Нидерландияда коронавирусга қарши курашга масъул бўлган соғлиқни сақлаш вазири Бруно Брюинс истеъфога чиқди. Бу ҳақда мамлакат ҳукумати сайтида маълум қилинган.
Хабарда айтилишича, Бруно Брюинс 19 март куни қирол Виллем-Александрдан уни лавозимидан озод қилишни сўраган. Қирол унинг истеъфосини қабул қилган.
Эслатиб ўтамиз, 18 март куни мамлакат парламентида коронавирус бўйича муҳокама ўтказилганди. Нидерландия соғлиқни сақлаш вазири Бруно Брюинс минбарга чиққан пайтида тўсатдан ҳушидан кетган. Уни ёнидаги парламент аъзолари ушлаб қолган. Сўнг вазир ўзига келган ва мажлислар залидан чиқиб кетган.
Кейинроқ Брюинс ўзининг Twitter’ида қўллаб-қувватлашлар учун барчага миннатдорчилик билдирган ва ҳушидан кетиши охирги ҳафталардаги қаттиқ ишлаш ва чарчоқ туфайли юз берганини билдирган.
Қайд этилишича, энди соғлиқни сақлаш вазири вазифасини унинг ёрдамчиси Уго де Йонг бажаради.
Нидерландияда коронавирусдан дастлабки ўлим ҳолати 6 март куни қайд этилган. Шундан буён мамлакатда вирусдан умумий ҳисобда 76 киши вафот этди. Американинг Жон Ҳопкинс университети маълумотларига кўра, Нидерландияда COVID-19 2 460 кишида аниқланган.
Изоҳ (0)