Disney студияси коронавирус пандемияси сабаб «Қора бева» фильми 1 май куни прокатларга чиқмаслигини маълум қилди, деб хабар беради «Кинопоиск».
Наташа Романофф қаҳрамони ҳақида сўзловчи фильмнинг Россиядаги премьераси 30 апрелга мўлжалланган эди.
Шунингдек, студия режадан Fox’нинг иккита лойиҳасини олиб ташлади — «Ойнадаги аёл» ва «Девид Копперфилд тарихи». Улар 15 ва 8 май кунлари оммага тақдим этилиши керак эди.
Disney бу ҳақда Американинг энг йирик AMC ва Regal Cinemas тармоқлари бир неча ҳафтага ўз кинотеатрларини ёпишга қарор қилганидан сўнг эълон қилди. Бундан ташқари, ўтган дам олиш кунлари давомида Америка кинотеатрлари атига 55,3 миллион доллар ишлаб топган. Бу 2000 йилнинг сентябридан буён кузатилган энг паст кўрсаткичдир.
«Қора бева» сюжетига кўра, Наташани ўтмишдаги хатолари таъқиб қила бошлайди. «Қизил хона» — Наташа каби профессионал қотил ва жосусларни яратиш дастури асосий планга чиқади. Наташа ортга — эски оиласи бағрига қайтади.«Қора бева» — режиссёр Кейт Шортланд томонидан ишланган фильм. Бош ролни Скарлетт Йоханссон ижро этган. Фильм Marvel’нинг Қора бева суперқаҳрамони саргузаштларига бағишланган.
Изоҳ (0)