Американинг Висконсин штати Олий суди губернатор Энтони Иверснинг коронавирус туфайли изоляция режимини узайтириш тўғрисидаги қарорини бекор қилди, деб хабар бермоқда «РИА Новости».
Маълум бўлишича, губернатор Соғлиқни сақлаш ва ижтимоий таъминот департаментига ўзини изоляция қилиш режимини 26 майгача узайтириш ҳақида кўрсатма берган.
Суд губернатор-демократ Энтони Иверс администрацияси изоляция режимини узайтириш борасида ўз ваколати доирасидан чиққан ҳолда кўрсатма берган, деб топди. Иверс эса ўз навбатида CNN телеканалига берган интервьюда суд қарори «штатда тартибсизлик юзага келишига олиб келади», деб таъкидлаган.
Аввалроқ АҚШ президенти Дональд Трамп мамлакатдаги ҳар бир штат губернатори ўз минтақасидаги шароитдан келиб чиқиб, коронавирус сабаб жорий этилган чекловларни бекор қилиш бўйича қарор қабул қилиши кераклигини маълум қилганди.
Апрель ойининг бошида Оқ уй коронавирусдан кутилаётган қурбонлар сони бўйича расмий прогнозларни маълум қилган эди. Ўшанда экспертлар берган маълумотларга кўра, агар АҚШда ҳукумат томонидан жорий қилинган чекловларга амал қилинса, мамлакатда коронавирус қурбонлари сони 100 мингдан 240 минг нафаргача бориши мумкинлиги тахмин қилинган. Шунингдек, мутахассислар воқеалар ривожи ёмон тус олса, қурбонлар сони 2,2 миллион кишини ташкил этиши мумкинлигини билдирган. Қайд этилишича, бу ҳолат инфекция тарқалишига қарши кураш учун ҳеч қандай чора кўрилмаган тақдирда юз бериши мумкинлиги прогноз қилинган.
Жонс Ҳопкинс маълумотларига кўра, АҚШда коронавирусга чалинганларнинг умумий сони 1,37 миллион кишидан, касаллик оқибатида вафот этганлар сони эса 84 минг кишидан ошган, беморларнинг 243 минг нафардан ортиғи соғайган.
Аввалроқ АҚШда коронавирус билан касалланиш ҳолатларининг ўсиши ҳақида махфий маълумотлар тарқалгани ҳақида хабар берилганди. Шунингдек, АҚШ бош инфексионисти коронавирус назорат қилиб бўлмайдиган даражада тарқалиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирган.
Изоҳ (0)