«Немис тўлқини» – Deutsche Welle (DW) сайтида АҚШ, Хитой ва БАА давлатларининг Марс миссияларидан кўзланган мақсад ва улардаги ўзига хосликлари ҳақидаги мақола эълон қилинди. «Дарё» ушбу мақолани таржима тариқасида тақдим этади.

2020 йилнинг кузига қадар Марсга бирданига уч мамлакатнинг – АҚШ, Хитой ва Бирлашган Араб Амирликларининг миссиялари парвозга чиқади. Ушбу лойиҳаларнинг техник ечимлари ҳамда ўзаро тафовутлари ҳақида ҳикоя қиламиз.

Фото: Picture Alliance

Тахминан ҳар бир-ярим, икки йил муддатда Қуёш системасидаги сайёралар шундай қулай тарзда тартибланадики, натижада Ердан Марсга парвоз бошқа пайтлардаги каби 9 ой эмас, 7 ойгача қисқаради. Бу эса нафақат вақтдан, балки ракета ёқилғисидан ҳам ютиш имконини беради. Жорий ёзда айнан шундай имконият бор.

NASA анъанавий равишда ушбу имкониятдан фойдаланиб келади. Охирги саккизта шундай имкониятдан олтитасида Американинг Марс миссиялари стартга чиққан. Лекин бу сафар қизил сайёрага яна икки мамлакатнинг: БАА ва Хитойнинг ҳам космик аппаратлари парвоз қилиши кутиляпти.

NASA Марсга бир неча бора миссия юборган бўлса-да, Хитой ва БАА бу борада ҳали янги ҳисобланади ва шунга қарамай, уларда кўп йиллик тажриба мавжуд бўлмаса-да, уларнинг космик дастурини ҳам анчайин муваффақиятли дейиш мумкин. Ушбу учала Марс миссиясининг вазифалари, техник ўзига хосликлари ва фарқлари ҳақида қуйида баён қиламиз.

NASA миссияси: Марсда ҳаёт борми?

NASAнинг «Марс-2020» миссиясининг марсоходи Perseverance («Қатъият») номини олган. Ушбу номни 2019 йилда NASA томонидан мактаб ўқувчилари ўртасида «Роверга ном ўйлаб топ» номли танлов эълон қилингач келиб тушган 28 мингдан зиёд таклифлар орасидан танлаб олинган. Кўнгиллилардан иборат ҳайъат шунча таклиф орасидан бештасини танлаб олган ва кейин NASA сайтида беш кун давомида онлайн овоз бериш орқали ғолиб аниқланган.

Фото: Picture Alliance

Натижада еттинчи синф ўқувчиси Александр Мазер таклиф қилган ном ғолиб деб топилган. Энди у ўз оиласи билан Флоридадаги Канаверал бурнидаги космодромдан космик аппаратнинг парвозга чиқишини томоша қилиши мумкин. Шунингдек, яна 155 нафар ярим финалчиларнинг номи Марсга йўл олаётган ровер бортидаги кремнийли микросхемага ёзиб қўйилади.

Парвоз 22 июль билан 11 август оралиғида амалга оширилиши режалаштирилган. Парвоз санасидан келиб чиққан тарзда, марсаход Қизил сайёрага 31 январь билан 18 февраль оралиғида етиб боради. У Марс экваторидан шимолроқдаги Жезеро кратерига қўниши белгиланган. Экспедициянинг асосий вазифаси – Марсда ҳаёт борми деган саволга жавоб олиш ҳамда сайёранинг атмосфераси келгусида ҳаёт учун яроқли бўла оладиган тарзда ўзгара оладими деган масалани ўрганишдан иборат.

Миссиянинг кўзланган мақсадлари ҳақида сўз очилганда, NASA’дагилар Perseverance «сувни излайди» дейишган. Қўниш жойининг танланиши ҳам шу мақсад билан изоҳланади, тахминларга кўра, Жезеро кратери ҳудудида қуриб қолган дарё ўзани ва кўл туби мавжуд деб қаралади. Замонавий асбоблар билан жиҳозланган, шу жумладан, 23 та камера ўрнатилган, вазни 1 043 килограм бўлган ровер Марсда сув бўлган замонларда шаклланган бўлиши эҳтимолига эга тоғ жинсларидан ва тупроқдан намуналар олади; уларда қадимда ҳаёт мавжуд бўлганига ишора қилувчи белгилар бўлиши мумкин.

Perseverance панорамали ва стереоскопик камералар билан таъминланган такомиллаштирилган навигация системаси билан ҳамда экспериментал MOXIE қурилмаси билан жиҳозланган бўлиб, унинг ёрдамида асосан карбонат ангидриддан иборат бўлган Марс атмосферасидан кислород ажратиб олишга уриниб кўрилади. Бундан ташқари, у учувчисиз аппарат – Mars Helicopter аппаратини тепага учириб жойнинг янада батафсил топологиясини ўрганиши мумкин. Аппаратга иккита микрофон ҳам ўрнатилган. NASA’дагилар бу орқали Perseverance Марсни «ушлаб кўриши, тотиб кўриши ва ‘эшитиб’ кўриши мумкин», деб умид қилишмоқда.

Марсоход бурғулаш воситаси ва роботлаштирилган қўл ёрдамида йиғадиган барча тоғ жинслари ва тупроқ намуналари махсус стерил идишларга жойланади ва сайёра сиртида қолдирилади. Уларни Ерга олиб келиш учун NASA 2026 йилда яна бир миссия ташкиллаштирмоқчи.

Фото: Picture Alliance

Хитой: Америкага етиб олиш ва қувиб ўтиш

Хитой экспедицияси Tianwen-1 («Осмонга савол») деб ном олган. Хитойнинг энг буюк шоирларидан бири деб ҳисобланадиган, эрамиздан аввалги 340–278 йилларда яшаб ўтган Сюй Юаннинг шеъри шундай номланади. Миссияга ном бериш борасидаги танлов 2016 йил августининг охирида бошланган эди ва ғолиб 36 минг таклифлар ичидан махсус ҳайъат ва онлайн овоз бериш орқали аниқланган. Уни 2020 йилнинг 24 апрель кунида эълон қилишди – шу куни Хитойда космонавтика куни нишонланади. Хитой миллий космик бошқармаси (CNSA) берган баёнотга кўра, бошқа сайёраларни тадқиқ қилиш бўйича барча режалаштирилган миссиялар ҳам Tianwen деган ном олади.

Шароит тақозосига қараб, шу жумладан, об-ҳаводан келиб чиққан ҳолда, Хитойнинг космик аппарати 23 июль билан 5 август оралиғида, «Чанчжен-5» элтувчи ракетаси ёрдамида Хайнан оролидаги Венчан космодромидан учирилади. Қўниш жойи сифатида тахминан Марснинг Утопия пасттекислиги ҳудуди танланган. У ерга сайёралараро зонд 2021 йилнинг февралида етиб бориши керак.

NASA сингари Хитой миссияси ҳам Марсда ҳаёт нишоналарини излайди ва шунингдек, сайёранинг атмосфераси келгусида колонизация учун мақбул ҳолатга келиши эҳтимолини текширади. Лекин Хитой учун ҳозир бундан ҳам муҳими, ўзининг космик пойгада ҳам етакчи мақомини белгилаш ва исботлаш ҳисобланади. Улар бу борада Қўшма Штатлар билан рақобатда етиб олиб, имкон бўлса ўзиб ҳам кетишмоқчи.

Шу сабабли ҳам Tianwen-1 миссияси америкаликларнинг миссиясидан кўра каттароқ амбицияларни кўзлаган. У Марсга нафақат ровер, балки орбита бўйлаб ҳаракатланиб, сайёрани камера ва радарлар воситасида тадқиқ қилиши керак бўлган орбитал аппаратни етказишни ҳам кўзлаган. Ровер жойлаштирилган қўниш модули, унинг қулашини секинлаштириши керак бўлган  парашют ва двигателлар ва ўзи очиладиган ёстиқчалар воситасида оҳиста қўнишини таъминлаши керак.

Хитой марсоходи Американикидан тўрт марта енгил. У фақат 200 килограмм вазнга эга бўлиб, сирт қатламларининг остини зондлаш учун мўлжалланган радиолокацион станция билан жиҳозланган. Ушбу асбоб Марс сиртига 100 метргача чуқурга кириб бориш ва унинг геологик тузилишини тадқиқ қилиш имконини беради. Шунингдек, тупроқнинг кимёвий таркибини аниқлаб, биомолекула ва биосигнатураларни қидиради.

Фото: Emirates Mars Mission

Бундан ташқари, роверга навигацион ва топографик камералар ҳам ўрнатилган ҳамда иккита детекторли метеорологик ўзгаришларни қайд қилиш асбоби билан жиҳозланган. У Марс сиртининг ва сиртдаги бирикмаларнинг магнит майдонини ҳам тадқиқ қилади. Хитой экспедициясининг асосий ўзига хослиги – радиолокацион системанинг мавжудлигидир. Бундай система Қизил сайёрага биринчи бора элтилмоқда.

БАА: «Умид» иқтисодиётга импулс ва ёшларга илҳом беради

Бирлашган Араб Амирликлари сайёралараро парвозни амалга оширган илк араб мамлакати бўлишни мақсад қилган. БААнинг Марсни тадқиқ қилиш дастури «Умид» деб ном олган. Унинг иккинчи номи «Амирликларнинг Марс миссияси» бўлади. Япониянинг Танегасима космодромидан парвозга чиқиши кўзланган орбитал аппаратни Дубайдаги Муҳаммад бин Рашид номли космик марказда ишлаб чиқишган бўлиб, лойиҳада Колорадо университети ҳамкорлик қилган. У 15 июлдан 13 августгача бўлган оралиқда учирилиши керак. Парвоз Япония ракетаси воситасида амалга оширилади.

Америка ва Хитойнинг Марсни ўзлаштириш дастурларидан фарқли ўлароқ, БААнинг мақсадлари нисбатан камтарона. Уларнинг аппарати Марсни орбитадан туриб кузатади ва сайёранинг турли минтақаларида йил давомида қандай иқлим ҳукм суришини текширади. Шунингдек, Амирликларнинг космик зонди тарихда илк бора Марс атмосферасининг сайёра об-ҳавоси шаклланадиган қисмини, шу жумладан, қумли бўронлар юзага келадиган атмосферанинг қуйи қатламларини тадқиқ қилади. БАА космик станцияси инфрақизил, ультрабинафша ва оддий нурлар диапазонида кузатув олиб борадиган учта камера билан жиҳозланган.

БАА Марсга етиб боришни мамлакат ташкил қилинганлигининг 50 йиллик тантаналаригача амалга оширмоқчи. Байрам 2021 йилнинг 2 декабрида нишонланади. Коронавирус пандемияси туфайли юзага келгани сингари, кўзда тутилмаган вазиятлардан эҳтиёт чора сифатида миссия иштирокчиларнинг маълум қисми Японияга апрель ойидаёқ элтиб қўйилган эди. Агар нимадир сабаб билан парвоз амалга ошмай қолса, унда кейинги қулай фурсатни яна икки йил кутишга тўғри келади.

Миссиядан асосий илмий мақсад бўлган Марс атмосферасини тадқиқ қилиш вазифасидан ташқари, яна шунингдек, кўзланган энг катта муддао мазкур тарихий парвоз орқали мамлакат иқтисодиётига янги импульс бағишлаш ҳам эканини БААда ҳеч ким яшираётгани йўқ. Forbes журналига берган интервьюсида БАА космик дастури раҳбари Омран Шариф «Дастлабки кунданоқ БАА ҳукумати космос бу – янада йирик мақсадларга эришиш учун восита эканини таъкидлаган. Гап тизимни тубдан ўзгартирган ҳолда, илм-фан ва технологияларни мамлакат иқтисоди билан интеграция қилиш ҳақида бормоқда», деб қайд этган.

Миссиянинг яна бир мақсади – минтақа ёшларида илм-фан ва тадқиқотларга бўлган рағбат уйғотишдан иборат. Лойиҳанинг илмий раҳбари бўлмиш Сора Амирийнинг айтишича, ҳозирда ёшлардан ва талабалардан жуда кўплаб сондаги хатлар келмоқда экан ва ушбу хатларда ёшлар миссиянинг илмий жиҳатлари билан қизиқиб, унда иштирок этиш истагини билдиришаётган экан. Амирий «Старт вақтидаги жамланиш масаласига нисбатан ўз муносабатимизни ўзгартиришимизга тўғри келди, биз буни онлайн қилиш имкониятини излаяпмиз», деб таъкидлаган.