Ҳиндистоннинг Ўзбекистондаги фавқулодда ва мухтор элчиси Сантош Жа Соғлиқни сақлаш вазирлигига коронавирусга қарши курашда фойдаланиш учун махсус тиббиёт воситалари тарзидаги инсонпарварлик ёрдамини тақдим қилди. Бу ҳақда элчихона маълумотига таяниб, «Gazeta.uz» хабар қилган.
Тақдим этилган тиббиёт воситалари орасида Ўзбекистон томонидан сўралган гидроксихлорохин таблеткалари ҳам мавжуд. Гидроксихлорохиннинг хорижга сотилиши назоратга олинган бўлишига қарамай, Ҳиндистон ҳукумати ушбу дориларни Ўзбекистонга экспорт қилишга рухсат берган. Бундан ташқари парасетамолнинг экспорт қилинишига қўйилган тақиқ ҳам Ўзбекистонга нисбатан татбиқ қилинмаслиги айтилди.
Шунингдек, Ҳиндистон e-ITEC дастури доирасида ўзбекистонлик тиббиёт ходимларининг малакасини ошириш бўйича 3 та онлайн-курсни ўтказишни ҳам таклиф қилган.Бундан ташқари, Ўзбекистонга соғлиқни сақлаш, таълим, ахборот технологиялари, қишлоқ хўжалиги маҳсулотларини қайта ишлаш, ичимлик суви таъминоти ва автомобиль йўлларини таъмирлаш соҳаларидаги лойиҳаларни тезкорлик билан амалга ошириш таклиф қилинди. Ушбу лойиҳаларни амалга ошириш учун кетадиган умумий маблағ грантлар асосида 30 миллион АҚШ доллари бўлиши мумкин.
Изоҳ (0)