Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омборидан сув чиқиш ҳодисаси тўхтатилди. Бу ҳақда ФВВ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Аввалроқ Сардоба сув омборидан сув чиқиши камайгани хабар берилган эди. Тошқин оқибатларини бартараф этиш учун сув оқимлари Оқолтин тумани ҳудудидан ўтувчи Абай каналига туширилиб, Жиззах вилоятидаги Арнасой кўлига йўналтирилган.
Сардобада содир бўлган сув тошқини вилоятнинг бошқа ҳудудларида кузатилмаган. Ҳукумат комиссияси томонидан сув тошқини оқибатларини бартараф этиш, эвакуация қилинган аҳолига зарур шарт-шароитларни яратиш бўйича қатор чоралар кўрилмоқда.
Эслатиб ўтамиз, 1 май куни соат 05:55 да Сирдарё вилоятида жойлашган Сардоба сув омбори дамбасининг 6-пикет деворида сув чиқиши юзага келганди. Оқибатда Сардоба тумани Қўрғонтепа аҳоли яшаш пунктига сув кирган. Бунда, асосан, сув экин майдонларига зарар етган.
Сардоба туманидаги сув омбори атрофида жойлашган «Қўрғонтепа», «Дўстлик», «Юртдош» маҳалла фуқаролар йиғинларидан жами 11 598 нафар аҳоли вилоятнинг Мирзаобод туманига эвакуация қилинди. Улар Жиззахдаги мактаб ва коллежларга жойлаштирилмоқда.
Ҳодиса жойига зудлик билан бош вазир Абдулла Арипов етиб борган. Сув омбори атрофидаги хавф ҳудудидан 11,5 мингдан зиёд аҳоли кўчирилган, яна учта маҳалла кўчирилиши кўзда тутилган.
Президент Шавкат Мирзиёев ҳам 1 май куни воқеа жойига зудлик билан вертолётда етиб борди. Президент вертолёти қўнган жойнинг ўзида маҳаллий жамоатчилик вакиллари билан учрашиб, суҳбатлашган.
Изоҳ (0)