«Дарё» жаҳон матбуоти шарҳи рукнининг навбатдаги муҳокамаларга бой сонини диққатингизга ҳавола этади.

Долларнинг келажаги қандай бўлади?

Пандемия сабабли март ойи охирларидан бошлаб дунё бозорларидаги вазият ёмонлаша бошлади. Халқаро сармоядорлар бу сафар ҳам 2008 йилдаги молиявий инқироз пайтида жон сақлаш учун яна долларга мурожаат қилди. АҚШнинг федераль захираси эса халқаро ҳамкорларини доллар етказиб бериш мақсадида улкан ҳажмдаги пулларни зарб қилишга киришиб кетди. Иккинчи жаҳон урушидан 75 йил ўтган бўлса-да, доллар ҳамон дунёнинг биринчи рақамли валютаси бўлиб келмоқда, деб ёзади The Foreign Affairs нашри.

Фото: Google Photos

Ривожланаётган бозорларнинг ўсиб бораётгани ва АҚШ иқтисодиётининг заифлашуви манзарасида долларнинг ўз нуфузини сақлаб қолаётгани диққатга сазовор. Агарда 1960 йилларда АҚШ дунё ялпи ички маҳсулотидаги улуши 40 фоизни ташкил этган бўлса, бугун бу улушнинг 25 фоизигина АҚШ ҳисобига тўғри келмоқда. Шуни ҳам айтиш жоизки, бугунги кунда долларнинг ўз нуфузини сақлаб қолиши расмий Вашингтоннинг COVID-19 пандемиясини қай тарзда енгиш салоҳиятига ҳам боғлиқ.

Долларнинг халқаро нуфузи АҚШ ҳукуматига доллардаги активларни нисбатан паст қийматларда тўлаш имконини бериши билан муҳим. Бундан ташқари, долларнинг мақоми АҚШга сезиларли даражада савдо дефицитларига, курс ўзгаришларидан келадиган хатарларни қисқартиришга, молия бозорини ликвидли бўлишига ёрдам беради. Шунингдек, доллар Америка банкларига доллар билан молияланиш учун кенг имкониятлар эшигини очади.

Хитой иқтисодиётининг қудратга тўлишини инобатга олсак, долларнинг ўз нуфузини анча узоқ вақтдан бери сақлаб келаётгани бир қарашда ноодатийдек. Ҳозирда Хитой юани долларнинг ўрнини эгаллаш салоҳиятга эга. Хитой иқтисодиётининг кўламларини, келажакдаги ўсиш суратини, халқаро иқтисодиётга интеграциялашувини, юаннинг халқаро интеграцион жараёнларга тортилишини қўллаб-қувватлашнинг авж олгани каби сабаблар Хитой валютасининг келажаги борасида ижобий тасаввурлар уйғотади. Бироқ бу омиллар ҳам юаннинг дунёнинг биринчи рақамли валютаси бўлиши учун етарли эмас.

Бунинг учун Хитой ҳукумати бир қатор тўсиқларни бартараф этишга тўғри келадики, бу чораларга бозор иқтисодиётига ўтиш жараёнида улкан ютуқларга эришиш, корпоратив бошқарув тизимини такомиллаштириш, натижадор ва яхши ташкилланган молиявий бозорларни яратиш халқаро сармоядорларнинг юанга нисбатан ҳурматини юзага келтиради. АҚШ ҳукумати эса Хитой билан рақобати ортида, аслида, нима турганини яхшилаб тушуниб олиши керак. АҚШ ҳукумати молиявий ва технологик инновацияларда пешқадам бўлишни уддалаши зарур.

Фото: Google Photos

Хитойнинг рақамли валютасини долларга рақобатчи бўлади, деган фикрларни муболағалаштиришга эса асос йўқ. Долларга халқаро етакчиликни келтирган омиллар асосида эса оқилона ишлаб чиқилган макроиқтисодий ва фискал стратегия асосига қурилган ўсиб бораётган иқтисодиёт, шаффоф ва очиқ бошқарув тизими ва дунё сиёсати, иқтисодиёти ҳамда хавфсизлик тизимидаги етакчилик  ётади. Шундай экан, долларнинг нуфузи Хитойдаги вазиятга эмас, аксинча пандемиядан кейинги иқтисодиётга АҚШ мослаша оладими ёки йўқлигига боғлиқ бўлиб қолади.

Хитойдаги банк молия соҳасидаги ислоҳотлар ва ривожланиш кўлами қанчалик улкан, юқори бўлмасин, рақамли юань Хитой юани эканича қолаверади. Пулнинг шакли ўзгарса-да, тўлов бирлиги ҳамон ўша – олди-сотди вазифаси. Хитой ўз валютасини халқаро ҳисоб-китоблар жараёнига тортишга уринар экан, ҳамон нефть, хом ашё ҳисоб-китобларида доллар билан ҳисоб-китоб қилиш сақланиб қолмоқда.  XXI асрда фунт стерлинг ва доллар халқаро валюта ҳисоб-китобларида устунлик мақомида бўлди, кейинроқ эса халқаро валюта резервлари қаторига япон иени, евро, қўшилди.

Бугунги кунда эса Хитой юани ҳам халқаро резерв валютаси бўлиш учун салоҳиятга эга. Аммо юань халқаро ҳисоб-китобларда доллар билан рақобатлашадиган даражага чиқади, дейиш ҳақиқатдан йироқ. Хитойда давлатнинг иқтисодиётга аралашуви сақланиб қолар экан, Хитой юани халқаро резерв валютасига айланиши учун улкан иқтисодий ислоҳотларга зарурат бор. Улкан иқтисодий ислоҳотлар эса расмий Пекин учун кутилмаган совғаларга бой бўлиши мумкин.

Ўз навбатида доллар дунё валютаси мақомида қолар экан, АҚШ ҳукумати ҳам дунё миқёсидаги савдо ва технологик соҳалардаги рақобатда халқаро нормаларни ва тартибни мукаммаллаштиришда ташаббусни қўлдан бой бермаслиги, долларни санкциялар қуроли сифатида ишлатишдан тийилиши каби муҳим вазифаларни оқилона ҳал этиши жоиз. Бундай тадбирлар эса долларга ишончли валюта эканида, албатта, ёрдам беради.

Руслар учун осмонини ёпаётган АҚШ

The Bloomberg колумнисти Эли Лейк АҚШ ҳукуматини руслар билан 1992 йилда имзоланган муҳим шартномадан чиқишини олқишлаб мақола чоп этди. Муаллиф назарида, Россия ҳукумати битим бандларини мунтазам равишда бузиб келади ва тинчлик шартларини хавф остида қолдиради. Бироқ расмий Вашингтон русларнинг шартномани бузиши борасида бирор-бир далил келтирмаган. Агарда битим шартларига бир тараф амал қилмаётган бўлса, у ҳолда иккинчи тараф шартномадан чиқиш учун тўлақонли ҳуқуққа эга.

Фото: Google Photos

Президент Дональд Трамп Очиқ осмон бўйича келишувдан чиқишини эълон қилгач, мухолифатчи партиялар Трампни яна бир муҳим шартномадан чиқиши борасида танқид қилиб чиқди. АҚШ Марказий разведка бошқармаси собиқ раҳбари Майкл Хэйден ўзининг Twitter’даги саҳифасида бундай ҳаракатни ақлсизлик деб атади. АҚШнинг БМТдаги собиқ вакили Саманта Пауэр ўзининг Twitter’даги саҳифасида эса «Иттифоқчиларимиз иштирок этаётган шартномадан чиқиш бу Трампнинг узоқни кўролмайдиган сиёсати натижасидир», дея ўз фикрини қолдирди.

Муаллиф фикрича, Трамп томонидан қабул қилинган қарор тафсилотларига кўра ҳам, тамойилига кўра ҳам тўғри. Очиқ осмон бўйича келишув 1992 йилда имзоланган бўлиб, мазкур шартнома америкалик ва рус разведка учоқларига ҳарбий объектлар ва қуролли кучлар ҳаракатланадиган нуқталар устидан парвоз қилиш имконини беради. Шартномадан кўзланган мақсад эса шартномани имзолаган 35 мамлакат ўртасида қуролланиш борасида аъзо мамлакатлар ўз бўйнига олган масъулиятни қандай даражада бажараётгани борасида ўзаро ишончни ҳосил қилиш.

Назарий жиҳатдан олиб қараганда бу яхши ғояга ўхшайди. Осмондан кузатиш Россия тарафининг қуролланиш борасидаги муҳим келишувни қандай тарзда бажараётганига ишонч ҳосил қилишга ёрдам беради. Шунингдек, мазкур шартнома орқали аъзо мамлакатларнинг қуролли кучлари тинчлик вақтида қаерларда ҳаракат қилаётгани борасида ҳарбий режалаштириш имконини беради. Аммо шартноманинг бир камчилиги шундаки, Россия тарафи мунтазам равишда шартнома бандларини бузиб келмоқда.

Мисол учун, 2014 йилда Россия ҳарбийларининг Қримга, кейинчалик эса Украина шарқига бостириб кириши Россия 1994 йилда Украина чегаралари бутунлигини ҳурмат қилиши ҳақидаги мажбуриятни бажармаслик ҳисобланади. Украина эса ўз ҳудудида жойлаштирилган ядро қуролларидан воз кечиш эвазига юқоридаги мажбуриятлар кафолатланишини қўлга киритган эди. 1987 йилда имзоланган ўрта ва яқин масофага учувчи ракеталарни йўқ қилиш борасидаги шартномага мувофиқ Россия Европада шундай ракеталарни йўқ қилиш билан боғлиқ бандларнигина бажарди ва бу ҳол 2008 йилга қадар давом этди.

Фото: Google Photos

2008 йилдан бошлаб эса рус ҳукумати 1987 йилда имзоланган шартномани узоқ масофадан туриб бошқариладиган қанотли ракеталарнинг тажрибаси билан шуғулланиб буза бошлади. АҚШ тарафи эса 10 йилдан ошиқ вақт мобайнида Россияни аввалроқ имзоланган шартнома бандларини бажаришга чақириб келди. Бироқ Путин Европадаги нишонларга зарба бериши мумкин бўлган ракеталарни такомиллаштиришдан бош тортмади. Шу боисдан ҳам 2018 йилнинг октябрь ойида НАТО шартнома бандларини бузаётгани ҳақида расмий маълумот берди, АҚШ ҳукумати эса 1987 йилда имзоланган шартномадан чиқишини маълум қилди.

Очиқ осмон ҳақидаги шартнома кучга киргач, Россия аввалига шартноманинг бандларини бажариб келди. Аммо ҳокимият тепасига Обама келгач, рус томони АҚШ қуролли кучларига айрим ҳарбий объектлар узра парвоз қилишда рухсат бермади. Расмий Вашингтон рус ҳукумати  АҚШнинг муҳим инфратузилмалари жойлашган нуқталарни расмга олиши ва харитага тушираётгани борасида  муҳим далиллари борлигини билдирди. Америкалик сенатор Том Коттон «Очиқ осмон ҳақидаги шартнома эзгу ниятлар билан қудратли давлатларга ишонч сари йўл очишга ёрдам бериш учун дунёга келган бўлса, Россия разведкасининг жосуси сифатида жон таслим қилди», деб Очиқ осмон ҳақидаги шартномага таъриф берди.

Ҳозирда америкалик сиёсатчилар Россиядан шартнома бандларини бажаришга чақириб келаётган бўлса-да, рус тарафи америкалик дипломатларнинг чақириқларини жавобсиз қолдириб келмоқда. Қудратли давлатлар ўртасидаги шартномалар хавфсизликни сақлаш учун тузилади, аммо шартнома имзолаган тарафлардан бири шартнома бандларини бажармасликни маъқул кўрар экан, ундан наф бўлмайди. Трамп ва ноябрда Оқ уйга келадиган янги президент шартнома бандлари бажарилмаётгани учун шартномадан чиққанлиги тамойилида собит турса, келажакда қуролланишни назорат қилиш борасидаги шартномалар ҳозирда бажарилмаётган шартномалардан кўра кўпроқ хавфсизликни таъминлашга ёрдам бериши мумкин.

Трамп Очиқ осмон ҳақидаги келишувдан чиқар экан, унинг маъмурияти ядровий қуролланиш борасида стратегик ҳужум қуроллари  муддатларини узайтириш учун Россия билан музокараларни бошлашга розилик олган. Афтидан, Трамп қуролланишни назорат қилишга қарши эмаслигини, аммо қуролланиш ҳақидаги шартнома бандлари бузилишига қарши эканини аниқ қилиб кўрсатиб қўйди.

«Ниқобини» ечаётган президент ёхуд Зеленскийга нима бўляпти?

The Independent нашри Украина президенти Владимир Зеленский ҳокимият тепасига келгач, анча ўзгаргани ва бу ўзгаришлар, асосан, нималарда акс этаётгани ҳақида мақола чоп этди. Инаугурация маросимидан бир йил ўтиб, ҳокимият тепасида қолаётган комик ҳимояланиш позициясида қолмоқда ва у анчайин асабий бўлиб қолган. Бунга сабаб эса Зеленский ҳокимият тепасига келганидан буён мунтазам равишда давом этиб келаётган инқирозлар босими остида қолгани деб қаралмоқда.

Фото: AFP

Йўқ жойдан ҳокимият тепасига чиқиб қолган Зеленскийнинг катта сакраши бир оз муддат кўпчиликда ҳавас ҳам уйғотди. У ўз рақиби Пётр Порошенко устидан сайловларда сезиларли фарқ билан ғалаба қозонди. Орадан уч ой ўтар-ўтмас мамлакатда парламент сайловлари ўтказилишини эълон қилди ва парламентда ўз партиясига кўплаб овозлар олиб беришга эришди. Тажрибасиз, ёш, сиёсат оламида ҳали кўпчиликка танилиб улгурмаган президент фаол равишда мамлакат олдидаги муҳим муаммоларни ҳал қилишга киришиб кетди. Унинг олдида турган асосий муаммолар эса Украина шарқидаги муаммолар, коррупция, ислоҳотлар, қашшоқлик даражаси, тинчлик масаласи эди. Украинлар эса унинг бу сиёсатига хайрихоҳ эди ва ҳаттоки унинг бу сиёсати оддий украинларга манзур кела бошлади.

Тўсатдан мусиқа садолари тин олди. Сентябрь ойида Киевда «Украина гейт» деб ном олган «бомба» портлади, Вашингтондаги импичментга боғлиқ муҳокама жараёни, Теҳронда уриб туширилган Украина авиалайнери, Донбассдаги айирмачилар билан тўқнашувлар, президент жамоаси ичидаги баҳслар ва коронавирус билан боғлиқ вазият ёш президент учун кучли руҳий босим бўлди.

Табиийки, бундай инқирозлар аввалроқ барчада ҳавас уйғотган, миллат келажаги ишончли вакилга ўтгани ҳақида умидларни уйғотган, барчанинг юзида табассум туришига сабабчи бўлган ёш давлат бошқарувчиси учун осон кечмаслиги аён. 20 май кунидаги матбуот анжуманида сўнгги бир йил мобайнида давлат бошида турган, вақти-вақти билан ўз нутқларида ҳазиломуз иқтибосларни келтиришга одатланган шахс йил оғир келгани ҳақида нутқ сўзлар, унинг президент бўлишидан аввалги ёқимли қиёфасида ва шахсиятида кескин ўзгаришлар бўлганини кўриш мумкин эди.

Бу сафарги чиқишида Зеленский кўпчиликда ҳақиқий сиёсатчи турганини намойиш ҳам қилди. Уч соат давом этган матбуот анжуманида президент ўзини агрессивроқ тутди ва кўпроқ ҳимоя қилди. Журналистлар ҳам ёш президент томон қақшатқич саволлар ёмғирини ёғдирди. Президент эса бундан аччиқланди ҳам. Зеленскийни жаҳлини чиқарган саволлардан бири қуйидагича эди: «Нега президент юқори мансабларни тажрибасиз дўстларига бермоқда?». «Мен уларга кўпроқ ишонаман,» деди президент ва «Сизга ҳам мансаб берсам, мен билан ишлаб ўз ҳаракатларингиз учун жавоб бера оласизми?» қабилида жавоб қайтарди.

Фото: Google Photos

Бундай таклифни кутмаган журналист Роман Кравец The Independent нашрига берган изоҳларида президент фикри билан келиша олмаслигини, чунки таклиф жиддий равишда янграмаганини  ва президент унинг шартларига кўниши эҳтимоли жуда камлигини билдирган. Бундай таклиф эса президент жамоаси ўртасида ишонч борасида маълум қарама-қаршиликлар мавжудлигидан ҳам далолат беради.

Устига устак бу сафарги матбуот анжуманида журналистлар саволларига жавоб берган президентда Украина сиёсати, умуман, келажаги ҳақида янги ғоялар ва ташаббуслар билан суғорилган фикрлар кўринмади. Матбуот анжуманининг энг диққатга сазовор қисми унинг иккинчи муддатга сайланиш ҳақидаги фикрлари бўлди. Сабаби сайловлар вақтидаги нутқларида Зеленский иккинчи муддатга сайланиш борасидаги фикрлари тамомила матбуот анжуманидаги фикрларидан ўзгача эди. Зеленский ўзини оқлар экан, «Бир муддат сайловолди кампаниямда ваъда берган режаларимни амалга ошириш учун етмаслигини тушундим», деди.

Матбуот анжуманининг яна бир қизиқарли жиҳати — АҚШнинг собиқ вице-президенти Жо Байден ва Пётр Порошенко телефон суҳбатининг депутат Андрей Декач томонидан очиқланиши бўлди. Бу очиқланган маълумотларда ҳеч бир янгилик бўлмаса-да, матбуот буни Байденга ёки Порошенкога навбатдаги зарба бериш учун қаратилган сиёсий қадам, дея баҳолашга ҳам улгурди. Байденнинг ноябрдаги сайловларда ғолиб бўлиш имконияти у қадар ҳам ёмон эмаслиги инобатга олинадиган бўлса, Зеленский, эҳтимол, телефон ёзувларини Порошенкога қарши ишлатишга уринмоқда.

Зеленский асирлар билан алмашиниш, COVID-19’га қарши тезкор чоралар кўриш борасида ўз сайловчилари олдида «юзини» сақлаб қолаётган бўлса-да, президентнинг ҳақиқий сиёсатчи бўлиш йўлидаги синовлар ҳали олдинда. Карантиндан чиқиш, украинларни қашшоқлик домига ботирган пандемия асоратларидан халос бўлиш Зеленский ҳукуматининг истиқболли сиёсий режаларига қараб белгиланади. Зеленскийнинг муваффақиятли сиёсати эса кўп жиҳатдан унинг жамоасида ишлаётган ислоҳотчиларга ҳам боғлиқ.

Жаҳонгир Эргашев тайёрлади.