Ҳиндистонда одамларни коронавирус инфекциясидан «тўлиқ изоляция» қилиш учун 21 кунлик карантин эълон қилинди. Бу ҳақда бош вазир Нарендра Моди халқга қилган мурожаатида маълум қилди, деб ёзмоқда Reuters.
Модининг қўшимча қилишича, чекловлар 25 мартга ўтар кечаси амал қилишни бошлайди. Ҳукумат одамларга уйдан чиқишни тўлиқ тақиқлайди.
«Ҳиндистон шундай босқичда турибдики, бунда бизнинг ҳаракатларимиз ушбу улкан фалокат таъсирини камайтиришда кўп нарсани ҳал этади», — дея таъкидлаган Нарендра Моди.
India Today’нинг ёзишича, ҳукумат раҳбари соғлиқни сақлаш соҳасини қўллаб-қувватлашга 150 миллиард рупий (1,9 миллиард доллар) ажратишни ҳам ваъда берган. Пуллар коронавирус тестларига ҳамда ҳимоя воситаларини харид қилишга сарфланади.
ЖССТ маълумотига кўра, 24 март ҳолати бўйича Ҳиндистонда коронавирус юқтириб олиш бўйича 450 та ҳолат кузатилган ва 7 нафар одам инфекция келтириб чиқарган касалликдан вафот этган. Давлат пандемия сабаб 15 апрелгача виза беришни вақтича тўхтатган, лекин «кечиктириб бўлмайдиган» сабаблар кузатилса, сўровни қайта кўриб чиқиши мумкин.
Изоҳ (0)