Президент Шавкат Мирзиёев Сардоба сув омборида юз берган авариядан сўнг 1 май куни зудлик билан Сирдарё вилоятига сафар қилиб, Оқолтин туманида аҳоли вакиллари билан учрашди. Мулоқотда давлат раҳбари 2020 йил оғир келганини таъкидлади, дея хабар бермоқда «Ўзбекистон 24».

«Энг катта нарса — ўзларингни қўлга олишларинг керак. Бу энди ҳеч ким кутмаган, биров тахмин қилмаган фалакот. 2020 йил оғир келди. Пандемия бир бало бўлди. Мана шу оғирликни елкамизга олиб, чидашимиз керак. Сабр билан. Ҳозир хато қилишга ҳақимиз йўқ», — деди Президент.

«Одамларни ваҳимага туширмаслигимиз керак. Айниқса, аёлларни, ёшларни тинчлантириш зарур. Бирорта хонадон, бирорта аҳоли эътиборсиз қолмайди. Сизлар билан бамаслаҳат жойини ҳам, шароитини ҳам қилиб берамиз. Қурилишларни бошлаймиз», — деди Шавкат Мирзиёев.