Тибетнинг ягона профессионал футбол клуби ҳисобланган «Лҳаса Ченгту» фаолиятига якун ясалди, дея хабар қилмоқда The Times. Бунга сабаб қилиб клуб ўз ўйинларини ўтказадиган шаҳарнинг об-ҳаво шароити кўрсатилган.
Тибет пойтахти денгиз сатҳидан 3650 метр баландликда жойлашган ва ҳаво босими паст ҳисобланади. «Лҳаса Ченгту» у ерда бор-йўғи иккита ўйин ўтказди. Уларда ҳакамлар ҳар 15 дақиқада ўйинни тўхтатишга мажбур бўлган ва футболчилар кислород балонларидан фойдаланган ҳолда нафас ростлаб олган.
Ўтган мавсум «Лҳаса Ченгту» Хитой 3-дивизионида 32 жамоа орасида 26-ўринни эгаллаган.
Рақибларнинг Лҳасада ўйнашдан бош тортгани сабабли, жамоа ўз уй учрашувларини минглаб километр узоқда ўтказган. Клуб ўйинларни Тибетда ўтказишга бир неча бор уринган, бироқ Хитой футбол ассоциацияси футболчиларнинг хавфсизлигини инобатга олган ҳолда бунга рухсат бермаган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)