Ўзбекистонда 23 июнь соат 23:00 дан 24 июнь соат 23:00 га қадар коронавирус юқтириб олиш билан боғлиқ 239 та ҳолат қайд этилди. Бу Ўзбекистонда шу кунгача бир кунда коронавирус аниқланиши бўйича рекорд натижадир. Бунгача энг кўп касаллик аниқланган кун 7 июнга тўғри келиб, ўшанда 237 кишида касаллик қайд этилганди. Кун давомида қайд этилган ҳолатлардан сўнг Ўзбекистонда коронавирусга чалинганлар сони 6901 нафарга етди.

Фото: Telegram / @ssvmatbuotkotibi

Янги касалланиш ҳолатлари

Янги касалланганларнинг

  • 207 нафари карантин муассасаларида;
  • 31 нафари аҳоли орасида (Тошкент шаҳрида — 18 нафар, Самарқанд вилоятида — 8 нафар, Тошкент вилоятида — 5 нафар);
  • 1 нафари Тошкент вилоятида халқаро юк ташувчи автомашина ҳайдовчилари орасида аниқланган.

Кун давомида 4 та ҳудудда янги касалланганлар қайд этилди. Ушбу ҳудудларнинг 3 тасида аҳоли орасида коронавирус аниқланди. Аҳоли орасида коронавирус аниқланиши бир кун ичида биттага кўпайди — 30 тадан 31 тага.

Тошкент шаҳрида кун давомида 69 кишида коронавирус аниқланган бўлиб, булардан 51 нафари коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида, 18 нафари аҳоли орасида қайд этилди. Пойтахт кун давомида аҳоли орасида энг кўп коронавирусга чалинганлар аниқланиши бўйича охирги 10 кунда 8 марта етакчи бўлди. Июнь ойида Тошкент шаҳрида фақат 3 июнь куни аҳоли орасида касаллик аниқланмаган.

Тошкент вилоятида аниқланган ҳолатларнинг 10 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлганлар орасида, 5 таси аҳоли орасида, биттаси халқаро юк ташувчи машина ҳайдовчилари орасида аниқланди. Вилоятда 8 кундан бери аҳоли орасида, 11 кундан бери халқаро юк ташувчи машиналар ҳайдовчилари орасида узлуксиз равишда касаллик аниқланмоқда.

Самарқанд вилоятида коронавирусга чалиниш билан боғлиқ 14 та ҳолат қайд этилди. 22 май куни Самарқандда 24 кишида коронавирус аниқланганидан кейин кунлик касалланганлар сони максимум 11 нафарга етаётганди. 24 июндаги касалланиш ҳолатларининг 8 таси эса аҳоли орасида, 6 таси коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинган фуқаролар орасида аниқланди. Самарқандда сўнгги вақтларда, асосан, карантиндагилар орасида касаллик аниқланаётганди. Охирги марта аҳоли орасида бу қадар кўп одамда касаллик аниқланиши 30 майда кузатилганди. Ўшанда ҳам аҳоли орасида 8 кишида касаллик қайд этилган.

Навоий вилоятида 11 июнь куни аҳоли орасида 18 та касалланиш ҳолати қайд этилганидан сўнг вилоятда аниқланаётган янги ҳолатлар коронавирусга чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, карантинга олинганлар орасида қайд этилмоқда. 24 июнда қайд этилган 5 та ҳолат ҳам карантиндагилар орасида аниқланди.

Касалликдан даволаниш

24 июнь давомида 125 нафар фуқаро соғайди. Улардан 116 нафари Тошкент шаҳри, 6 нафари Бухоро, 2 нафари Самарқанд ва 1 нафари Андижон вилоятларидаги тиббиёт муассасаларида шифо топди.

Ҳозирда касаллик қайд этилган жами 6901 нафар бемордан 4685 нафари соғайиб, даволаниш кўрсаткичи 68 фоизни ташкил этмоқда. Даволанишнинг бу қадар паст кўрсаткичи охирги марта 5 май куни қайд этилганди.

17 июнь куни шифохоналардаги беморлар сони биринчи марта 1500 нафардан ошганди23 июнга келиб уларнинг сони 2000 нафардан ҳам ошди. Айни вақтда шифохоналардаги 2197 нафар бемордан 1760 нафари Тошкентдаги тиббиёт муассасаларида даволанмоқда (Сирдарё вилоятидаги беморлар ҳам Тошкент шаҳрига ўтказилган). Қолган 437 нафар бемор мамлакатнинг 9 ҳудудидаги шифохоналарда даволанмоқда.

Қорақалпоғистонда 7, Андижонда 13, Наманганда 28, Бухорода 29, Сурхондарёда 30, Самарқандда 40, Хоразмда 56, Навоийда 57 ва Қашқадарёда 177 нафар бемор қолди. Жиззах ва Фарғона вилоятлари коронавирусдан холи ҳудуд бўлиб турибди.

Аҳволи оғир беморлар ва ўлим ҳолатлари

Айни пайтда тиббиёт муассасаларида даволанаётган 2197 нафар бемордан 14 нафари оғир, 5 нафари эса ўта оғир аҳволда. Бир сутка ичида аҳволи оғир беморлар сони 3 нафарга камайган бўлса, аҳволи ўта оғир беморлар сони 1 нафарга кўпайди. 16 июндан 19 июнгача шифохоналарда биронта ҳам аҳволи ўта оғир беморлар қолмаганди. Энди эса аҳволи ўта оғир беморлар сони июнь ойида энг катта кўрсаткичга чиқди.

15 мартда эпидемия бошланганидан бери Ўзбекистонда 19 нафар бемор COVID-19 асоратлари оқибатида вафот этган. 19-беморнинг вафоти ҳақида 10 июнь куни хабар берилгандиКитоб ва Денов туманлари ҳокимликлари ҳам ўз ҳудудларида коронавирус оқибатида бир нафардан бемор ҳаётдан кўз юмгани ҳақида хабар қилган. Лекин Соғлиқни сақлаш вазирлиги ушбу ҳолатларни тасдиқламаган ва қурбонлар сонига ўзгартириш киритмаган.

Карантиндагилар

Ҳозирда Ўзбекистонда уй карантинида 37 173 нафар, стационар карантинда эса 22 890 нафар фуқаро тиббий кузатувда бўлиб турибди. Бир кун ичида уй карантинидаги фуқаролар сони 879 нафарга, стационар карантиндаги фуқаролар сони 234 нафарга кўпайди.