Ўзбекистон Президентининг тегишли қарорига асосан Абдуҳаким Мўминович Хожибоев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари этиб тайинланди. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги Жамоатчилик билан алоқалар бўлими хабар қилган.
Бу ҳақда Президент Шавкат Мирзиёев раҳбарлигида 15 июль куни Тошкент шаҳри ва Тошкент вилоятида пандемия билан боғлиқ вазият муҳокамасига бағишланган видеоселектор йиғилишида ҳам маълум қилинган. Мазкур йиғилишда коронавирусга қарши курашни самарали ташкил қилмагани учун Тошкент шаҳар ҳокими Жаҳонгир Ортиқхўжаев ва Соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга ҳайфсан берилган.
Абдуҳаким Хожибоев ушбу лавозимга тайинлангунга қадар Соғлиқни сақлаш вазири ўринбосари, Республика шошилинч тиббий ёрдам илмий маркази бош директори лавозимида фаолият кўрсатиб келаётган эди. У мазкур лавозимга учинчи бор тайинланди, дейилади хабарда.
Аввал Президентнинг 2020 йил 3 июлдаги тегишли қарорларига асосан, соғлиқни сақлаш вазирининг ўринбосарлари лавозимига Элмира Боситхонова, Улуғбек Собиров, Шоҳрух Шораҳметов ҳамда Абдулла Азизов тайинланганди.
19 апрелда Ўзбекистон Президентининг қарори билан Баҳодир Юсупалиев Соғлиқни сақлаш вазирининг биринчи ўринбосари – Ўзбекистон Соғлиқни сақлаш вазирлиги ҳузуридаги Санитария-эпидемиологик осойишталик агентлиги директори лавозимини эгаллаган.
Изоҳ (0)