АҚШ Ой учун ядро реакторини қуришни тезлаштиради. НАСАнинг вақтинчалик раҳбари Шон Даффи тегишли кўрсатма берди. Бу ҳақда The New York Times хабар берди.

Даффининг сўзларига кўра, Хитой ва Россия 2030 йил ўрталарига келиб Ойда реактор ўрнатмоқчи. НАСА агар бу амалга ошса, АҚШнинг имкониятлари чекланишидан хавотирда. Сабаби Хитой ва Россия “эҳтимол ёпиқ ҳудуд эълон қилиши мумкин”.
Келажакдаги Ой иқтисодиётини қўллаб-қувватлаш, Марсда энергия ишлаб чиқариш ва космосда миллий хавфсизликни мустаҳкамлаш учун муҳим бўлган бу технологияни ҳақиқатан ҳам ривожлантириш учун агентлик тезкор ҳаракат қилиши керак, деди Даффи.
У 30 кун ичида Ойда реактор қуриш лойиҳаси учун НАСА расмий вакилини тайинлашни буюрди. Реактор камида 100 киловатт электр энергияси ишлаб чиқариши ва 2029 йил охиригача ишга туширишга тайёр бўлиши керак.
Ойда ядровий реактор қуриш
Ерда бир сутка 24 соат давом этса, Ойдаги бир сутка 29,5 ер суткасига тенг. Яъни, икки ҳафта давом этадиган узлуксиз қуёш нури давридан сўнг, яна икки ҳафта давомида тўлиқ қоронғилик ҳукм суради. Бундай оғир шароитда фақат қуёш панеллари ва аккумуляторлардан фойдаланиш космик аппаратлар ёки ой базаларининг ишлашини қийинлаштиради.
Шу сабабли НАСА ҳам, Хитой-Россия иттифоқи ҳам Ойнинг жанубий қутбини ўрганишга эътибор қаратган. Бу ҳудудда қуёш деярли уфқдан кўтарилмайди, айрим кратерларнинг туби эса доимий сояда қолади.
НАСА сўнгги йилларда ядро реакторлари бўйича тадқиқотларни молиялаштирди, жумладан, 2022 йилда дастлабки лойиҳаларни ишлаб чиққан компанияларга 5 миллион долларлик учта шартнома берди. Ўша реактор моделлари ҳозир режалаштирилаётганидан кичикроқ бўлиб, қуввати 40 киловатт (ҳозирги талаб 100 киловатт) ва оғирлиги олти тоннадан кам эди. Бироқ ҳозирча реактор айнан қандай ёқилғи билан ишлаши номаълум.
Изоҳ (0)