Сирдарё вилоятидаги Сардоба сув омбори билан боғлиқ жиноят иши бўйича 2 нафар шахс гумонланувчи тариқасида ишга жалб қилиниб, уларга нисбатан қамоққа олиш эҳтиёт чораси қўлланилди. Бу ҳақда Бош прокуратура матбуот хизмати хабар берди.

Фото: ФВВ

«Иш бўйича ҳақиқатни аниқлашга тўсқинлик қилиш ҳолатларининг олдини олиш мақсадида бошқа тафсилотлар ошкор қилинмайди. Ҳозирда тергов ҳаракатлари давом этмоқда», — дейилади хабарда.

«Gazeta.uz»нинг ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларидаги манбаси маълум қилишича, гумонланувчилар орасида 2018 йил 21 сентябрдан буён «Ўзбекистон темир йўллари» компанияси қошидаги Сардоба сув омбори объектларидан фойдаланиш ва ривожлантириш дирекцияси бошлиғи Фахриддин Данабоев (1987 йилда туғилган) ҳам бор. У Жиноят кодексининг 207-моддаси (Мансабга совуққонлик билан қараш) 3-қисми «а» бандида кўрсатилган жиноятни содир этганликда гумонланмоқда.

Эслатиб ўтамиз, аввалроқ сув омбори тўғонининг бузилиши бўйича олиб борилаётган жиноий иш доирасида 4 та асосий тергов тахмини мавжудлиги хабар қилинганди. Улар:

  • лойиҳалашдаги хатоликлар;
  • қурилиш меъёрларига риоя этмаслик;
  • эксплуатация жараёнидаги хатоликлар;
  • табиий офат.

Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори тўғонининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Фавқулодда вазият туфайли Сардоба, Оқолтин, Мирзаобод туманларидаги 24 та маҳалладан 90 мингга яқин фуқаро зудлик билан хавфсиз ҳудудга эвакуация қилинган, ҳодиса оқибатида камида 56 киши турли даражада тан жароҳати олган, тошқин зонасида қолиб кетган юзлаб одамлар қутқарилган.