Россиянинг Санкт-Петербург шаҳри маъмурияти дафн хизматлари кўрсатиш қоидаларини қаттиқлаштирди. Бундан буён шаҳар моргларида ҳар қандай видолашув маросими тақиқланган. Бу ҳақда Meduza хабар берди.
Шаҳар бош санитария шифокори томонидан имзоланган ҳужжатга кўра, шаҳарда эпидемиологик вазият ёмонлашаётгани ва коронавирус тарқалаётгани сабабли қўйилган ташхисидан қатъи назар барча вафот этганлар билан видолашув маросимларини бекор қилиш керак.
Маълум қилинишича, 19 майдан бошлаб шаҳардаги морглар ташриф буюрувчилар учун ёпилади. Шаҳардаги ритуал хизматлар кўрсатувчи давлат унитар корхонаси бу маълумотни тасдиқламаган, бироқ барча вафот этганларнинг тобути ёпилиши мажбурий эканлигини маълум қилган.
Санкт-Петербург коронавирусга чалинганлар сони бўйича Россия ҳудудлари орасида етакчилар учлигига кирган. Расмий маълумотларга кўра, шаҳарда қарийб 11 минг киши COVID-19 касаллигига чалинган, улардан 90 нафари вафот этган.
Сўнгги маълумотларга кўра, Россияда пандемия бошланганидан буён 299 941 киши коронавирусга чалинган. Шунингдек, умумий ҳисобда 2 837 нафар бемор вафот этган. Вирусга чалинганларнинг 76 130 нафари соғайган.
Изоҳ (0)