Коронавируснинг Ўзбекистон ҳудудига кириб келишидан сақланиш мақсадида Uzbekistan Airways 2020 йил 16 мартдан бошлаб Тошкент—Нью-Йорк—Тошкент йўналиши бўйича мунтазам рейсларни вақтинча тўхтатди. Бу ҳақда Ўзбекистоннинг АҚШдаги элчихонаси берган маълумотга таяниб, ТИВ матбуот хизмати хабар берди.
Қайд этилишича, элчихона мазкур даврда АҚШдан Ўзбекистонга боришни режалаштирган фуқароларга ўз сафарларини кейинроққа қолдиришни ва авиачипталарни қайтадан бронлашни тавсия қилди. Авиабилетларни қайтаришда Uzbekistan Airways авиакомпанияси томонидан рейсларни бекор қилиш даврида жарималар олинмайди.
Бунда Ўзбекистон фуқаролари ўз ватанларига қайтганларидан кейин 14 кунлик карантинга олинади.
АҚШда коронавирус тарқалиши борасидаги вазиятнинг кескинлашиши ва мамлакатда фавқулодда ҳолат эълон қилиниши муносабати билан, Ўзбекистон фуқароларига фавқулодда зарурат бўлмаса, АҚШга бориш тавсия этилмайди.
Ўзбекистоннинг Вашингтон шаҳридаги Элчихонаси ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхонасига ташриф буюрувчилар орасида коронавирус тарқалишининг олдини олиш мақсадида консуллик-ҳуқуқий ҳужжатларни қабул қилиш ва кўриб чиқиш масофадан туриб (шахсий мурожаатсиз), шунингдек, почта хизмати орқали ёзишмалар юбориш йўли билан амалга оширилади. Аризачиларнинг шахсан ҳозир бўлишини талаб қиладиган ҳужжатлар бундан мустасно (ҳужжатларни расмийлаштириш тартиби тўғрисида маълумот Элчихонанинг «uzbekistan.org» ва Бош консулхонанинг «www.uzbekconsulny.org» веб-сайтларида жойлаштирилган).
Шу муносабат билан ҳамда диаспора ташкилотлари ва ватандошлар билан доимий алоқаларни ўрнатиш ва қўллаб-қувватлаш мақсадида Элчихона ва Нью-Йорк шаҳридаги Бош консулхона томонидан доимий ишлайдиган «ишонч телефонлари» очилди ва ишламоқда.
Аввалроқ Ўзбекистон коронавирус авж олгани сабабли 1 мартдан бошлаб Токио ва Римга бўлган йўналишдаги қатновларни вақтинча тўхтатгани маълум қилинганди. Бундан ташқари, Жидда ва Мадинага бўлган авиақатновлар ҳамда Афғонистон ва Эрон билан ҳам авиақатновлар вақтинчалик тўхтатилган. 14 мартдан бошлаб эса Uzbekistan Airways Франция, Италия ва Британия билан авиақатновларни тўхтатгани, чет элда қолган ватандошлар чартер рейсларда қайтарилиши мумкинлиги хабар берилган эди.
Изоҳ (0)