Ўзбекистон ҳудудида 22 июнь куни ҳаво ҳарорати 39-42 даражагача, жанубий вилоятларда ҳамда Навоий ва Бухоро вилоятларининг чўл ҳудудларида 43-44 даражагача кўтарилади, бундай ҳарорат шу кун учун хос бўлган ўртача кўп йиллик қийматлардан 5-8 даражага юқори. Бу ҳақда «Ўзгидромет» хабар берди.
Маълум қилинишича, 23 июнда Ўзбекистонда ёғингарчилик кутилмайди. Фақат Тошкент вилоятида эрталаб ва кечқурун, шунингдек, Тошкент, Андижон, Наманган ва Фарғона вилоятларининг тоғолди ва тоғли туманларида айрим жойларга қисқа муддатли ёмғир ёғиши ва момақалдироқ бўлиши мумкин. Кундузги ҳарорат сезиларли пасаяди ва 35-40 даража атрофида, жанубда ва чўл ҳудудларида 42 даража иссиқ бўлади. Ҳаво оқимининг ўзгариши билан шамолнинг тезлиги сониясига 15-20 метргача кучаяди.
24—25 июнь кунлари республика ҳудудида об-ҳаво ёғингарчиликсиз бўлади. Ҳарорат кечаси 19-24 даража, кундузи 35-40 даража иссиқ бўлади.
26 июнда мамлакат шимолига, 27 июнда қолган ҳудудларга Волгабўйидан совуқ антициклоннинг кириб келиши кутилмоқда. Ҳаво ҳарорати 8-10 даражага пасайиб, 27-30 даражани ташкил қилади. Қайд этилишича, бу меъёрий ҳароратдан 5-6 даражага паст, тунги ҳарорат эса 19-24 даража бўлади. Совуқ ҳаво фронт ўтиши билан яна шамол кучайиб, сониясига 15-20 метр тезликда эсиши кутилмоқда.
Изоҳ (0)