Коронавирус туфайли тўхтаб қолган Англия Премьер Лигаси мавсумни қайта тиклаш йўлида биринчи қадамни ташлади.
Премьер Лига матбуот хизматининг маълум қилишича, жамоалар 19 май кунидан бошлаб ўз базаларида машғулотларни бошлашига рухсат берилди.
Клуб хўжайинлари ўртасида ўтказилган овоз бериш жараёнидан сўнг ушбу қарорга келинган. Шу билан бирга машғулотлар айрим чекловлар билан ўтади: футболчилар катта бўлмаган гуруҳ бўлиб шуғулланади ва масофа сақланади.
Англия чемпионати COVID-19 вирусининг кенг тарқалиши сабаб тўхтаб қолганди. 29-турга келиб «Ливерпуль» 82 очко билан якка пешқадамлик қилмоқда.
16 майдан бошлаб Германия Бундеслигаси ўйинлари старт олди. Шунингдек, Ла Лига ва А Серияда ҳам мавсумни давом эттириш борасида ҳаракатлар давом этмоқда. Кучли бешлик лигалари сафига кирувчи Франция чемпионти эса муддатидан аввал якунланди.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @Daryo_Sport24’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)