Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев 30 апрель, пайшанба куни, 2019/2020-ўқув йилини сифатли якунлаш, битирув ва кириш имтиҳонларини ташкил этиш масалалари муҳокамасига бағишланган йиғилиш ўтказди. Бу ҳақда Президент матбуот хизмати хабар берди.
Мавзуга доир: Коронавирус сабабли Ўзбекистонда ОТМлардаги битирув имтиҳонлари онлайн ўтказилади, кириш имтиҳонлари соддалаштирилади
Республикада Президент мактаблари сони 4 тага етди, 9 та ижод мактаби ўз фаолиятини олиб бормоқда. 2020 йилда яна 5 та Президент мактаби ва 2 та ижод мактабини фойдаланишга топшириш режалаштирилган. Уларни ўз муддатида қуриш ишларини тизимли ташкил этиш бўйича тегишли топшириқлар берилди.
«Пандемияни сабаб қилиб таълим тизимини такомиллаштириш бўйича ишларни кечиктиришга мутлақо ҳақимиз йўқ», — деди Президент.
Вазиятга қараб, ўқув юкламаларини ва дастурларини қайта кўриб чиқиш, олий ўқув юртларида амалий кўникмаларни ривожлантиришга эътиборни кучайтириш лозимлиги белгиланди.
Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясига олий таълим муассасаларига режа ва дастурларни иш берувчилар талабидан келиб чиқиб, мустақил тасдиқлаш ваколатини бериш бўйича вазифалар юклатилди. Дастурларнинг белгиланган талабларга мослигини назорат қилиш механизми ҳам ишлаб чиқилади.
Зерикарли маърузалар ўқиш, конспектлар ёздириш каби ўзини оқламаган усуллардан воз кечиб, таълим методикасини ривожлантириш ва педагоглар савиясини ошириш ғоят муҳим масалалиги таъкидланди.
Шу муносабат билан, Халқ таълими ва Олий ва ўрта махсус таълим вазирликларига босқичма-босқич масофавий шаклда педагоглар малакасини ошириш, дарс машғулотларини масофадан кузатиш, баҳолашда инсон омилини камайтириш бўйича ишларни амалга ошириш топшириғи юклатилди.
Шунингдек, мазкур йиғилишда ОТМлардаги битирув имтиҳонлари 2020 йилдан онлайн ўтказилиши ва кириш имтиҳонлари соддалаштирилиши маълум қилинди.
Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон мактабларида 2019/2020-ўқув йили онлайн тарзда якунланади. Карантин вақтида теледарслар ўтаётган ўқитувчилар мазкур дарсларни Тошкентдаги Президент мактабида тайёрламоқда.
Изоҳ (0)