Иккинчи жаҳон урушидан сўнг бутун дунё бошланиб кетиш эҳтимоли бўлган Совуқ урушдан таҳликага туша бошлади. 1955 йил 10 апрель совуқ уруш асносида АҚШ билан рақобат олиб борган СССР Хитой билан ядро реактори қуриш борасида шартнома имзолаган сана ҳисобланади. Хитой ядровий дастурини бошлаб берган бу воқеа совуқ уруш янада кескинлашишига олиб келган эди. «Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев Хитой ҳукуматининг ядро қуролига эга бўлиш истаги ва унга эришиш йўлидаги ҳаракатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Ҳар қандай оламшумул уруш, пандемиялар ўзидан из қолдирмай қўймайди. Бу излар яхши ёки ёмон ҳам бўлиши мумкин. Иккинчи жаҳон уруши ҳам нафақат инсонлар, балки миллатлар, жамиятлар тарихида улкан ўзгаришларга дебоча бўлган ижтимоий, иқтисодий, сиёсий вазиятни юзага келтирди, сиз ва биз яшаётган бугунги жамиятнинг қиёфасини кескин ўзгартирди, янги бошқарув институтларининг юзага келишига шароит яратди. Буларнинг барчаси урушдан сўнг номаълум ва ноаниқ бўлиб турган сиёсий, иқтисодий манзарада юз берди.

Фото: Google Photos

Шундай бир ноаниқ вазиятда қолаётган дунё ҳамжамияти яхши кунлар келиши, тинчлик ва омонлик замони ҳақида умид қилаётган бир вазиятда Буюк Британия бош вазири Уинстон Черчиллнинг АҚШдаги Фултон коллежида 5 март 1946 йил санасидаги нутқи миллионлаб инсонларнинг тинчлик ҳақидаги умидларини сўндирди ва дунё аҳли энди ҳар лаҳзада бошланиб кетиши эҳтимоли бўлган «Совуқ уруш»дан таҳликага тушди.

Хитой ҳукуматининг ядро қуролига эга бўлиш истаги

1949 йил 1 октябрда ташкил топган Хитой Халқ Республикаси япон милитаризмидан халос бўлгач, мамлакатда фуқаролар уруши бошланиб кетди. Мао Цзэдун етакчилигидаги Хитой Коммунистик партияси ва Чан Кайши раҳбарлигидаги Гоминдан партияси ўртасида кечган қонли тўқнашувда Мао Цзэдун ғалаба қозонди. Гоминдан партияси устидан қозонилган ғалабада Мао Цзэдун Совет Иттифоқидан миннатдор эди.

Совет Иттифоқи биринчилардан бўлиб Хитой Халқ Республикаси эълон қилинганини тан олди ва Хитой иқтисодиёти, қишлоқ хўжалиги, саноатини тиклашга биринчилардан бўлиб ёрдамга келди. Хитой Халқ Республикаси тузилган илк даврлардан бери Хитой ҳукумати олдида замонавий ҳарбий салоҳиятга эга бўлиш асосий масала бўлиб турар, Хитой раҳбарияти эса ушбу муаммони иложи борича тезроқ ҳал қилишдан манфаатдор бўларди.

Хитой Халқ Республикасининг мустақилликка эришган дастлабки даврларида ҳукумат раҳбариятини мамлакат ўз чегараларини ҳимоя қилиши учун замонавий қурол-яроғга эга бўлган армия, шу жумладан, ядро қуролига эга бўлиши кераклиги мавзуси қизиқтириб келарди. Шу мақсадда 1950 йилга келиб Хитой Халқ Республикаси ядро қуролига эга бўлиш ҳақида миллий дастурлар устида керакли келишувларни қўлга киритиш учун ҳаракатни бошлаб юборди.

Бу дастурда ядро қуролидан тинч мақсадларда фойдаланиш устувор йўналиш бўлса-да, 1951 йилларнинг ўрталарига бориб миллий дастурга махфий пунктлар киритиладики, махфий дастурдан ядро қуролини ташувчи мосламаларга ҳам эгалик қилиш ҳақида бандлар киритилади. Хитой давлатининг ядро қуролига эга бўлиш борасидаги интилишларида Совет Иттифоқининг ҳам ўрни беқиёс. Совет Иттифоқи Хитойнинг ядро қуролига эга бўлган давлат сифатида юзага келишида, Хитой ядро мактабининг илмий асоси сифатида муҳим рўл ўйнади.

Иосиф Сталин вафотидан сўнг Хитой Совет Иттифоқига ядро қуролига эга бўлиш борасида ёрдам сўраб мурожаат қилади. Бироқ Совет Иттифоқининг ўша пайтдаги раҳбари Никита Хрушчёв Хитойда ядро қуролига эга бўлиш учун етарли даражада илмий ва иқтисодий захира мавжуд эмаслигини айтиб рад этади, аммо Хитой агарда хоҳласа, ядро қуролидан тинчлик мақсадларида фойдаланиш учун ёрдам кўрсатишини билдиради. Мустақил оёққа туриб бораётган Хитой ҳукумати олдида кундан кунга ўз ҳарбий салоҳиятини ядро қуролига эга бўлиш орқали мустаҳкамлаш фикри кучайиб борар эди.

Атом қуроли — бу америкалик империалистлар барчани қўрқувда ушлаб туриши учун яратган қоғоздаги йўлбарсдир. Кўринишидан у қўрқинчли бўлса-да, аслида, ундай эмас. Албатта, атом бомбаси — оммавий қирғин қуролидир, бироқ урушда ғалабани бир иккита янги яратилган қурол эмас, аксинча, халқ келтиради.

Мао Цзэдун

Фото: Google Photos

1955 йилнинг 15 январь санасида Хитой Халқ Республикаси раҳбари Мао Цзэдун Хитой Коммунистик партияси бош йиғинида Хитой Совет Иттифоқи ёрдамида ёки унинг ёрдамисиз ҳам атом қуролига эга бўлиши кераклиги ҳақида маъруза ўқийди. Бу маърузагача уч ой аввал Мао Цзэдун, унинг ўринбосари Чжу Дэ ва Хитой мудофаа вазири Пэн Дэ Хуай Тоскдаги ҳарбий амалиётлар даврида Совет Иттифоқининг атом бомбаси синовларида иштирок этиб келади.

1955 йилнинг 20 январида совет-хитой битимига мувофиқ, Шинжонда геологик тадқиқотлар олиб борилади. Тадқиқотлардан асосий мақсад минтақада уран конларини аниқлаш эди. Совет Иттифоқи уран конларининг ҳажмини кўпайтиришни ўз олдига вазифа қилиб қўйиш эвазига Хитой ҳукумати ортиқча уранни Совет Иттифоқига бериш масъулиятини олади.

Кейинги йилларда яна бир қатор Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасида ҳарбий ёрдам битимлари имзоланди. 1956 йилда Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасида бир қатор фуқаровий ва ҳарбий мудофаа иншоотларини барпо этиш, 1957 йилда Хитойга совет ракета технологияларини етказиб бериш, ракета иншоотларини қуришда ёрдам берадиган ҳарбий инструкторларни етказиб бериш ҳақидаги битимлар шулар жумласидан.

1958 йилнинг эрта баҳорида Совет атомшунослари Хитойга келди. Шу тариқа 1960 йилгача 10 мингдан ортиқ совет атомшунослари Хитойда сафарда бўлди. Совет атомшунослари ёрдамида Лобнорда ядро бомбалари  синови учун полигон яратилди. Улар, шунингдек, 1958 йилда оғир сувда ишловчи ядро реакторини барпо этишда ҳам ёрдам берди. Бу орада 10 мингдан ортиқ хитойлик олимлар ва талабалар Совет Иттифоқида ядро физикаси олийгоҳларида таҳсил олди, тажриба алмашди.

Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасидаги совуқчилик: ядро қуролига эга бўлишга интилиш

Никита Хрушчёвнинг КПСС ХХ йиғинида Сталин сиёсатининг таниқиди, Совет Иттифоқи белгилаган йўл капиталистик тузумлар билан муроса ва келишув йўли орқали биргаликда кун кўриши мумкинлиги борасидаги фикрлари Хитой раҳбари Мао Цзэдун томонидан кескин кутиб олинади. Мао Цзэдун Совет Иттифоқи раҳбариятини Владимир Ленин ғояларига хиёнат қилганликда, коммунистик мафкурага сотқинликда айблади.

Никита Хрушчёв эълон қилган сиёсий дастур ревизионист (марксизм тамойилларини ўзгартириш, улардан чекиниш) деб эътироф этилади ва Хитойда Совет Иттифоқи билан яқинлашиш истагини билдирган бир қатор ҳукумат раҳбарлари, жумладан, Лю Шаоци, Пэн Чжэнь, Ло Жуйсин, Лу Динйи, Ян Шанкунь, Дэн Цяопин каби амалдорлар қатағон қилинди ёки сургун этилди. Натижада, Совет Иттифоқидан Хитойга етказиб бериладиган бир қатор ҳарбий салоҳиятга алоқадор маҳсулотлар етказиб бериш камайиб кетди.

Фото: Google Photos

1959 йилнинг ёзида Хитой Давлат кенгаши раиси Чжоу Эньлай Хитой эндиликда бошқаларнинг ёрдамисиз ҳам саккиз йил ичида ўз атом бомбасига эга бўлиши мумкинлиги ҳақида жар солди. 1960 йилдан бошлаб минглаб Совет Иттифоқининг ядрошунослари Хитойни тарк этди. Аммо бу вақтга келиб Хитойда аллақачон 6 мингдан ортиқ мутахассис ядрошунос кадрлар тайёрлашга муваффақ бўлинганди.

1960 йиллар бошида Хитой ва Совет Иттифоқи ўртасидаги совуқ муносабатлар фонида Хитой ядро қуролига эга бўлиш маслагидан воз кечмаган, Совет Иттифоқидан ядро бомбасини яратиш борасида барча назарий маълумотларга эга бўлган ва Европадаги давлатлар билан ҳам ядрошунослик борасида алоқаларни йўлга қўйиб улгурганди.

Шу тариқа Хитой ўз ядро қуролини муваффақиятли яратиши учун 30 йил вақт талаб қилинди. 1966 йилнинг октябрь ойида Хитой илк маротаба ўз ядро ракетасини муваффақиятли равишда синовдан ўтказди. 1967 йилда эса Хитой ҳукумати термоядро бомбасини синаб кўрди. 1969 йилда Хитойда илк маротаба ерости ядро синови ўтказилди. 1980 йилга келиб эса Хитой қитъалараро ракетасини синовдан ўтказди.

Хитой шу тариқа дунёда ядро қуролига эга бўлган учинчи мамлакатга айланди. 1988 йилнинг сентябрь ойида Хитой ҳукумати сувости атом кемасидан илк ракета парвозларини муваффақиятли амалга оширди. 1996 йилга келиб Хитой ҳукумати ядро қуроллари синовидан вақтинча воз кечганини эълон қилди. Бу эндиликда ядро қуроллари батамом яратилганини тушунишга ёрдам берарди.

Бугунги Хитой

Бугун Хитой расмий тарзда эътироф этилган ядро қуролига эга беш мамлакатлардан бири. Хитой, шунингдек, ядро қуролини тарқатмаслик борасидаги келишув имзолаган давлатлардан бири бўлса-да, ўз тасарруфида қанча ядро қуроли мавжудлигини махфий тутиб келади. Шунга қарамасдан Хитойни қуруқликда, денгизда ва ҳавода тўла ҳажмли ядро уруши олиб бориш салоҳиятига эга бўлган мамлакат сифатида эътироф этишади.

АҚШ Мудофаа вазирлиги расмий Пентагон ҳисоботларига кўра, бугунда Хитойда 90 дона қитъалар аро баллистик ракета ҳамда такомиллаштирилган 2019 йил 1 октябрь санасида Пекиндаги ҳарбий парадда намойиш қилинган «Дунфэн-41» ракеталари мавжуд. Оралиқ масофага учувчи ракеталар сони эса 80 донани, ўрта масофага учувчи ракеталар сони эса  150-450 дона, яқин масофага учувчи баллистик ракеталар сони эса 750-1500 атрофида экани ҳисоботда айтилади.

Хитой бугунги кунда ўз қуролли кучлари таркибидаги ҳарбий қуролларни такомиллаштиришда давом этмоқда. Пекиндаги парадда овозданда тезликка эришувчи ДФ-17 ўрта масофага учувчи ракеталарини намойиш қилди ва Россиядан сўнг бундай қуролга эга бўлган иккинчи мамлакат сифатида кўрилмоқда.

The Military Balance нашрининг маълумотларига кўра, айни пайтда Хитой қуролли кучлари ихтиёрида тўрт дона атом сувости кемаси ишга туширилган. Хитой ҳукумати атом сувости кемаларини такомиллаштириш борасида ҳам бир қатор илмий ишларни бошлаб юборган.

Бугунги Хитой хоҳ у иқтисодий соҳа бўлсин, хоҳ у ҳарбий соҳа бўлсин, хоҳ у технологиялар бўлсин, анча тараққий этган саноатга эга. Хитой бугунда дунёнинг етакчи давлатларига рақобатлашиш борасида ўрнак бўлмоқда ва АҚШ, Япония ва Европа Иттифоқи бозорларини ўз маҳсулотлари билан эгаллаб олмоқда. Шу ўринда Хитой доҳийсининг таъкидлаган сўзлари ёдга тушади: «Бизнинг ишимизга аралашишмасин, биз ҳам уларнинг ишига аралашмаймиз, агарда улар бизга дахл қиладиган бўлсалар, биз ҳам қарздор бўлиб қолмаймиз».

Муаллиф фикри таҳририят нуқтаи назаридан фарқ қилиши мумкин.