Президент Шавкат Мирзиёев 14 июль, сешанба куни ўтказилган видеоселекторда мамлакатдаги эпидемиологик вазиятга тўхталиб, аҳоли томонидан турли норозиликлар билдирилаётганини таъкидлади.

Фото: Президент матбуот хизмати

Маълум қилинишича, 8 июль куни бўлиб ўтган йиғилишдан кейин Россия ва Қозоғистон чегарасида тўпланган Ўзбекистон фуқаролари мамлакатга олиб келинган. Эслатиб ўтамиз, ўша йиғилишда давлат раҳбари шу пайтга қадар хорижий давлатлардан 90 мингдан ортиқ фуқаро олиб келингани ва хорижда қолган барча ўзбекистонликлар олиб келинишини маълум қилганди.

Президентнинг қайд этишича, Россиядаги ўзбекистонликларни темир йўл орқали Ўзбекистонга олиб келиш чоралари кўрилмоқда.

Шавкат Мирзиёевнинг таъкидлашича, 14 июль куни соат 14:00 га қадар 402 кишида коронавирус аниқланган. Бироқ Соғлиқни сақлаш вазирлиги 14 июль куни соат 10:00 ҳолатига кўра, касалликка чалиниш бўйича 281 та, соат 17:30 ҳолатига кўра, 121 та янги ҳолат аниқлангани ҳақида хабар берганди.

Таъкидланишича, ҳудудларда карантин чораларининг юмшатилиши ёки кучайтирилиши масаласида вилоят ва туман ҳокимлари қарор қилади.

«Дунё ҳамжамияти, ҳамма курашяпти. Даволаш нуқтаи назаридан, вакцина топиш бўйича жуда катта маблағлар сарфланмоқда. Ҳар куни буни назорат қиляпмиз. Тезроқ олимлар вакцина топганида эди, қаердан, қанча бўлишидан қатъи назар, халқимизга уни етказиб бериш учун ҳамма чораларни кўрамиз. Лекин минг афсус, бу саволга жавоб йўқ ҳозир», — деди давлат раҳбари.

Шавкат Мирзиёев ҳар бир вилоятдаги тўртта секторга ҳудуднинг уч ойлик дори захирасини яратиш, дорихоналарда нархлар ошишининг олдини олиш бўйича топшириқ берди.

Президентнинг айтишича, айни пайтда захиралар етарли, етмаётган маҳсулотлар олиб келинмоқда, бироқ уларнинг жойларга етиб бориши қийин бўлмоқда. Ҳудудларда нарх-наво ҳар хил бўлмоқда.

Шунингдек, давлат раҳбати сектор раҳбарларига ҳудудлардаги бозорларда озиқ-овқат нархини назорат қилиш бўйича кўрсатма берди.

Бундан ташқари, ҳокимларга эрталаб соат 08:00 дан 09:00 гача ва кечқурун соат 21:00 дан 22:00 гача ижтимоий тармоқларда кўтарилган саволларга жавоб бериш вазифаси қўйилди.

«Ҳозир эпидемиологик вазиятимиз жуда оғир. Агар ўзимиз карантинга эътибор қилиб, чора-тадбирлар кўрмас эканмиз, рақамлар кўпайиб кетмоқда. Мени энг безовта қилаётгани — ўлим ҳам кўпаймоқда», — деди Шавкат Мирзиёев.

Шунингдек, Шавкат Мирзиёев мазкур йиғилишда коронавирусга қарши кураш учун мамлакатда барча захира ва имкониятлар мавжудлигини айтди. Бош вазир ўринбосари Беҳзод Мусаев, соғлиқни сақлаш вазири Алишер Шодмоновга бир кун муддатда амалдаги тест-таҳлил топшириш жараёнини қайта кўриб чиқиш, аҳоли учун қулай тизимни ишлаб чиқиш топшириғи берилди. Президент касаллик тарқалмаган ҳудудларда карантинни юмшатиш, қишлоқ хўжалиги ходимларининг бемалол ишлаши, маҳсулотини харидорларга етказиб бериши учун барча шароитни яратиш кераклигини айтди.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 8 июль куни бўлиб ўтган йиғилишда коронавирус жуда мураккаб синов ва оғир кураш бўлишини таъкидлаганди ҳамда жойларда белгиланган қоидаларга амал қилиш борасида сусткашликка йўл қўйилганини билдирганди.