Тошкент шаҳридаги Мирза Юсуф жоме масжиди имом-хотиби Раҳматуллоҳ қори Сайфуддинов бозорларда нарх-навонинг сунъий оширилиши ҳаром амал эканлигини маълум қилди.

Кадр: Telegram / @koronavirusinfouz

«Бугун халқнинг бошига келган бу оғир синовли кунлардан фойдаланиб қолиб, нархни ошириб фойда кўраман дейиш — молни ботил йўл билан ейишга кирмай нимага кирсин?!.

Эҳтикорни шариатимиз ҳаром қилган. Эҳтикор — нархни сунъий ошириш дегани. Нархни сунъий ошириш ким жабр кўради — халқ жабр кўради. Эҳтикорни динимиз ҳаром деди. Қуръонда Фиръавнни Аллоҳ таоло хато қилди, деб зикр қилади. Эҳтикор қилган одам — хато қилган одам, дейди Қуръон. Демак, хато қилиш осонмас. Эҳтикор хато ва Фиръавннинг амали бир мақомга қўйиляпти.

Бугун халқ шоша, ҳовлиқишда олади, албатта, деб молимизнинг кераксиз нарх-навосини кўтариш билан биз барака топмаймиз. Ҳалол молимизни ҳаромга айлантириб қўйишимиз ҳеч гап эмас», — дейди Раҳматуллоҳ қори.

Аввал Давлат солиқ қўмитаси вакили нархларни атайлаб ошираётган савдогарлар борлигидан огоҳлантиргани, Ўзбекистондаги тадбиркорлардан коронавирус карантини шароитида нархларни оширмаслик ҳақида кафолат хати олинаётгани, шунингдек, Шавкат Мирзиёевнинг нархларни асоссиз ошираётганларга бировнинг ташвиши эвазига топилган пул ҳеч кимга буюрмаслигини айтгани ҳақида хабарлар берилган.