Бразилия президенти Жаир Болсонару Facebook’даги саҳифаси орқали ўзининг коронавирусга топширган намуналари ижобий эмас, балки салбий чиққани ва касалликни юқтириб олмаганини эълон қилди.

Фото: Record

Аввал бир нечта ОАВ томонидан Болсанарунинг таҳлил натижалари ижобий чиққани ва унинг COVID-19 коронавирусини юқтириб олгани ҳақида хабарлар тарқалганди. Президентнинг ўғли ҳам ушбу маълумотларни тасдиқламаган.

Коронавирус Бразилия президентининг ёрдамчиси Фабио Вайнгартернда қайд этилган. У Жаир Болсонару билан биргаликда 8 март куни АҚШнинг Флорида штатига делегация таркибида сафар қилган. Вайнгартен АҚШ президенти Дональд Трамп ҳамда вице-президент Майкл Пенс иштирокидаги учрашувда ҳам қатнашган.

Бразилия делегацияси АҚШда Майами мэри Фрэнсис Суарес билан учрашган, америкалик амалдорда эса коронавирус инфекцияси борлиги аниқланган.

Бразилияда коронавирус юқтириш билан боғлиқ биринчи ҳолат 26 февраль куни қайд этилган. Мамлакат ССВ маълумотларига кўра, айни пайтда вирус билан касалланганлар сони 76 нафарни ташкил этади. Беморларнинг беш нафари касалхонада, қолганлари эса уй шароитида карантинда сақланмоқда. Бундан ташқари, 1500 нафар киши «вируснинг эҳтмолий ташувчиси» сифатида кузатув остига олинган. Текширувдан ўтказилган 1100 нафардан ортиқ фуқарода вирус аниқланмаган.