Молия вазирлиги Инқирозга қарши курашиш жамғармасининг даромад ва харажатлари ҳақида маълумот берди. Унга кўра, 17 июль кунига қадар  жамғарма ҳисобига жами 7,44 триллион сўм келиб тушган. Улардан 7,32 триллион сўми халқаро молия институтларининг имтиёзли кредитлари, 123,5 миллиард сўм эса давлат бюджети ҳисобидандир. Жамғармадан 6,4 триллион сўм сарфланган.

Фото: «Дарё»

Ижтимоий соҳа

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан энг кўп маблағ мамлакат ижтимоий соҳасига — жами 2,2 триллион сўм (+1,3 трлн сўм) йўналтирилган. Бунда, маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • 512 миллиард сўм шаҳарлар ва кўча йўлларини таъмирлаш ишларига;
  • 311 миллиард сўм ижтимоий нафақаларга;
  • 298 миллиард сўм умумтаълим ва ихтисослаштирилган мактабларни қуриш, реконструкциялаш, жиҳозлаш ишларига;
  • 200 миллиард сўм банд бўлмаган фуқароларни вақтинчалик ишларга жалб қилиш учун Жамоат ишлари жамғармасига;
  • 181 миллиард сўм Тошкент шаҳар маҳаллий бюджетига ссуда сифатида;
  • 138 миллиард сўм мактабгача таълим муассасаларини қуриш, реконструкция қилиш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш ишларига
  • 117 миллиард сўм бюджетдан ташқари Пенсия жамғармасига субсидия;
  • 100 миллиард сўм Президент мактабларини қуриш ва жиҳозлаш ишларига;
  • 80 миллиард сўм кам таъминланган оилаларда яшовчи хотин-қизларни қўллаб-қувватлаш учун Касаба уюшмалари федерациясига;
  • 78 миллиард сўм маҳаллий бюджетларга солиқ имтиёзлари берилиши натижасида даромадлар етишмовчилигини қоплаш учун;
  • 54 миллиард сўм «Ўзтемир йўловчи» АЖнинг фуқароларни манзилларига етказиб қўйиш харажатлари;
  • 50 миллиард сўм ишсиз, кам таъминланган оилаларга шахсий томорқаларини ривожлантиришга;
  • 24 миллиард сўм «Тошкент метрополитени» ва «Тошшаҳартрансхизмат» ходимларига иш ҳақи тўлаш учун;
  • 20 миллиард сўм «Агробанк» АТБга аҳоли бандлигини таъминлаш учун кредит линиялари;
  • 20 миллиард сўм карантиндаги фуқароларни доимий яшаш манзилларига олиб бориб қўйиш ҳамда хорижий давлатлардан қайтиб келган фуқароларни карантин ҳудудларига ташиш харажатлари;
  • 9 миллиард сўм «Ўзавтотранссервис» ва «Тошшаҳартрансхизмат» транспорт харажатларини қоплашга.

Иқтисодиётни қўллаб-қувватлаш

Мамлакат иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш учун жами 2 триллион сўм (+320 миллиард сўм) сарфланган. Шундан 500 миллиард сўм «Иссиқлик электр станциялари» АЖ корхоналарига, 401 миллиард сўм эса «Ўзбекнефтгаз» АЖга субсидия сифатида, 250 миллиард сўм «Ҳудудий электр тармоқлари» АЖга ссуда сифатида берилган.

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан 300 миллиард сўм маблағ туман бюджетларига ер майдонларидан фойдаланиш учун ажратилган.

Шу билан бирга, авиация соҳасига жами 507 миллиард сўм сарфланган (406 миллиард сўм Uzbekistan Airways ва 101 миллиард Uzbekistan Airports’га ссуда сифатида берилган). Ўз ўрнида, туризм соҳасини қўллаб-қувватлаш жамғармасига 20 миллиард сўм ажратилган.

Қолган 40 миллиард сўм эса «Биринчи Резинотехника заводи» МЧЖнинг харажатларини қоплаш учун сафарфланган.

Эътиборли жиҳати, «Gazeta.uz»нинг маълум қилишича, «Биринчи резинотехника заводи» (БРЗ) 2014 йилда «Ўзкимёсаноат» буюртмасига биноан Хитойнинг Poly Technologies компанияси томонидан 183,96 миллион доллар эвазига қурилган.

Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги

Инқирозга қарши курашиш жамғармасидан Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги ҳисобига 907 миллиард сўм (+262 миллиард сўм) ўтказилган. Ушбу суммадан 375 миллиард сўм тест тизимлари, реактивлар ва ҳимоя воситаларини сотиб олиш учун сарфланган.

202 миллиард сўм фуқароларни карантинда сақлаш билан боғлиқ харажатларга ва 76 миллиард сўм уларнинг овқатлантиришга; 25 миллиард сўм жамоат жойларини дезинфекция қилиш ишларига, 9 миллиард сўм эпидемиологик ҳолат билан курашиш бўйича тадбирларга сарфланган.

Бундан ташқари, карантин тадбирлари ва коронавирусга қарши курашда иштирок этаётган тиббиёт ходимлари ва бошқа ходимларга қўшимча рағбатлантириш учун тўловларга 301 миллиард сўм сарфланган. 11 миллиард сўм махсус автотранспорт воситаларини харид қилиш учун яратилган.

Шифохоналарни қуриш ва жиҳозлаш

Жами 684 миллиард сўм (+140 миллиард сўм) шифохоналар ва карантин мажмуаларини қуриш ва жиҳозлаш учун сарфланган. Ушбу маблағнинг 354 миллиард сўми 10 минг ўринли махсус шифохоналар қуриш учун, 251 миллиард сўм 20 минг ўринли аҳолини вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуасини қуриш учун, 69 миллиард сўм Қорақалпоғистон Республикаси, Самарқанд ҳамда Сурхондарё вилоятларида ташкил этиладиган махсус шифохоналар ва вақтинчалик карантинда сақлаш мажмуаларига, шунингдек, 10 миллиард сўм диагностика лабораторияси мажмуаси реконструкциясига сарфланган.

Сув таъминоти ва ирригация тадбирлари

Харажатлар қаторида 602 миллиард сўм (+29 миллиард сўм) сув таъминоти ва ирригация тадбирларига йўналтирилган.

Бунда, ажратилган маблағлар қуйидагича тақсимланган:

  • 335 миллиард сўм ирригация объектларини қуриш ва реконструкцияси учун;
  • 153 миллиард сўм Уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш вазирлигига ичимлик суви таъминоти ва оқава сув чиқариш тизимларини қуришга;
  • 61 миллиард сўм «Ҳудудий сув таъминоти» МЧЖга ссуда тариқасида ажратилган маблағлар;
  • 53 миллиард сўм Давлат экология қўмитасига ссуда сифатида.

Эслатиб ўтамиз, Инқирозга қарши жамғармаси Президент коронавирус пандемияси ва глобал инқирозли ҳодисаларнинг иқтисодиёт тармоқларига салбий таъсирини юмшатиш бўйича биринчи навбатдаги чора-тадбирлар доирасида 2020 йилнинг март ойида тузилган. Май ойида жамғарма маблағларининг 3,306 миллиард сўми ишлатилган бўлиб, уларнинг аксарияти (1,4 триллион сўм) иқтисодиётни қўллаб-қувватлашга йўналтирилганди.