АҚШ Давлат департаменти айрим хорижий сайёҳлар ва бизнес мақсадида мамлакатга келувчи хорижликлардан 15 минг долларгача виза гаров пули ундиришни режалаштирмоқда. Ушбу дастур мамлакатда белгиланган муддатдан ортиқ қолиб кетиш ҳолатларини чеклашга қаратилган. Бу ҳақда The Guardian хабар берди.

Таъкидланишича, мазкур тартиб АҚШ президенти Дональд Трампнинг биринчи муддатида — 2020 йил ноябрь ойида илк марта таклиф қилинган эди. Унга кўра, мамлакатда ортиқча муддат қолиш эҳтимоли 10 фоиз ва ундан кўпроқ бўлган ва асосан Африка давлатлари фуқароларидан 15 минг долларгача гаров пули олиниши белгиланганди. Бироқ дастур амалда ишга туширилмай қолиб кетганди.
Ҳозирги таклиф этилаётган 12 ойлик синов дастури 5 август куни расмий эълон қилиниши режалаштирилган. Гаров пули фақат туристик ва бизнес визаси эгаларидан олинади. Дастур кучга киришидан камида 15 кун олдин унда қамраб олинадиган давлатлар рўйхати Travel.State.Gov сайти орқали эълон қилинади. Рўйхат вақт ўтиши билан ўзгариши мумкин.
АҚШ ички хавфсизлик департаменти қоидаларига кўра, сайёҳлар мамлакатни ўз вақтида тарк этган тақдирда берилган гаров пуллари қайтарилади. Шунингдек, фуқароликка ўтган ёки вафот этган ҳолатларда ҳам гаров пули қайта тўлаб берилади.
Давлат департаментининг аниқлик киритишича, бу давлатлар рўйхатини шакллантиришда “ортиқча қолиш ҳолатлари, фуқароликни олишдаги хавфсизлик камчиликлари ва АҚШ ташқи сиёсатига алоқадор омиллар” инобатга олинади. Бу орада Трамп маъмурияти миграция сиёсатини кескин кучайтириб келмоқда. Хусусан, президент мигрантларнинг вақтинча ҳимоя мақомини бекор қилиб, 12 та давлатдан келувчи фуқароларга иммиграцион виза беришни бутунлай тақиқлаган эди.

Reuters хабарига кўра, Чад, Эритрея, Гаити, Мьянма ва Яман давлатлари АҚШда кўпроқ қолиш эҳтимоли юқори бўлган ва Трампнинг иммиграция тақиқларидан жабр кўрган давлатлар сирасига киради. Шунингдек, Бурунди, Жибути ва Того ҳам ушбу рўйхатда қайд этилган.
Бундан ташқари, АҚШ дипломатик ваколатхоналарига хорижий талабаларнинг ижтимоий тармоқлардаги фаоллигини кўриб чиқиш бўйича янги йўриқномалар ҳам берилмоқда. Профилини оммага очиб қўйишни рад этган талабалар АҚШ ҳукумати назарида шубҳали деб баҳоланади.
Туризм соҳаси эса ҳукуматнинг бу каби сиёсий ҳаракатлари сабаб оғир йўқотишларга учраётгани айтилмоқда. 2025 йил март ойида хорижий сайёҳлар сони 11,6 фоизга камайган. Канада ва Мексикадан ташриф буюрувчилар эса йилига 20 фоизга қисқарган. Шунингдек, Трамп маъмурияти илгари сурган янги 250 доллар миқдоридаги виза тўлови ҳам сайёҳларга қимматга тушиши мумкин. Агар бу тартиб қабул қилинса, у дунёдаги энг юқори виза тўловларидан бири бўлади.
Изоҳ (0)