Дунё бўйича COVID-19 коронавирус пневмониясига чалинганлар сони 400 минг кишидан ошиб кетди. Жонс Хопкинс университети маълумотларига кўра, беморлар сони кўплиги бўйича юқори бешликдан Хитой, Италия, АҚШ, Испания ва Германия жой олган.
Янги коронавирус инфекцияси қурбонлари сони 18 мингдан ошиб кетган. Университет маълумотларига кўра, Италияда 6,8 мингдан ортиқ, Хитойда салкам 3,3 минг, Испанияда 2,8 минг, Эронда салкам 2 минг, Францияда эса 860 киши касалликдан вафот этган.
Куни кеча Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти (ЖССТ) раҳбари Тедрос Гебрейесус коронавируснинг тарқалиш суръати ўсиб бораётганидан огоҳлантирган эди. У касалликка қарши кураш ишларини мувофиқлаштириш ва тиббий анжомлар ишлаб чиқаришни ошириш таклифи билан G20 га кирувчи барча мамлакатлар раҳбарларига мурожаат қилишини маълум қилган эди.
Коронавирус пандемияси сабаб 2020 йил июлида Токиода бошланиши лозим бўлган Олимпиада ўйинлари қолдирилди. Спорт ўйинлари 2021 йилда ўтказилса-да, «Токио—2020» номини сақлаб қолади.
Сўнгги расмий маълумотларга кўра, Ўзбекистонда 50 киши коронавирус инфекциясини юқтириб олган. Беморлардан бири на хорижда бўлган, на касаллангани аввал аниқланган кишилар билан мулоқотда бўлган. Айни вақтда беш бемор соғайгани маълум қилинди.
Изоҳ (0)