Ўзбекистонда март ойида нархлар ва тарифлар даражасининг ой давомидаги ўсиш суръати 1,3 фоизни ташкил этди. Бу ҳақда Давлат статистика қўмитаси томонидан эълон қилинган маълумотларда келтирилган.

Фото: «Дарё»

2020 йилнинг январь-март ойлари давомида истеъмол бозоридаги нархлар ва тарифлар ўртача 2,8 фоизга кўтарилган. Йиллик даврда эса (2019 йилнинг мартига нисбатан) товарлар ва хизматлар нархларининг ўртача ўсиш сураъати 13,6 фоизни ташкил этмоқда.

Кузатилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг асосий гуруҳлари ичида ой давомида мева ва сабзавотлар (5 фоизга), гўшт, паррандачилик ва балиқ (1,7 фоизга), ёғ ва мойлар (1,3 фоиз), нон (1,2 фоиз) ва сут маҳсулотлари (1,1 фоиз)нинг нархлари сезиларли даражада қимматлашган. Бир ой давомида умумий овқатланиш муассасалари нархлари 1,6 фоизга, йил бошидан бери — 2,5 фоизга қимматлашди.

Нон маҳсулотларида (ёрма ва дуккаклиларни қўшган ҳолда) ушбу гуруҳга тааллуқли бўлган ловия (4,1 фоиз), мош (3,4 фоиз), нўхат (2,1 фоиз), гречка (1,9 фоиз), ун (1,5 фоиз), вермишель, гуруч ва оқшоқ (1,2 фоиз) нархлари бошқаларга нисбатан сезиларли даражада қимматлашган. Йил бошидан эса дуккаклилар (0,7—8,3 фоиз) ва гречка (6,6 фоизга) нархлари юқори даражада кўтарилган.

Жорий йилнинг март ойида тухум нархлари 3,5 фоизга арзонлашиб, йил бошидан буён нархлар даражаси 2,8 фоизга пасайган.

Ой давомида сут нархи 1,9 фоизга (2020 йилнинг январь март ойларида эса 3,8 фоизга), сузма 1,3 фоизга, қаймоқ 1,2 фоизга, қатиқ нархи 1,1 фоизга қимматлашган.

Ноозиқ-овқат товарлари бўйича кузатилган асосий гуруҳлар ичида нархларнинг энг юқори ўсиши шахсий транспорт (6,9 фоиз) ва тамаки маҳсулотларига (4,1 фоиз) тўғри келмоқда. Бир ой давомида қурилиш материаллари 0,9 фоизга, кийим-кечак, мато ва иплар 0,8 фоизга, пойабзал 0,7 фоизга, уй-рўзғор буюмлари ва электр жиҳозлари 0,3 фоизга ўсган.

Март ойида кузатилаётган аҳоли учун пуллик хизматлар орасида олий таълим давлат муассасаларида шартнома асосида ўқитиш учун тўловларнинг 7 фоизга, шунингдек, кузатилаётган бошқа таълим хизматларининг 1,1 фоизгача кўтарилиши натижасида умумий таълим хизматлари нархлари 3,2 фоизга қимматлашган. Тиббий хизматлар бир ой ичида 1,8 фоизга, маиший хизматлар — 0,9 фоизга, йўловчилар транспорти ва ҳордиқ чиқариш хизматлари — 0,8 фоизга қимматлашди.