8 июндан бошлаб Буюк Британияга хориждан келган барча икки ҳафталик карантин режимига риоя қилиши талаб этилади. Бу ҳақда Британия ички ишлар вазири Прити Пателга таяниб, The Guardian хабар қилган.

Фото: Daily Mirror

Қироллик ҳудудига келувчилар ҳукумат уларнинг карантин қоидаларига амал қилаётганини билиш имконига эга бўлиши учун қаерда турганини хабар қилиши зарур. Текширувлар ихтиёрий тартибда амалга оширилади.

Қоидабузарлар минг фунт стерлинг миқдорида жаримага тортилади.

13 майдан Буюк Британияда коронавирус эпидемияси сабаб белгиланган чекловлар аста-секинлик билан босқичма-босқич юмшатила бошланган. Июлда қиролликда кафе, ресторан ва паблар, гўзаллик салонлари, меҳмонхоналар, черковлар ва кинотеатрлар очилиши тахмин қилинмоқда.

Жонс Ҳопкинс университети берган маълумотлар бўйича 22 май ҳолатига кўра, Буюк Британияда 255,5 минг кишида COVID-19 инфекцияси борлиги аниқланган. Эпидемия бошлаганидан бери 36,4 минг нафар бемор касаллик оқибатида вафот этган.