Наманган вилоятида 22 май куни 5 нафар бемор коронавирусдан соғайиб, реабилитацияга кузатилди, деб хабар бермоқда ССВ матбуот хизмати.

Соғайиб чиққанларнинг барчаси коронавирусга чалинганлар билан мулоқот қилиб, касалликни юқтириб олишган. Уларнинг 3 нафари эркак, 2 нафари аёллардир. Касалликдан тузалганларнинг барчаси Наманган вилоятидан (4 нафари Наманган туманидан, 1 нафари эса Наманган шаҳридан). Улар орасида энг каттаси 84 ёшда бўлса, энг кичиги 48 ёшда.

Вилоятда шу пайтга қадар 219 нафар бемор соғайган бўлса, эндиликда уларнинг сони 224 нафарга етди.

Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар сони бир кун аввал 2407 нафарни ташкил қилаётган эди. Эндиликда улар сони 2412 нафарга етди.

Касалланганларнинг умумий сони эса 22 май соат 10:00 ҳолатига кўра 3006 кишини ташкил қилмоқда. Мамлакатда коронавирус инфекциясини юқтириб олиш билан боғлиқ илк ҳолат аниқланганидан бери 13 нафар бемор касаллик асоратлари оқибатида вафот этган.