Бухоро вилоятида Амударё томондан кучли сув тошқини бўлиши ва аҳоли эвакуация қилинаётгани ҳақидаги маълумотлар ҳеч қандай асосга эга эмас. Бу ҳақда Бухоро вилояти ҳокимлиги баёнот берди.
Ҳокимлик матбуот хизмати фуқаролардан «юқоридаги каби ёлғон хабарларга ишониб қолмаслик»ни сўраган, шунингдек, нотўғри (ёлғон) ахборот тарқатганлик учун Ўзбекистон қонунчилигида жавобгарлик назарда тутилганини эслатиб ўтган.
Айни вақтда ҳокимлик ахборотида бундай «асоссиз маълумотлар», аҳоли ўртасидаги миш-мишлар нима сабабдан пайдо бўлганига аниқлик киритилмаган.
Аввалроқ Бухоро вилоятининг Қоракўл ва Олот туманларида аҳоли оммавий тарзда яшаш жойларини ташлаб, Бухоро шаҳри томон кетишни бошлагани ҳақида хабар берилган эди. Кейинроқ ФВВ аҳоли орасида тошқин ҳақида миш-миш тарқалгани, бироқ ҳозирда барча тегишли хизматлар томонидан тушунтириш ишлари олиб борилиб, аҳоли яшаш манзилларига қайтарилаётганини маълум қилган эди.
Мавзуга доир: ФВВ: Қоракўл ва Олотда тошқин ҳақида асоссиз миш-миш тарқалган. Аҳоли яшаш жойларига қайтарилмоқда
Изоҳ (0)