1815 йилнинг 18 июнь куни Франция императори Наполеон Бонапарт қўшинлари ва инглизлар, нидерландлар ҳамда пруссияликлардан иборат коалицияга қўмондонлик қилган граф Веллингтон қўшинлари ўртасида тарихга Ватерлоо жанги номи билан кирган машҳур жанг бўлиб ўтади. Бу императорнинг фаолиятидаги сўнгги жанг эди. Ушбу жангга бугун роппа-роса 205 йил тўлди. «Дарё» сана муносабати билан анъанавий тарих рукнида жанг тафсилотлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Wikipedia

Тарихий шароит

Наполеоннинг Россия ва Германиядаги мағлубиятидан кейин 1814 йилда Буюк Британия, Россия, Пруссия қироллиги ва Австрия империяларидан иборат коалиция тузилди ва унинг олдига Наполеон ҳукмронлигига барҳам бериш вазифаси қўйилди. Наполеоннинг тажрибасиз ёшлардан тузилган армияси билан қўлга киритган қатор ғалабаларига қарамасдан, 31 март куни Париж таслим бўлди ва генераллар Наполеондан тахтдан воз кечишни талаб қилди. Шундай шароитда 6 апрель куни у тахтдан воз кечгани ҳақидаги қарорни имзолади. 11 апрелда Фонтенблода имзоланган шартномага мувофиқ у Ўрта Ер денгизидаги Эльба оролига фақатгина шу оролда ҳукм юритиш ҳуқуқи ва император номини сақлаган ҳолда сургун қилинди. Мамлакатда Луи XVIII ҳокимиятни қўлга олди.

Аммо 1815 йилнинг март ойида император Парижга қайтиб келди. Луи XVIII қочиб кетди ва Наполеон 20 март куни Туелри саройини эгаллади. Бу кун императорнинг «Юз кунлик» ҳукмронлигининг бошланиши эди. Наполеон ташқи сиёсат борасида тинчлик тарафдори эканини эълон қилди, аммо унга қарши иттифоқчилар унинг қайтишидан хурсанд эмас эди. Ана шундай шароитда улар Венада йиғилди ва Наполеонга қарши курашни қайта бошлаш ҳақида келишиб олди. Шундай қилиб инглиз, немис, нидерланд, пруссияликлардан иборат гуруҳлар Бельгияга юборила бошланди.

Кейинчалик уларга австрияликлар ва руслар ёрдамга келиши керак эди. Наполеон эса тезлик билан ғалаба қозониш мақсадида июнь ойида Бельгияга қараб юрди. Бу пайтда эса граф Веллингтон бошчилигидаги инглизлар ва нидерландлардан иборат қўшин Ватерлоо яқинида турган эди. Уларга ёрдамга пруссияликларнинг генерал Блушер бошчилигидаги қўшини келиши керак эди. Наполеон уларнинг ўзаро бирлашмасликларига эришиш мақсадида зудлик билан ҳужум қилишни мақсад қилди.

15 июнь куни пруссияликларга зарбалар бериб, уларни чекинишга мажбур қилди. Шу куни унинг генералларидан 6-бўлинма қўмондони Луи де Бурмонт ўз жойини тарк этди. У билан бирга бир нечта зобитлар ҳам жанг майдонини тарк этди. Наполеон ўзининг «Муқаддас Елена хотиралари»да уни жанг режаларини душманга сотганликда айблайди. Аслида эса улар жанг майдонини тарк этганида ҳали бирор-бир топшириқ олмаган эди. Веллингтон 20 йилдан сўнг ундан ҳеч қандай маълумот олмаганини айтади.

Фото: Wikipedia

16 июнь куни император қўшини икки қанотга бўлиниб, Веллингтоннинг Қуатре-Брасдаги ва пруссияликларнинг Линьидаги бўлинмаларига ҳужум қилади. Бу стратегия билан Наполеон дастлаб пруссияликларни табиий чегараларгача ҳайдаб бориш, кейин эса инглиз-нидерланд бирликларини денгизгача суриб боришни мақсад қилади. Шунинг учун Блушерга қарши ўзи юради. Линьида уларнинг 12 минг одамини қириб ташлайди. Французлар томонидан эса етти минг қурбон берилади. Инглизларга қарши маршал Ней вақтни ўтказиб юборгани учун ютқазади.

Блушер асирга тушиб қолишдан зўрға қочиб қутулади. Пруссияликлар ва Наполеон қўшини ўртасидаги ҳал қилувчи жанг Вавреда бўлиб ўтади. Пруссия армияси чекинишга мажбур қилинади, аммо ғалаба қозонилмайди. Улар Веллингтонга қўшилиш учун чекинади. Наполеон эса 17 апрелга келибгина генерал Грушини уларни таъқиб қилишга юборади. Пруссияликларнинг зарбага учраганини эшитган Веллингтон Қуатре-Брасдаги қўшинини Блушер билан бирлашиш керак бўлган Монт Сейнт Жен деган жойга чақиради. Наполеон эса Нейга келиб қўшилади.

Шундай қилиб, икки қўшин Ватерлоо яқинига келиб тўхтади.

Армия таркиби ва стратегиялар: Иттифоқчилар қўшини

«Иттифоқчилар армияси» деб номланган Веллингтон қўшини 68 минг кишини ташкил қилган. Унинг таркибига 25 минг британияликлар, 17 минг нидерландлар, 10 минг ганноверликлар, етти минг брунсвикликлар, олти минг та King’s German Legion аскарлари, уч минг нассауликлар кирган эди. Шунингдек, Испания ва Россия кампанияларида Катта Армия (Наполеон армияси) сафида жанг қилган бир нечта генераллар ҳам, жумладан, генераллар Шассе, Трип ва Ван Мерленлар иттифоқчилар қўшини сафида туриб, императорга қарши жанг қилди.

Веллингтон ўз қўшинларини, асосан, ҳимояга асосланган тактикага мослаб жойлаштирди. Қўшин Монт Сайнт Жен текислигидан жой олди. Учта ферма истеҳкомга айлантирилди. (Thierry Lentz, Waterloo, 1815, Perrin, 2015, p. 188.). Қўшинлар шундай жойлаштирилдики, пруссияликларнинг шарқ томондан келиб қўшилишини осонлаштириш ва денгизга чекинадиган йўлни ҳимоя қилиш мақсадида асосий куч ғарб томонга қаратилди. Веллингтон ҳимоядан туриб жанг қилишга уста эди. Наполеон қанчалик кучли стратегияга эга бўлса, Веллингтон шунчалик кучли ҳимоячи ва яхши стратегияли ҳам эди. Айнан мана шундай хислатлари ва пруссияликларниинг келиши кейинчалик жанг тақдирини ҳал қилади.

Фото: Wikipedia

Наполеон қўшини

18 июнь куни эрта тонгда 74 минг кишилик Наполеон армияси текисликнинг жануб тарафига саф тортди. Унинг таркиби қуйидагича эди:

  • йўлнинг ғарб тарафида — генерал Реилленинг 20 минг одами, уларнинг олдидан Келлерманнинг 3 400 отлиқ кавалерияси ҳамда 2 100 кишилик Гуёт қўмондонлигидаги империя гвардиясининг оғир кавалерияси;
  • уўлнинг шарқ томонида — Друэт д’Эрлоннинг 20 минг аскари ва уларнинг олдида Милҳауднинг 2 700 кишилик отлиқ кавалерияси ва империя гвардиясининг Лефебр-Деснуэт қўмондонлигидаги икки минг енгил кавалерияси;
  • орқада эса Лобаунинг 10 минг одами, Домон ва Субервининг ҳар бирининг 1 200 кишилик кавалерия қисмлари ва гвардиянинг 9 минг пиёда аскарлар бирикмалари жой олди

Наполеон қўшини сон жиҳатдан бир оз устун эди, аммо унинг артиллерияси анча кўп бўлиб, айнан шунга ишониб у тонгги йиғилиш пайтида «Бугун кечқурун Брусселда тунаймиз», деб айтган эди (Jacques Bainville, Napoléon, Gallimard, 2005, p. 547).

Наполеоннинг режасига кўра, асосий ҳужумни шарқда ва ўртада олиб бориш эди. Шунинг учун у I корпус олдидан 80 та йирик тўпларни жойлаштирди. Веллингтон захираларини ғарб томонга жалб қилиш учун укаси Жеромга чалғитувчи ҳужумлар қилишни топширди.

Туни билан ёмғир ёғгани учун жанг майдони лой бўлиб кетган эди ва бу артиллерияни ҳаракатлантиришга қийинчилик туғдирди. Ҳужум бошлаш кечикди, натижада тўпларнинг эффективлиги пасайиб кетди. Пиёдалар ва отлиқларнинг ҳаракатланиши ҳам қийинлашди.

Жангнинг бориши

Наполеон эрта тонгда ҳужум қилишни режа қилган эди. Аммо туни билан ёғган ёмғир унинг режаларини пучга чиқарди ва у қуёш чиқиб ерни қуритишини кутиб туришга мажбур бўлди. Чунки лой ерда отлар артиллерияни тортиб бориши қийинлашар ва пиёда ҳамда отлиқларнинг ҳаракатчанлигига жиддий зарар берарди. Жанг 11:30 да императорнинг укаси Жером томонидан инглизларга қарата ҳужумлар бериш билан бошланди. Ҳугумонт фермасига жойлашган нассауликларга қарши саккиз минг кишилик қўшин ҳужум қилишига қарамасдан, уни эгаллашга муваффақ бўлинмади. Французларнинг барча ҳужуми қайтарилди.

Фото: Wikipedia

Тушдан кейин соат 13:00 да французларнинг 1 400 метр узунликда жойлаштирилган 80 тўпи ярим соат тинмасдан ўқ узди. Натижада платонинг ноқулай қисмида жойлашган иккита инглиз-нидерланд бригадаси жиддий зарар кўрди, аммо асосий қисм тепаликнинг орқа қисмида панада бўлгани учун уларга зарар етмади. Шундан сўнг генерал д’Эрлоннинг ҳар бири тўрт минг кишилик мушкетлар билан қуролланган ўқчилар бригадасидан тузилган тўртта батальони тартиб билан иттифоқчилар қўшинларига қараб юрди. Улар учта фермага жойлашиб олган иттифоқчилар қўшинига қарши зарбалар бериб, уларни эгаллаши лозим эди.

Бир қатор ҳужумлардан сўнг плато бўйлаб илгарилаган французлар тепалик орқасида турган пистирмага дуч келди ва катта йўқотишга учради. Оғир йўқотишларга қарамасдан, инглизлар бу сафар ҳам мудофаада муваффақиятга эришди.

15:00 да қайта тикланган 1-корпус ва бир нечта янги тўплар тайёрланганидан кейин Ҳае Саинте фермасига қайта ҳужум қилинди. Фермани 450 нафар King’s German Legion ўқчилари ҳимоя қилишаётган эди. Бу сафарги ҳужумда французлар кавалерияси қатнашди. Французлар кавалериясига қарши Веллингтон квадрат усулидаги ҳимоя тактикасини қўллади ва ҳар бир квадрат ичига тўпларни жойлаштириб улардан яқинлашаётган французларга қарата ўқ отишни буюрди. Ушбу эпизод машҳур француз адиби Виктор Гюгонинг «Хўрланганлар» асарида бадиийлаштирилди (Yves Vander Cruysen, Waterloo démythifié !, Éditions Jourdan, 2014). Умумий ҳисобда Келлерман, Гуёт, Лефебр-Деснуэтларнинг 10 минг кавалерияси саккиз юз метр узунликда Иттифоқчилар марказига қарши жанг қилаётган эди.

Наполеон шарқий қанотни ҳам унутмади ва у тарафдан келиши мумкин бўлган пруссияликларга қарши туриш учун Домон ва Субервиэ кавалериялари ва Лобаунинг VI корпусини жойлаштирди. 16:30 да пруссияликларнинг IV дивизияси Плансенуада француз армиясига қарши ҳужумга ўтди ва Наполеон армиясининг ўнг қаноти қақшатқич зарбага учради. 18:00 га яқин Плансенуа немислар қўлига ўтди ва Лобау корпуси чекинишга мажбур бўлди. Шундан сўнг Наполеоннинг Ёшлар гвардияси қишлоқни қайтариш учун ҳужумга ўтди. Аммо бу сафар ҳам пруссияликларнинг кучли зарбасига чидаш беролмади. Бироқ 19:00 га яқин Ветеранлар гвардияси ёрдамида қишлоқ эгалланди. Ўн қанот вақтинча тикланди.

Марказда эса жанг қаттиқ кетарди. 18:30 га бориб ниҳоят Ҳае Саинте фермаси французлар томонидан эгалланди. Ней Британия позицияларини эгаллаш мақсадида тўпларни илгари сурди ва Наполеондан қўшимча мадад истади. Аммо пруссияликлар хавфи туфайли император буни рад этди.

Шарқий тарафдан пруссияликларнинг ҳимоясига эришган Веллингтон захира кучларни марказга ташлашга қарор қилди. Наполеон ҳам гвардияни марказга йўналтирди. Аммо жуда кеч эди. Гранатачилар ва енгил пиёдалар Веллингтоннинг кавалерияси, артиллерияси ва пиёдаларига қарши ҳеч нарса қила олишмади. Гвардия чекинди ва бу армиянинг қолган қисмида ҳам тартибсизлик келтириб чиқарди. Наполеон ўрта гвардияни жангга ташлаётган пайтда Веллингтонга француз капитани Барел исмли шахс гвардия ҳужуми, Наполеонинг ҳужум режалари ҳақида маълумот етказди ва уни огоҳлантирди.

Фото: Wikipedia

22:00 да Веллингтон ва Блушер Belle Alliance (Ажойиб иттифоқ) фермасида учрашди. Уларнинг бу ерда учрашишлари кўпчилик томонидан кейинчалик тақдирнинг бир белгиси сифатида қаралди. Наполеон жанг майдонидан қочди, жангда ҳориган Веллингтон уни таъқиб этишни пруссияликларга қолдирди ва қароргоҳига қайтиб жанг ҳақида ҳисобот тайёрлади ва жангни у бўлиб ўтган ер номи билан Ватерлоо жанги деб номлади.

Йўқотишлар

Жангдаги қурбонлар турли манбаларда турлича берилади. Бельгиялик тарихчи Жак Ложи берган маълумотларга кўра, шу куни жанг майдонида 9 500 (4 500 иттифоқчилар, беш минг французлар) аскар ҳалок бўлган, 30 минг нафари жароҳатланган, тўрт минг киши бедарак йўқолган. Саккиз мингдан 10 минггача француз аскари асир олинган (Jacques Logie, Waterloo: La campagne de 1815, Racine, 2003, p. 153.).

Тўрт кун давом этган Бельгия кампанияси давомида жами француз армияси сафида 11 500 та аскар, жумладан, 14 та генерал ҳалок бўлган ва 34 мингга яқин аскар жароҳатланган. Иттифоқчилар сафида эса Веллингтон армиясида 5 260, жумладан, бешта генерал, Блушер армиясида 6 900 киши ҳалок бўлган. Жароҳатланганлар 14 500 ва 17 000 ни ташкил қилган. (Par Thierry Lentz, Waterloo, 1815, Perin, 2015, p. 281.). Шунингдек, жанг майдонларида 12 минг от ўлган. Бир неча кунгина давом этган Бельгия юришидаги ушбу йўқотишлар Франция инқилоби ва империянинг энг ҳалокатли йўқотишлари бўлиб, бир неча ойлар давом этган Россия ва Германия юришларидан ҳам ўтиб кетган.

Хулоса ўрнида

Ушбу жанг юқорида айтганимиздек, Наполеон фаолиятидаги сўнггиси бўлди ва ушбу мағлубият ортидан унинг «Юз кунлик» ҳукмронлигига барҳам берилди ва у Атлантика океани жанубидаги Европадан анча узоқ бўлган Муқаддас Елена оролига сургун қилинди.

20 ноябрда имзоланган Париж шартномасига мувофиқ, Франция 150 минг кишилик халқаро армия томонидан оккупация қилинди ва беш йил давомида уларни таъминлаш вазифаси Францияга юклатилди. Шунингдек, уруш харажатларини қоплаш учун 700 миллион франк тўлов юклатилди (Alfred Colling, La Prodigieuse Histoire de la Bourse, 1949, p188).

Жанг билан боғлиқ қизиқ маълумот: шу куни Ватерлоода ўлган 10 минг жасаддан йиғиб олинган тишлар бир неча йил давомида стоматологиядаги тиш протезлари савдосида ишлатилди. Ушбу воқеа тарихда «Ватерлоо тиши» (Waterloo teeth) номини олди.

Наполеон мағлубиятининг бир нечта сабаблари мавжуд бўлиб, уларнинг замирида тактик жиҳатдан хатоликлар ётади. Шунингдек, айримлар унинг жанг куни жуда қаттиқ касал бўлгани, кучли оғриқлар исканжасида қолгани сабабли шифокорлар унга жуда кучли оғриқ қолдирувчи дорилар бергани учун фикрларини жамлай олмаган, деган фикрни ҳам илгари суради.

Шундай қилиб, Ватерлоода деярли уч қитъани қўл остида бирлаштирган французларнинг буюк императорининг императорлик ва саркардалик фаолиятига нуқта қўйилди. Кейинчалик 1821 йилнинг 5 май куни олис Муқаддас Елена оролида император касалликдан вафот этди.

Жаҳонгир Остонов тайёрлади.