Давлат экология қўмитаси ташаббуси билан Давлат экология қўмитаси тизимида 2020 йилнинг май ойи «Браконьерликка қарши кураш ойи» деб эълон қилинди.
Қўмита матбуот хизматининг хабарига кўра, жуда кўплаб муаммолар браконьерликнинг орқасидан келиб чиқмоқда, ҳаттоки коронавирус эпидемиясининг келиб чиқиши ёввойи ҳайвонларни тартибсиз овлаш ва уларни истеъмол қилиш билан боғлиқлиги тахмин қилинмоқда.
«Браконьерликка қарши кураш ойи» давомида қўмита тизимидаги инспекторлар республиканинг барча ҳудудлари бўйлаб, ноқонуний ов ва балиқ овлаш билан шуғулланадиган қонунбузарларга, шунингдек, ўсимлик дунёсидан ноқонуний фойдаланадиган, дарахт ва буталарни рухсатсиз кесадиган ҳуқуқбузарларга қарши кескин кураш олиб боради.
Эслатиб ўтамиз, охирги уч йилда дарахтларни кесиш қарийб 60 фоизга ортган. Ўтган йилда Қорақалпоғистонда 13 бош жайронни отиб ўлдирган, Қашқадарёда электр қармоқ билан балиқ овлаган браконьерлар қўлга олинган бўлса, 2020 йилда Навоийда 340 дона вобла балиғини овлаган браконьерлар қўлга тушган, Бухорода жайронларни овлаб табиатга қарийб 67 миллион сўм зарар етказган шахслар жазоланган эди.
Изоҳ (0)