Хитойда ўтган бир сутка ичида коронавирус билан касалланиш бўйича 8 та ва касаллик белгисиз ўтаётган 15 та ҳолат аниқланди, деб хабар бермоқда «Интерфакс» Хитой Соғлиқни сақлаш миллий комиссиясига таяниб.
Қайд этилишича, янги аниқланган касалланганларнинг барчаси ва белгисиз касалланганларнинг 14 нафари вирусни четдан юқтирган.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, мамлакатда коронавирус аниқланганларнинг жами сони 84 889 нафарга етди, шундан 79 725 нафари соғайган, 4641 нафари вафот этган.
Жанубий Кореяда эса сутка давомида 44 кишида коронавирус аниқланиб, мамлакатда жами касалланганлар сони 13 181 нафарга етди.
Касалликлар профилактикаси ва назорати маркази (KCDC) маълумотларига кўра, янги касалланиш ҳолатларининг 20 таси мамлакатнинг ўзида, қолган 24 таси четдан юқтирилган.
Қайд этилишича, Жанубий Кореяда коронавирусга чалинганлар сони икки кундан буён 50 минг кишидан ортмаяпти. Бундан аввал кунлик касалланганлар сони 60 кишидан ортиқ бўлиб келаётганди.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, мамлакатда вирусдан соғайганлар сони 11 904 кишига, вафот этганлар сони эса 285 кишини ташкил қилмоқда.
Мамлакат 1 июлдан бошлаб «Ремдесивир» дори воситасини сотиб олишни бошлади. «Ремдесивир» Европа Иттифоқида рухсат олиш учун тавсия қилинган коронавирусга қарши илк дори воситаси ҳисобланади. Бу дори воситаси оғир аҳволдаги беморларни даволашда қўлланилади.
Қайд этилишича, 7 июлга қадар касалхоналар «Ремдесивир» билан бепул таъминланади, 8 июлдан бошлаб эса унинг нархи муҳокама қилинади.