Агар кузда ўқув муассасаларидаги барча машғулотлар масофавий режимга ўтказиладиган бўлса, чет эллик талабалар АҚШдан кетиши керак, дея маълум қилди «Коммерсантъ» мамлакат иммиграция ва божхона назорати хизматига таяниб.
Худди шу нарса янги талабалар учун ҳам амал қилади. Агар ўқув дастурлари келгуси семестрда дарсларни онлайн шаклда ўтишни талаб қилса, мамлакатга келувчи талабаларга виза берилмайди.
Чекловлар F-1 ва M-1 визалари бўлган талабаларга тегишли ҳисобланади.
F-1 — бу университет, коллеж, мактаб ва бошқа илмий муассасаларда ўқиш учун бериладиган виза. М-1 — академик бўлмаган ёки касбий таълим дастурлари учун бериладиган виза.
«Ҳозирда АҚШда онлайн таълим олаётган талабалар мамлакатдан чиқиб кетишлари ёки бошқа чораларни кўришлари керак. Масалан, бошқа ўқув юртига, кундузги ўқиш шаклига ўтишлари керак. Акс ҳолда улар депортация қилиниши мумкин», — дейилади хабарида.
Эслатиб ўтамиз, июнь ойида АҚШ президенти Дональд Трамп муҳожирларнинг бир қатор виза тури бўйича юқори малакали ишчиларнинг мамлакатга киришини вақтинча чеклаш тўғрисидаги ҳужжатни имзолаган эди. Ушбу ҳаракат ишсиз америкаликлар учун иш жойларини тежашга қаратилган.