Ўзбекистонда коронавирус инфекциясига чалинган 83 нафар фуқародан 23 нафари хорижда бўлиб қайтган, 60 нафар бемор эса улар билан мулоқотда бўлгани сабабли вирусни юқтириб олган. Бу ҳақда Соғлиқни сақлаш вазирлиги хабар берди.

Фото: «Дарё»

Маълум қилинишича, айни пайтда мамлакатда коронавирусни юқтириб олган 83 кишининг 35 нафарини эркаклар, 48 нафарини эса аёллар ташкил этади. Шундан 5 нафари вояга етмаган болалар ҳисобланади.

Ёш жиҳатдан қаралганда, 0—9 ёшгача — 5 нафар, 10—19 ёшгача — 2 нафар, 20—29 ёшгача — 24 нафар, 30—39 ёшгача — 17 нафар, 40—49 ёшгача — 16 нафар, 50—59 ёшгача — 11 нафар, 60—69 ёшгача — 7 нафар ҳамда 70—79 ёшгача бўлганлар 1 нафарни (миокард инфарктдан вафот этган аёл) ташкил этади.

Вазирлик томонидан маълум қилинишича, ҳозирга қадар Франция, Туркия, БАА, Россия, Саудия Арабистони ҳамда Швейцарияда бўлиб қайтган 23 нафар фуқарода коронавирус инфекцияси аниқланган. 60 нафар фуқаро эса улар билан яқин мулоқотда бўлгани сабабли вирусни юқтириб олган.

Айни пайтда коронавирус инфекцияси билан касалланганларнинг 6 нафари Фарғона, 5 нафари Наманган ва 3 нафари эса Андижон вилоятларидаги юқумли касалликлар шифохоналарида даволанмоқда.

Жорий йилнинг 22 март куни Истанбул—Бухоро чартер рейсида Ўзбекистонга олиб келиниб, карантинга олинган фуқаролар орасидан Тошкент шаҳри, Тошкент ва Андижон вилоятларидан бўлган 3 кишида ҳам коронавирус аниқланган. Айни пайтда ушбу беморлар Бухоро вилоятидаги юқумли касалликларга ихтисослашган шифохонада даволанмоқда. Қолган беморлар эса Тошкентдаги Вирусология илмий текшириш институти клиникасига ётқизилган. Шифокорлар томонидан барча беморларга стандартлар асосида даволаш муолажалари олиб борилмоқда.

Эслатиб ўтамиз, Шавкат Мирзиёев 26 март, пайшанба куни, ўтказилган коронавирус касаллиги бўйича эпидемиологик вазият ҳамда амалга оширилаётган тадбирлар юзасидан кенгайтирилган видеоселектор йиғилишида Ўзбекистонда коронавирус инфекциясини юқтириб олганларнинг 11 нафари Тошкентдаги Вирусология илмий-текшириш институтининг ходимлари эканлигини маълум қилди.