи назаридан, кўтарилиш бўлмоқда, ҳар куни беморлар сони ошяпти. Бу вазиятда энг ижобий нарса шуки, ҳозир кимда касаллик аниқланаётган бўлса, улар қолганлар учун «иммунлаштирилган ёстиқчани» яратмоқда. Бу одамлар инфекцияга чалиниб бўлган, энди уларда антитаналар шаклланади.
Мен, мутахассис сифатида, қатъий каратинга қайтаишдан маъни кўрмаяпман. Бизда мавжуд бўлган мўътадил чораларни қолдириш керак эди, деб ҳисоблайман. Тошкент врачлар малакасини ошириш институтининг ректори (Ҳабибулла Оқилов, профессор, коронавирусга қарши курашиш бўйича штаб вакили ҳисобланади – муаллиф изоҳи) барча ўринлар бандлиги ҳақида гапирди, эҳтимоли карантин кучайиши айнан шу билан боғлиқдир. Биз қутқара олмаслигимиз мумкин бўлган беморлар учун қўрқамиз. Улар учун карантин жорий этилмоқда, инфекцияга чалиниш вақти чўзилмоқда.
— Сўз айнан қандай беморлар ҳақида бормоқда?
—Преморбид фонга, яъни фон касалликларига эга беморлар хатар зонасида ҳисобланади. Бу метаболик синдром, қандли диабет, гипертония, юрак ишемик касаллиги ва бошқалар бўлиши мумкин. Касалликни таблеткалар, парҳезлар, турмуш тарзи билан назорат қилган ҳолда улар билан яшашни ўрганиш мумкин. Афсуски, бу беморлар заиф ҳисобланади, шифокорларнинг кузатувлари бўйича айнан улар оғирроқ касал бўлади ва уларда ўлим ҳолатлари юқори. Айтгандай, масалан, грипп вируси ҳам оғирлашган преморбид фонга эга беморларни энг биринчи ўринда олиб кетади.
COVID-19 ҳолатида даставвал ёшлар касал бўлмайди ёки уни енгил ўтказади, деб айтишганди. Бунда қандайдир бир дуализм бор. Бизда ёшлар ҳам, афсуски, мутлақо соғлом эмас, уларда 20-25 ёшга келиб бирор-бир преморбид фонни учратиш мумкин. Бундай беморлар касалликни қийинроқ бошидан кечиради.
— Сиз инфексионист позициясидан ниқоб тақиш, қўлқоплар, хлорли туннеллар каби карантин чораларини қандай баҳолайсиз? Улар қай даражада адекват?
— Мен ниқоб тақиш тарафдориман. Одамларнинг бир қисмида касалликаломатсиз шаклда ўтади, аммо бунда улар барибир вирусни ажратиб чиқаради. Агар одам ҳозир ҳамма тақиб юрган латтани эмас, балки тўғри ниқобни таққан бўлса, унда ҳеч кимга юқтирмаслик имконияти кўпроқ бўлади.
Мен қўлқопда юриш тарафдориман. Бир жуфт эмас, балки икки жуфт. Чунки мен инфексион жараён ҳақида тасаввурга эгаман ва айнан мана бундай тақаман: даставвал қўлларга зич ёпишиб турадиган қўлқопларни тақаман, устидан сал эркинроқ турадиганини кияман. Негалигини тушунтираман. Мен кўчада юрганимда, барибир ниманидир ушлайман ёки тегинаман. Аломатсиз ташувчилар ҳам шуни қилишади. Эшик тутқичига тегинганда вирусни юқтириб олиш эҳтимоли ҳар доим бор. Бунда ҳамма вақт ҳам қўлларга антисептик билан ишлов бериш имконияти йўқ. Шу боис ҳеч қандайҳолатда юзимга тегинмайман. Уйга қайтаётганимда антисептикни устки қўлқопларга суртаман ва юваман. Кейин ваннага кираман, қўлқопларни ечиб, қўлларимни юваман, фақат шундан кейингина иккинчи жуфт қўлқопни ечаман. Буни профессионал деформация деб ҳисоблайверинг.
Хлор пуркаш – фантастика соҳасидан олинган курашиш чораси, аммо шу билан бирга бу бошқа микроблардан профилактика чораси. Менда триггер-мавзу бор, вақти-вақти билан унга ижтимоий тармоқларда қайтиб тураман. Бизда жуда кўп одамлар асфальтга тупуради. Уларнинг сўлаги билан кўплаб микроблар ажралади. Мана шу ерда хлор моддаси жуда қўл келади – у йўлларни, бордюрларни ва бошқа майдонларни яхши зарарсизлантиради.
Асосийси эса, мен меъёр тарафдориман. Гап ниқоб ёки қўлқоп – бу ёмон экани ҳақида эмас. Улар нотўғри тақиш – мана бу ҳақиқатдан ҳам ёмон. Ноадекват чоралар – бу ёмон. Агар одам эрталаб соат 5 да кўчада кетаётса ва атрофда ўзи сайр қилдираётган итдан бошқа ҳеч ким бўлмаса, ниқоб тақиш шартмас. Агар кўчадаодам кўп бўлса, унданиқобни таққан маъқул. Агар ҳаммада ниқоб бўлса, инфекцияни юқтириш хавфи ҳам камаяди.
— COVID-19’ни даволаш карантин каби баҳс-мунозарали мавзу. Сиз иммуностимуляторларнинг зарари ҳақида гапирдингиз, аммо айрим мамлакатларда, шу жумладан, бизда ҳам, уларни тайинлашда давом этишмоқда. Масалан, «Плаквинил», уни дорихоналарда топиш қийин. «Дексаметазон» борасида ҳам баҳс-мунозаралар кўп. Нега бу юз бермоқда?
— Чунки ушбу вирусга қарши тўғридан-тўғри таъсир кўрсатадиган препарат мавжуд эмас. Жаҳонда шифокорлар РНК-сақловчи вирусларнинг ингибиторлари ҳисобланган препаратлардан фойдаланишга ҳаракат қиладилар. Одам иммунитетини рағбатлантирган ҳолда, вирусга билвосита таъсир кўрсатадиган препаратлар билан даволаш – бу ҳар доим хатар.
Даволаш мавзуси мен учун жуда муҳим, чунки мен – инфексион жараёнлар иммунологияси масалалари билан шуғулланувчи клиник иммунологман. Пандемия энди бошланганида қўлимга Хитой маълумотлар китоби тушиб қолди. Уни зудлик билан таржима қилишди. Мен унда ҳамма жойда «Плаквинил» кўрсатилганига ҳайрон бўлдим. Мен уни фақат безгакда қўллашларини билардим, аммо ревматологлар ҳам ундан иммун жавобини бостириш учун беморларга тайинлашади. Бу препарат иммуносупрессор ҳисобланади. У иммунитетни бостиради. Уни гиперергик реакцияга эга одамга бериш – бу унинг нобуд бўлмаслигини билдиради. Аммо бу ерда ҳам ҳаммаси оддий эмас бир томонданодам тирик қолади, иккинчи томондан, аралашув организмга адекват антитаналар шаклланишига имкон бермайди ва броз вақтдан кейин у яна вирус олдида кучсиз бўлиб қолади. Шу боис вақт ўтиши билан бу препаратдан воз кеча бошлашди. Тиббиётда бу «самара бермади» деб аталади.
«Дексаметазон» – бу бошқа бир ҳикоя. У тизимли кортикостероидли гормон ҳисобланади. Уни 60 йиллардан бошлаб аутоиммун ревматоид жараёнларда қўллашган. Кортикостероид гормонларда кўрсаткичларнинг жуда кенг плани мавжуд аллергияга қарши, шишларга қарши (бу COVID-19 да жуда муҳим), яллиғланишга қарши. C препаратлар тоифасига кирадиган (жуда кучсиз) иммунитетни бостирувчи «Плаквинил» билан солиштирганда, «Дексаметазон» самаралироқ бўлиб чиқди.
Бошқа бир фарқи – иммуносупрессиянинг давомийлиги, яъни иммун жавобнинг бостирилиши. «Плаквинил»да у узоқ давом этади, шу боис ревматологлар уни сурункали касалларга тайинлашган. «Дексаметазон»да эса қисқа. Уни суткада бир марта қилишади. Ушбу вақт ўтиши билан гормон танада бўлмаслиги ҳам мумкин – енгил киритилади ва чиқарилади. Бунда у ўпка шишига эга гиперергик реакцияни самарали бартараф этиши мумкин. Шунинг учун баъзида велосипед ўйлаб топишга хожат йўқ. шунчаки аждодларимиз нима қилганини эслаш керак, холос.
Тиббиётда доим факт бўйича ишлайсан. Муҳим жиҳат: одам танасида кечадиган патологик жараёнлардан кўра, расмий диагнозлар сезиларли даражада кам. Шифокор организмни, таҳлилларни кўради ва у қандай реакция кўрсатишини тушунади. Клиникадан келиб чиққан ҳолда ҳаракат қилади.
Янги коронавирус инфекциясини ўрганиш жараёни шу ойлар ичида бормоқда. Мунтазам равишда вақтинчалик протоколлар юзага келмоқда. Вақтинчалик, чунки шифокорлар схема самарасиз эканини кўриши билан улар уни ўзгартиришади. «Плаквинил», «Кагоцел» каби препаратлар чиқарилади, бошқалари киритилади. Бу протоколлар вақти-вақти билан янги билимлар ҳисобидан янгиланади.
— COVID-19’га чалиниб, тузалгандан кейин иммунитет фаолиятида бузилишлар бўлиши мумкинлиги тўғрими?
— Бирор-бир касалликни бошидан кечирган кўплаб беморларда иммун тизимининг бузилишлари кузатилади. COVID-19 ҳам бу борада истисно эмас. Қизамиқ, қизилча, сувчечак, вирусли касалликларни бошидан кечирган одамларда «иммун дум» деган нарса пайдо бўлади. У уч ойдан олти ойгача давом этиши мумкин. Бу қонуний ҳолат. Одам касалланганида иммунитет ўз хўжайинини қутқариш учун бор кучини сарфлаган. У кучайишга ишлагани учун, энди тикланишга вақт керак.
— Янги коронавирус инфекциясининг профилактикаси сифатида витаминлар қабул қилишни тавсия этишмоқда. Масалан, C ва D витаминларини гўёки катта дозаларда қабул қилиш керак эмиш. Бу қай даражада хавфсиз? Жазирама қуёш остида яшайдиган мамлакатимиз аҳолиси D витаминини қабул қилиши шартми?
— Витаминларни профилактика мақсадларида қабул қилиш интерферон индукторлари ва иммуностимуляторларни қабул қилишдан кўра хавфсизроқ. C витамини (аскорбин кислотаси) томир деворларини мустаҳкамлайди ва антиоксидант ҳисобланади. Ҳужайраларнинг муддатидан олдин нобуд бўлишига йўл қўймаслик учун C витамини антиоксидант сифатида тайинланади. Мен катта дозаларни қабул қилиш тарафдори эмасман, чунки C витамини сийдик кислотали диатезни ва бошқа ҳолатларни чуқурлаштиради. Оддий дозаларда эса бемалол қабул қилиш мумкин.
D витамини организмда ультрабинафша нурланиш спектри таъсирида ҳосил бўлади. Аммо, гап шундаки, эрталаб соат 9-10 да бу нурланиш тугайди ва биз яшайдиган инфрақизил нурланиш бошланади. У жуда зарарли. Иккинчидан, ультрабинафша нурлар кийим кўринишидаги тўсиқни енгиб ўтолмайди. Статистика маълумотлари кўрсатишича, одамларнинг кўпчилигида D витамини танқислиги мавжуд, шу боис уни ташқаридан қабул қилиш керак. Унда токсик дозалар мавжудлигини ҳисобга олган ҳолда, унинг даражасини мониторинг қилган маъқул. Таҳлил топшириш ва зарур дозани белгилаб олса бўлади. Организмида ушбу витамин нормал миқдорда бўлган кишиларда касаллик сезиларли даражада енгил ўтади.
Рух ва селен – иммун мақоми билан жуда яхши ишлайдиган микроэлементлардир. Афсуски, рух ва селен моддалари миқдорини лабораторияларда аниқлашмайди, аммо уларни озуқа қўшимчаси деб ҳисоблашади. Улар ёрдам беради ва зарар етказмайди. Рухни узоқ вақт қабул қилиш мумкин эмас – кўпи билан бир ой, кейин танаффус қилиш керак. Селен саримсоқпиёзда бор – уни ейиш мумкин.
Кўп суюқлик ичиш муҳим. Суюқлик бу ҳужайраларимизнинг мавжуд бўлиш шаклидир. Одам инфекцияга чалиниб, вирус ҳалқумга тушганида, куч тўплаб пастга йўл олиш учун бироз вақт ўша ерда қолади. Суюқлик ичганда эса, инфект у ердан механик тарзда ювилади ва нобуд бўладиган жойга, яъни ошқозоннинг кислотали муҳитига тушади.
— Лимондан тайёрланган «лимонад» ва бикарбонатнинг ҳамда қорин билан ётиб ухлашнинг фойдаси ҳақидаги интернет-маслаҳатларга изоҳ берсангиз?
— Вирусдан ҳимоя нуқтаи назаридан лимон ва сода мутлақо бефойда. «Лимонад» билан субатрофик гастритга эга ва организмида хлорид кислотаси ишлаб чиқарилмайдиган кишиларга зарар келтириш мумкин. Сода ичиб, ҳатто бор нарсани ҳам йўқ қилишади. Хлорид кислотаси эса ошқозон-ичак трактини нафақат коронавирусдан, балки бошқа микроблардан ҳам жуда яхши ҳимоя қилади. Ишқорлайдиган маҳсулотларни истеъмол қилган маъқул.
Уйқуга тўхталадиган бўлса, қулай тарзда ухлаш керак. COVID-19’га чалинган кишига тўғри келадиган нарса соғлом одамга тўғри келмайди. Коронавирус инфекцияси аломатларига эга беморларни шифокорлар ҳақиқатдан ҳам қоринга ётқизиб қўйишади. Бунда беморнинг ҳолати яхшиланади. Бу стационарлар учун тўғри позиция, лекин маиший турмушда ярамайди.
— Ҳозир пулсоксиметрларни (сатурацияни ўлчаш учун асбоблар – муаллиф изоҳи) харид қилиш шартми? Улардан уйда фойдаланиш қийин бўладими?
— Пулсоксиметр фойдаланиш учун мураккаб асбоб эмас, мен уни уйда бўлгани маъқул деб ҳисоблайман. Зарур бўлганида у ёрдам бериши мумкин.
Кўпчилик менга қўнғироқ қилиб «Нима қилиш керак» деб сўрайди. Биринчидан, сатурацияни (қонда кислород миқдорини) тўғри ўлчаш лозим. Бемор COVID-19’га чалинган (ҳид билиш, таъм билиш ёки оғизда ғалати таъмнинг мавжудлиги, беҳоллик, суяклар ва мушакларнинг зирқираб оғриши, ЎРВИ клиникаси) бўлса ҳам, ПЗР-тест инфектни кўрсатмайдиган ҳолатлар ҳам бўлади. Ёмон сатурация ташқи томондан ҳеч қандай намоён бўлмайди – одам одатдагидай ўтириши ва суҳбатлашиши мумкин. Шу боис уни шунчаки кузатиш ва аломатлардан қатъи назар, кўрсаткичларни қайд этиб бориш керак.
Изоҳ (0)