Хитойда 90 кун давомида турли вирус ва микроблардан, хусусан, COVID-19’дан ҳимоя қилишга қодир «антивурус қоплама» яратилди. Мазкур ихтиро Гонконг илм-фан ва технологиялар университети олимлари томонидан тақдим этилган, деб хабар беради Reuters.
Таъкидланишича, бу каби қоплама сепилганида у жуда юпқа қатлам ҳосил қилиб, инсон териси билан алоқада ҳимоя хусусиятини фаоллаштиради. Юпқа қатлам дезинфекцияловчи нанокапсула ва иссиққа бардошли полимерлардан иборат бўлиб, нанокапсулалар инсон тана ҳароратига қараб вирус ва бактерияларни йўқ қилишга қодир.
МAP-1 ишчи номини олган қопламани мунтазам фойдаланиладиган ҳар қандай юзага сепса бўлади, масалан, эшик ушлагичлари ёки лифт тугмаларига. Университет профессори Жозеф Кваннинг сўзларига кўра, ихтиронинг хусусияти у қуриб кетганидан кейин ҳам сақланиб қолади, юпқа қатлам эса тери ва атроф-муҳитга ҳеч қандай зарар етказмайди.
Аввалроқ БАА полицияси коронавирусни аниқловчи «ақлли» шлемлардан фойдаланишни бошлагани ҳақида хабар берилганди.
Изоҳ (0)