Ўзбекистонда коронавирусдан тузалганлар сони 30 апрель куни 7 кишига кўпайиб, жами соғайганлар 1103 нафарга етди. Бу ҳақда ССВ матбуот хизмати хабар берди.
Соғайганларнинг 6 нафари Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасидан, 1 нафари шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасидан бўлиб, улар Соғлиқни сақлаш вазирлиги масъуллари иштирокида Республика ихтисослаштирилган терапия ва тиббий реабилитация илмий-амалий тиббиёт марказига кузатилган.
Тошкент тиббиёт академияси кўп тармоқли клиникасида соғайганларнинг 3 нафари Тошкент шаҳридан, Бухоро, Андижон ва Тошкент вилоятларидан 1 нафардан. Уларнинг 2 нафари Россиядан, 1 нафари Туркиядан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, ихтисослашган тиббий ёрдам кўрсатиш мақсадида мазкур клиникага ётқизилган. Қолган 3 нафари эса коронавирус инфекциясига чалинганлар билан мулоқотда бўлиб, касалликни юқтириб олган. Уларнинг 3 нафари эркак, 3 нафари аёл бўлиб, энг ёши каттаси 54 ёшда бўлса, энг ёши кичиги 20 ёшда.
Қайд этилишича, шаҳар 3-сонли туғруқ мажмуасида тузалган 29 ёшли ҳомиладор аёл Тошкент шаҳридан бўлиб, жорий йил 26 март куни Туркиядан чартер рейс билан келган ва карантинга олинган. Касаллик аниқлангач, мазкур туғруқ мажмуасига ётқизилган. Сўнгги текширувлар унда инфекция йўқлигини, ҳомиласи эса ривожланиш босқичида эканлигини кўрсатган.
Айни пайтга қадар Ўзбекистон бўйлаб коронавирус инфекциясидан бутунлай соғайганлар 1103 нафарга етди. Қайд этиш жоиз, 28 апрелдан буён соғайганлар сони айни вақтда касалликдан даволанаётганлар сонидан кўп бўлиб турибди.
Коронавирус инфекциясига чалинганлар сони эса 30 апрель соат 10:00 ҳолатига кўра, 2017 нафарга етди.
Изоҳ (0)