Қайталанган коронавирус ваҳималари билан ўтган июль ойининг учинчи ҳафтасини ҳам тугатдик. Ҳар доимгидек, ҳафталик дайжестимизни бошладик.
Кавказдаги тугамас ғавғо
Ҳафта Озарбайжон ҳамда Арманистон чегарасида юз берган қуролли тўқнашувлар билан бошланди. Икки давлат қўшинлари ўртасидаги тўқнашув Озарбайжон шимоли-ғарбидаги Товуз вилояти ҳудудида 12 июлда содир бўлди. Бу тўқнашув бир неча кун давом этди ва ҳафта давомида кўпчиликнинг диққат марказида бўлди.Бокунинг маълум қилишича, Ереван ўт очиш режимини бузган озарбайжонлик ҳарбийларнинг позицияларини артиллериядан ўққа тутган. Озарбайжон Мудофаа вазирлиги матбуот хизмати қуролли тўқнашув оқибатида уч нафар ҳарбий хизматчи ҳалок бўлганини эълон қилди. Дастлаб ҳужумни қайтарган чавуш (сержант) ва аскар ҳалок бўлгани маълум қилинган. Кейинроқ эса яна бир аскар олган жароҳатлари оқибатида шифохонада вафот этган.
Арманистон Мудофаа вазирлигининг маълумотларига кўра, бир гуруҳ озарбайжонлик аскарлар юк машинасида давлат чегарасини бузиб ўтишга уринган. Огоҳлантиришдан кейин Озарбайжон аскарлари автомобилни ташлаб қочган ва беркинган, бироқ бир соатдан сўнг артиллериядан ўт оча бошлашган. Арманистон қуролли кучлари бунга жавобан ўт очган ва ҳужумни қайтарган. Ереваннинг таъкидлашича, улар томондан ҳеч кимга жароҳат етмаган.
Арманистон Мудофаа вазирлиги матбуот котиби Шушан Степанян ўзининг Facebook’даги саҳифасига Озарбайжон қуролли кучлари арман ҳарбийларининг позициясини яна ўққа тутишни бошлагани ҳақида изоҳ ёзиб қолдирди. «Икки-уч соатлик узилишлардан сўнг душман тараф провакацион ҳаракатларни қайта бошлаб, арман позициясига қарата ўт очди», деб ёзади Степанян.
15 июль куни Озарбайжон мудофаа вазири ўринбосари Керим Валиев отишма натижасида икки нафар юқори лавозимли ҳарбий ҳалок бўлганини маълум қилган. «Бугун тонгда генерал майор Пўлат Гашимов, полковник Илгар Мирзаев қаҳрамонларча ҳалок бўлди», деган Велиев. «Афсуски жанглар йўқотишларсиз бўлмайди. Мудофаа вазирлиги раҳбарияти номидан ҳарбийларнинг вафоти муносабати билан уларнинг оила аъзоларига чуқур ҳамдардлик изҳор этаман. Ишонтириб айтаманки, бизнинг шаҳид кетган ўғлонларимиз ва яраланган аскарлар учун, албатта, қасос олинади», дея таъкидлаган вазир ўринбосари.
Ушбу воқеалар фонида Озарбайжон пойтахти Боку шаҳрида мамлакат қуролли кучларини қўллаб-қувватлаш мақсадида ноқонуний митинг ўтказилган. Митинг иштирокчилари «Шаҳидлар ўлмайди, Ватан бўлинмайди», «Қорабоғ» ва «Қорабоғга озодлик» шиорлари остида чиқиш қилди. Шунингдек, йиғилганлар ҳарбий ҳаракатларни қайта бошлашга чақириб, «ўзларига қурол берилишини» талаб қилиб бақирган.
Репорт нашрнинг ёзишича, минглаб ёшлар мамлакат байроғини кўтариб олиб, «Шаҳидлар аллеяси»дан юриб ўтган. Шу турдаги митинглар Озарбайжоннинг бошқа шаҳарларида ҳам ўтказилган. Мамлакат президенти Илҳом Алиев мамлакатининг Арманистон чегарасида ҳарбий ҳаракатларни бошлашга интилмаганини маълум қилди.
Воқеага БМТ бош котиби Антони Гутерриш ҳам муносабат билдирган. Гутерриш икки мамлакат чегараси бўйлаб отишмалар, жумладан, оғир қуроллар қўлланилиши ҳақидаги хабарлардан хавотирда эканини айтди. Бош котиб Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти (ЕХҲТ) Минск гуруҳининг Тоғли Қорабоғ можаросини ҳал қилиш борасидаги ҳаракатларини тўлиқ қўллаб-қувватлашини билдирди.
Аввалроқ Европа Иттифоқи (ЕИ) илгари Озарбайжон ва Арманистон чегарасида қуролли тўқнашувни тўхтатишга чақирганди. Европа Иттифоқи ЕХҲТ кузатувчилари ёрдамида мониторингни қайта бошлашни таклиф қилди. Россия Ташқи ишлар вазирлиги бундан кейин низони кучайишига йўл қўйилмаслигини маълум қилди ва вазиятни барқарорлаштиришда ёрдам беришга тайёрлигини билдирди.
Ўзбекистон томони ҳам ҳодисага ўз муносабатини билдирди. Ўзбекистон Ташқи ишлар вазирлиги Озарбайжон—Арманистон чегарасида юз берган қуролли можарони сиёсий-дипломатик музокаралар асосида ҳал қилишга чақирди. Бу ҳақда вазирлик матбуот хизмати хабар берди. «Ўзбекистон Республикаси Озарбайжон—Арманистон чегарасида инсонларнинг қурбон бўлишига олиб келган вазиятдан жиддий ташвишда эканини билдиради», дейилади вазирлик баёнотида.
Ўзбекистон ТИВ томонидан қайд этилишича, мазкур ҳудуддаги ҳолатнинг янада кескинлашиши тинч аҳоли орасида қурбонлар бўлишига олиб келиши, МДҲ ҳудудидаги муҳим иқтисодий алоқалар ва коммуникацияларни бузиши, минтақавий хавфсизликка зарар етказиши мумкин. Шу сабабли Ўзбекистон томонларнинг ўта сабр-тоқатли бўлиши тарафдори ва ҳолатни барқарорлаштириш ҳамда мазкур вазиятдан чиқиш учун сиёсий-дипломатик музокараларга чақирди. Шунингдек, вазирлик можаро оқибатида ҳалок бўлганларнинг оила аъзолари ва яқинларига таъзия билдирган.
Вазият 15 июлга келиб сокинлашган. Сўнгги 30 йилдан буён Арманистон ва Озарбайжон ўртасидаги муносабатлар Тоғли Қорабоғ ҳудуди сабаб ёмонлашган. Минтақа Озарбайжон ҳудудида жойлашган бўлса-да, 1991 йилда унинг таркибидан чиққан. Тан олинмаган ушбу республика ҳудудида асосан арманлар истиқомат қилиб келади. Икки мамлакат ўртасидаги чегарада мунтазам қуролли тўқнашувлар содир бўлиб туради.
Европада сиёсий жараёнлар
Пандемия бироз юмшаган Европада сиёсий жараёнлар яна ўз изига қайтмоқда. Жумладан, Францияда янги ҳукумат шаклланган бўлса, Польшада президентлик сайловларининг иккинчи тури бўлиб ўтди. Сайловларда Польшанинг амалдаги президенти Анжей Дуда президентлик сайловларининг иккинчи турида 51,21 фоиз овоз тўплади ва мамлакат президентлигига қайтадан сайланди. Президентлик сайловларининг иккинчи турида овоз берувчиларнинг 68,12 фоизи иштирок этган. Бу 1989 йилдан буён кузатилган энг юқори кўрсаткич ҳисобланади. Маълумотларга кўра, Дуданинг рақиби — Варшава мэри Рафал Тшасковский эса 48,79 фоиз овоз тўплаган.Польшада президентлик сайловларининг биринчи тури 28 июнь куни бўлиб ўтган эди. Унда Дудани сайловчиларнинг 43,5 фоизи қўллаб-қувватлаган бўлса, Тшасковскийда ушбу кўрсаткич 30 фоиздан бироз ошган. Эслатиб ўтамиз, Польшада президентлик сайловлари 10 май куни ўтказилиши керак эди, бироқ сайловлар «мухолифот томонидан бу йилги президентлик сайловларини конституцияда белгиланган муддатда ўтказиш имконини берувчи барча конструктив таклифларни қабул қилишдан бош тортгани» муносабати билан қолдирилган эди. Амалдаги президент Анжей Дуда 2015 йилги сайловларда 51,55 фоиз овоз тўплаб ғолиб чиққан эди.
Ливиядаги можаролар
Ўтган ҳафта Ливия парламенти — мамлакат шарқидаги Тобрук шаҳрида жойлашган Вакиллар палатаси Миср қуролли кучларига Ливия можаросига аралашишга рухсат берди.Ливияда узоқ вақтдан бери иккита ижро ҳукумати параллел равишда фаолият кўрсатмоқда: БМТ томонидан тан олинган ва Триполида жойлашган миллий келишув ҳукумати ҳамда Халифа Ҳафтарнинг Ливия миллий армияси томонидан қўллаб-қувватланувчи мамлакат шарқида жойлашган Абдулла Абдураҳмон ат-Танининг вақтинчалик маҳкамаси. Улар ўртасидаги қарама-қаршилик 2011 йилдан бери давом этиб келмоқда.
Вакиллар палатаси эса Халифа Ҳафтар ҳукумати назорати остида фаолият олиб боради. «Биз икки қардош халқлар, Ливия ва Мисрни босқинчилар устидан ғалаба қозониш ва мамлакатимиз ва минтақамизда умумий хавфсизлик ва барқарорликни сақлаш учун биргаликда ҳаракат қилишга чақирамиз», дейилади баёнотда. Вакиллар палатаси, Миср томони «икки мамлакат хавфсизлигига таҳдид солаётганини» кўрса, можарога аралашиши лозим, деб ҳисоблайди. Аввалроқ, Миср президенти Сиси мамлакат қуролли кучларига Ливия ҳудудига бостириб киришга тайёргарлик кўриш ҳақида буйруқ берган эди.
Ливиядаги можарога бугунги кунда Туркия, Россия, БАА, Миср, Франция, Саудия Арабистони каби давлатлар ҳам аралашмоқда. Жумладан, Туркия январь ойидан буён Ливия ҳудудида расмий тан олинган Миллий келишув ҳукуматини қўллаб-қувватлаб Халифа Ҳафтар қўшинларига қарши ҳарбий амалиётлар олиб бораётган бўлса, Франция, БАА, Миср, Саудия Арабистони, Россия каби давлатлар Халифа Ҳафтарни қўлламоқда. Ливияда сиёсий инқироз 2011 йилги давлат тўнатиришидан буён давом этиб келмоқда ва бунинг натижасида минглаб одамлар ўз бошпасанидан айрилиб, уруш бўлаётган ҳудудлардан қочиб юришга мажбур бўлмоқда.
АҚШдаги ўлим жазоси
Ўтган ҳафта бошида, 13 июль куни АҚШда 2003 йилдан буён илк бор федерал даражадаги ўлим жазоси ижро этилди. Маълумотларга кўра, 1996 йилда уч кишидан иборат оиласини ўлдирган 47 ёшли Даниэль Льюис Ли қатл этилди. У 2003 йилдан буён биринчи бор АҚШда федерал даражада ўлим жазоси ижро этиладиган тўртта жиноятчидан бири ҳисобланарди. Уларнинг барчаси болаларни ўлдиришда айбдор деб топилган ва белгиланган жазо июль август ойлари амалга оширилади.Жиноятчи ўлими олдидан айбдор эмаслигини таъкидлаган. АПънинг қайд этишича, Ли ультраўнглар гуруҳи аъзоси бўлган. Қатл қилиниши олдидан: «Мен бу ишни қилмаганман. Сиз бегуноҳ одамни ўлдираяпсиз», деган. Федерал даражадаги жиноятлар учун (жумладан, гиёҳванд моддалар, қурол савдоси, болаларга нисбатан зўравонлик ва уларни ўғирлаш) ўлим жазоси тайинланиши ҳақида АҚШ адлия вазирлиги 2020 йил июнь ўрталарида маълум қилганди. Июль ва август ойларида яна уч жиноятчига нисбатан ўлим жазоси ижро қилинади.
2003 йилдан бери АҚШда ўлимга сабаб бўладиган инъекциялар қоидаларида келишилмаган жиҳатлар борлиги сабабли жиноятчини қатл қилиш жазоси амалга оширилмай келаётганди. Федерал даражадаги ўлим жазолари ҳукми чиқарилиши эса давом этаётганди.
АҚШнинг айрим штатларида ҳам штат даражасидаги жиноятлар учун ўлим жазоси тайинланади ва ижро қилинади. Death Penalty Information Center маълумотларига кўра, 2019 йилда ўлим жазоси Алабама, Жоржия, Теннесси, Флорида, Миссури, Жанубий Дакота штатларида ижро этилган. Деярли барча маҳкумлар (22 нафар) танага инексия юбориш йўли билан ўлдирилган. 2019 йилдаги маълумотларга кўра, АҚШда 2 600 дан ортиқ маҳбус ўлим жазосига ҳукм қилинган. Федерал доирада эса 62 кишига шундай жазо тури тайинланган.
Исёнкор ишчилар
Ўтган ҳафтада Россиянинг Амур вилоятида газни қайта ишлаш заводи қурилишини амалга ошираётган Renaissance Heavy Industries компанияси ишчилари уч ой давомида маош олмагани сабабли исён кўтарди. Ҳолат акс этган видеони База тақдим этди. Renaissance Heavy Industries компанияси «Газпром»нинг пудратчиси сифатида Амур вилоятидаги газни қайта ишлаш заводи қурилишида иштирок этмоқда.Видеода бир гуруҳ ишчилар Renaissance Heavy Industries компанияси офиси эшикларини тепиб, техникаларни синдираётгани акс этган. Шунингдек, видеода «Ур, синдир» деган сўзлар эшитилган. Ишчиларнинг сўзларига кўра, улар уч ойдан буён иш ҳақини олмаётгани сабабли мазкур ишга қўл урган.
Норозилик билдираётган ишчиларни тинчлантириш учун махсус топшириқлар бўйича милиция отряди жалб этилди. Вилоят прокуратураси томонидан маълум қилинишича, ҳолат юзасидан хорижлик ишчиларнинг меҳнат ҳуқуқининг бузилиши бўйича текширув бошланган. Шу билан бирга, тартибсизликни юзага келтирган ишчиларга нисбатан «Безорилик» моддаси билан жиноят иши қўзғатилган.
Ўзбекистоннинг Россиядаги элчихонаси 13 июль куни Амур вилоятидаги вақтинчалик вахта шаҳарчасида Ўзбекистон фуқаролари иштирокида юз берган ҳодисани назоратга олган. «Бўлиб ўтган ҳодиса тафсилотларини аниқлаш ҳамда Ўзбекистон фуқароларининг қонуний ҳуқуқ ва манфаатлари ҳимоясини таъминлаш мақсадида воқеа жойига элчихона бош консули етиб борди», дейилади хабарда.
Россиянинг Амур вилояти гурбернатори Василий Орлов Renaissance Heavy Industries пудратчи компанияси вакиллари ҳамда Амур газни қайта ишлаш заводи қурувчилари ўртасидаги тўқнашувдан кейин ишчиларга турли шаклдаги ёрдамлар таклиф қилинганини билдирди. Орлов 13 июль куни заводга борган ва ишчилар билан учрашган, завод ҳудудида компания раҳбарлари, қурувчилар етакчилари, ҳуқуқ тартибот ва назорат органлари ходимлари иштирокида учрашув ўтказилган.
«Ишчиларга иқтисодий томондан кўмак таклиф қилинди. Ушбу маблағ ичига карантин давридаги компенсация пули ва вахтада олти ой ва ундан кўпроқ бўлганларга бир марталик маош миқдоридаги тўлов ҳам киритилди. Renaissance Heavy Industries компанияси ушбу чоралар кўрилишига кафил бўлди. Пандемия даврида ишчиларни ҳар томонлама қўллаб-қувватлаш масаласи ўткир муаммо ва қурувчиларда чарчоқ мавжуд. Биз мазкур муаммога яқин орада барҳам берилишига умид қиламиз», дея Орлов сўзларини келтирган «РИА Новости».
Қайд этилишича, қурилиш майдончасидаги асосий ишлар тегишли тартибда давом этмоқда ва лойиҳага, тахминан, 29 минг нафар ишчи жалб қилинган. «Қурилиш майдонларида ҳуқуқ-тартибот идораларининг ходимлари ҳам иш фаолиятини давом эттирмоқда», дейилади вилоят маъмуриятининг баёнотида. Россиядаги маош билан боғлиқ худди шундай яна бир ҳолат Петербург шаҳрида ҳам юз берди. Унда ҳам ўзбекистонлик меҳнат муҳожирлари ўз иш ҳақини талаб қилин намойиш ўтказган.
Санкт-Петербургдаги «Лахта центр» қурувчилари маошларини сўраб норозилик намойиши ўтказди, деб ёзади 47News. Маълумотларга кўра, митингда 500 га яқин ишчи иштирок этган. Журналистларнинг сўзларига кўра, норозилик намойиши иштирокчиларининг аксарияти хорижлик ишчилар бўлиб, раҳбариятдан ўзларининг тилида бир қатор нарсаларни талаб қилган. Журналистларнинг саволларига эса «маош», «апрель», «май» деган сўзлар билан жавоб қайтаришган. Митингга полициячилар ҳам етиб келган, бироқ улар ҳеч кимни қўлга олмаган.
«Барча ишчилар меҳнат қонунчилигига мувофиқ маош олмоқда. Ишчиларнинг талаблари муҳокама қилиняпти, хусусан, Ўзбекистон консули билан биргаликда», деб хабар беради «Лахта центр» бош пудратчиси ҳисобланувчи «Ренессанс Констракшн» компанияси. Бундан ташқари, шу турдаги норозилик акцияси 17 июль куни Шереметево аэропортининг биринчи учиш-қўниш йўлагидаги қурилиш майдончасида ҳам бўлиб ўтган. Telegram’даги База каналининг ёзишича, у ерга юздан ортиқ ишчилар тўпланиб, ваъда қилинган маошларини талаб қилган.
Коронаинфо
Ўтган йилнинг декабрь ойидан буён дунёни титратиб келаётган COVID-19 пандемияси ҳамон давом этмоқда. Касаллик ҳолатлари жуда тезлик билан ўсиб бормоқда. Ўтган ҳафта давомида касалликка чалиниш ҳолатлари бир миллиондан кўпни ташкил қилди. Хусусан, ҳафта бошида дунёда касалликни юқтирганлар сони 13 миллиондан ошган бўлса, 18 июлга келиб касалланганлар сони 14 миллиондан ошди.Ҳафта давомида Бразилияда касалланганлар сони яна ошиб, икки миллиондан кўпайди, Ҳиндистон эса касалликка чалинганлар сони бир миллиондан ошган учинчи мамлакат бўлди. Касаллик энг кўп аниқланган давлат АҚШ бўлиб турибди. Мамлакатда мазкур касалликни юқтириб олганлар сони 3,5 миллиондан ортиқни ташкил қилмоқда. Ундан кейинги ўринларда Бразилия ва Ҳиндистон бормоқда.
Бутун дунёда касаллик қурбонлари сони 605 мингдан ортиқни ташкил қилмоқда. Бу касалликка чалинганларнинг 4 фоизи демакдир. Касалликдан даволанганлар сони эса 8,6 миллион, яъни 60 фоизни ташкил қилади. Бугунги кунда касалликдан даволанаётганлар сони 5,2 миллионни ташкил қилмоқда.
Жаҳонгир Остонов тайёрлади.
Изоҳ (0)