Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг коронавирусга чалингани маълум бўлди. Бу ҳақда Reuters хабар берди.

Фото: Reuters

Президентнинг маълум қилишича, у ўзида ўткир респиратор вирусли касаллик аломатларини сезгач, коронавирусга тест топширган ва тест президентда коронавирус борлигини кўрсатган.

Болсонару оммавий ва давомий равишда коронавируснинг хавфини рад этган кам сонли давлат раҳбарларидан бири ҳисобланади.

Бразилия коронавирусга чалинганлар сони бўйича дунёда иккинчи ўринда турибди. Мамлакатда касалланиш бўйича 1,6 миллионта ҳолат қайд этилган, 65 мингдан ортиқ одам касаллик қурбонига айланган.

Эслатиб ўтамиз, Бразилия президенти Жаир Болсонарунинг коронавирусга чалингани ҳақида март ойида ҳам хабарлар тарқалганди, бироқ президентнинг ўзи бу хабарларни рад этганди. Шундан сўнг у иккинчи марта коронавирусга тест топширганди ва унда касаллик аниқланмаганди.

Аввалроқ коронавирусни тан олмаган Бурунди президенти вафот этганди. У коронавирусга чалинганлик гумони билан касалхонага ётқизилганди.