«Дарё» колумнисти Жаҳонгир Эргашев анъанавий тарих рукнида Моҳандас Карамчанд Ганди бошчилигидаги Ҳиндистон миллий мустақиллигига тамал тоши бўлиб хизмат қилган машҳур «Туз юриши» ва унинг оқибатлари ҳақида ҳикоя қилади.

Фото: Wikipedia

«Туз юриши»

1930 йилнинг 12 март санасида Ҳиндистон мустақиллиги учун ҳаракатнинг сиёсий раҳнамоси Моҳандас Карамчанд Ганди узоқ вақт Буюк Британия тасарруфида бўлиб келган ўз мамлакатининг озодлиги учун тинчлик тамойилига асосланган ва Ҳиндистон миллий мустақиллигига тамал тоши бўлиб хизмат қилган машҳур «туз юриши»ни бошлайди. Ҳинд адабиётларида «сатяграха» атамаси билан машҳур бўлган мазкур юриш санскрит тилидан таржима қилинганда «ҳақиқатда қатъийлик» маъносини ифодалайди.

«Сатяграха» 1918—1947 йиллар давомида ҳинд халқининг барча қатламлари орасида кенг таъсирга эга бўлди, уларнинг мустақиллик учун ҳаракатларини илҳомлантирди. «Сатяграха» орқали ҳинд халқи инглиз босқинчиларига қарши курашиш учун ўзига хос қон тўкилишларнинг олдини оладиган бир ҳаракат сифатида юзага келиб, мазкур ҳаракат оммавий намойишлар ўтказиш, инглиз заводларида ишлашдан бош тортиш, инглиз ҳукуматининг қарор ва талабларига бўйсунмаслик ва инглиз маъмуриятига солиқларни тўлашдан бош тортиш каби чораларни татбиқ этишни ўз ичига олган эди.

Моҳандас Карамчанд Ганди

Биринчи жаҳон уруши ҳинд ва инглизлар ўртасидаги муносабатларнинг янада кескинлашишига сабаб бўлди. Натижада, Ҳиндистонда миллий озодлик ҳаракатининг кучайишига туртки бўлди. Ҳинд буржуазияси инглизларнинг тақиқларидан, чекловларидан безган, уларнинг ирқий камситиши эса пичоқ суякка бориб қадалган вазиятни юзага келтирган эди.

Инглиз тарихчиси Арнольд Тойнби: ‘Ганди биз инглизларга Ҳиндистондан ғазабсиз ва шармандаликсиз чиқиб кетиш имконини берди. Бу билан бизга улкан мурувват кўрсатди’.

Уруш таъсирида ўз ижтимоий аҳволининг ёмонлашгани, қашшоқлик, юқори солиқ ставкаларининг татбиқ этилиши ва нархларнинг кескин ошиши ҳинд халқининг ғазабини келтирди. Биринчи жаҳон уруши давомида 1 миллионга яқин ҳинд аскарлари инглизлар тарафида туриб, Буюк Британия манфаатларини ҳимоя қилган бўлса-да, урушдан сўнг ҳануз ҳиндлар паст ирқ вакиллари, ёввойи халқ сифатида кўрилар, давлат бошқаруви органларига тайинланиш ҳуқуқидан маҳрум эди.

Устига устак асосий озиқавий модда бўлган туз инглиз монополияси таъсири остида бўлиб, бутун бир Ҳиндистон аҳлининг турмуш таъсирига, айниқса, қашшоқлар қатламига кучли юк бўлиб тушар, бу эса ҳиндларни оғриқли, мушкул шароитда қолдирган эди. Айнан мана шундай таҳликали даврда Моҳандас Карамчанд Ганди Ҳиндистон озодлик кураши йўлбошчиси сифатида намоён бўлди ва унинг издошлари раҳнамога «Маҳатма» — «буюк қалб эгаси» деган ном берди.

Фото: Wikipedia

Маҳатма Ганди

Англияда юридик маълумот олган Ганди инглиз ҳукуматининг бир қатор идораларида юрист консультант лавозимларида фаолият юритди ва инглиз мустамлакачилигининг чиркин юзини кўрди ҳамда ўз миллатдошлари ҳуқуқларининг топталишига қарши бош кўтарди. Гандининг фикрига кўра, «сатяграха» — зўравонликсиз қаршилик кўрсатиш ҳаракатига асосланиши ва инглиз билан ҳар қандай ҳамкорликдан тийилиш асосига қурилиши керак эди.

Бу сиёсат ўзини тўла оқлади. Ганди ўз халқидан ҳунармандчиликни ривожлантириш ва тикувчиликда қўл меҳнатидан фойдаланишни сўради. Бу эса инглиз мануфактурасига катта зарар келтирар ҳамда мамлакатнинг мустақиллиги учун замин тайёрлаши керак эди. Ганди ўз ҳаракатини бутун мамлакатга ёйиш мақсадида туздан фойдаланишга, туз олди-сотдиси борасидаги инглиз қонунчилигига қарши чиқишдан бошлади. Доҳий кўзлаган мақсад аниқ ва нишонга теккан эди.

Туз юриши

1930 йил 30 январда Ганди «Ёш Ҳиндистон» нашрида Ҳиндистон вице-қироли Эдуард Вуд Ирвинга мурожаат йўллади ва ўз мақсад қилиб қўйган «сатяграха» ҳаракатидан воз кечишини маълум қилади. Бу ультиматум орқали Ганди инглиз ҳукуматидан ер солиқлари миқдорини камайтириш, тузга бўлган монополияни бекор қилиш, ҳарбий ва маъмурий харажатларни қисқартириш, ҳибсхоналардан сиёсий асосда қамалганларни озод этиш талабини қўйди. Аммо инглиз ҳукумати бу ультиматумни жиддай қабул қилмади ва қўлингдан келганини қил, қабилида иш кўрди.

Машҳур «туз юриши» 1930 йилнинг 12 март санасида Ганди ва унинг 79 нафар издоши бошчилигида Ҳиндистоннинг Гужарот вилоятидаги Аҳмадобод шаҳрида бошланди. Ташаббус орқали намойишчилар 400 километрлик масофани босиб ўтиб, Ҳинд уммони соҳилларига чиқиши ва у ерда намойишкорона равишда шўр сувни қайнатиб туз олиши керак эди.

Фото: Wikipedia

«Туз юриши»

«Туз юриши» тарафдорлари ҳар бир қишлоқ ва шаҳарда тўхтаб, уларнинг сафига қўшилишни таклиф қилар, бу эса Ҳиндистоннинг озод бўлишига ёрдам беради деб нутқ сўзлар эди. Юришга қўшилган тарафдорлар сони кескин кўпаяр, барчанинг умиди озод Ҳиндистонни кўриш эди. Ҳаракат фавқулодда оммавий тус олиб кетди. Инглиз ҳукумати эса ҳаракатни бостириш мақсадида кескин чоралар кўришга ҳам улгурди.

«Туз юриши»ни муттасил ёритиб борган Британия матбуоти ҳам вазиятнинг оммавийлашувига ҳисса қўшди. 6 апрель санасида Арабистон денгизи соҳилларидаги Данди шаҳарчасида «туз қайнатиш» маросими ўтказилди ва шу куни миллий бўйсунмаслик ва итоат қилмаслик куни сифатида эълон қилинди. Ҳиндистондаги йирик шаҳарларда оммавий намойишлар ўтказилди, инглиз маъмуриятида ишлайдиган ҳиндлар инглизларга ишлашдан бош тортиб, истеъфога чиқди.

Робиндранат Тагор: «Европа Осиёдаги ўз нуфузини буткул йўқотди. Европа эндиликда адолатнинг ҳимоячиси, юқори маслакли фикрларнинг соҳиби эмас, у осиёликлар кўз ўнгида оқ ирқ вакилларини ҳукмронлигининг ҳимоячиси, инсонларни эксплуатация қилувчи ва уларнинг эвазига кун кўрувчи текинхўр эканини исботлади. Бу Европа учун ахлоқий таназзул. Осиёликлар эндиликда европаликларга паст назар билан қараши мумкин».

Апрель май ойларида Ҳиндистон Миллий Конгрессининг 60 мингга яқин аъзоси ҳибсга олинди. Кашмир ва Пешовор шаҳарларида инглиз ҳарбийлари тинч намойишчиларни ўққа тутди. 5 май санасида миллат пешвоси Ганди ҳам қамоққа ташланди. Инглизларнинг мазкур зўравонлик ҳаракатларига жавобан, ҳинд халқи умумҳинд иш ташлашни уюштирди. Бутун ҳаракатнинг аъзолари принциплилик нуқтаи назаридан инглиз ҳукуматига қаршилик кўрсатмади ва натижада бутун дунё тараққийпарвар кучларининг эътирофига ва ҳамдардлигига эришди. Буюк Британия шарманда бўлган эди.

1931 йил 25 январда Моҳандас Ганди ва яна Ҳиндистон Миллий Конгрессининг 60 нафар аъзоси ҳибсдан озод этилди. Ҳиндистон вице-қироли ҳаракат раҳнамосига музокаралар бошлашни таклиф қилди. Ганди вице-қирол Эдуард Вуд Ирвиннинг таклифига рози бўлди.

Фото: Wikipedia

Тагор ва Ганди

Музокаралар натижасига кўра, Ҳиндистон Миллий Конгресси итоатсизлик ва бўйсунмаслик ҳаракатини дарҳол тўхтатиши, инглиз мустамлакачи ҳукумати барча сиёсий маҳбусларга озодлик бериши, туз монополиясини бекор қилиши, Ҳиндистон мустақиллиги учун тарғибот олиб борилишига рухсат бериши, Ҳиндистон Миллий Конгрессини мустақил сиёсий партия сифатида тан олиши керак эди. Инглиз ҳукумати мазкур талабларни қабул қилди ва 1931 йилнинг 4 март санасида узоқ давом этмаган бўлса-да, Ганди ва Ирвин битими имзоланди.

Мазкур битим имзоланиши ортидан Ҳиндистон Миллий Конгресси етакчиларидан бири Жавоҳарлал Неру тушкунликка тушиб қолгани ва мустақиллик қўлдан бой берилгани ҳақида гапирди. Унинг назарида кўп миллионли Ҳиндистон халқи асрлар мобайнида орзу қилган мустақил Ҳиндистон кулга айланган эди. Аммо Неру ҳиссиётга берилган, адашган эди. «Туз ҳаракати» ва Ганди-Ирвин битими мустақиллик учун ҳаракат нималарга қодирлигини исботлади. Сабаби бундан бир неча йиллар аввал Ҳиндистонга доминион мақомининг берилиши ҳақида ўйлаш ҳам жиноий жавобгарликка сабаб бўладиган ҳолат саналарди.

Аммо Гандининг «Туз юриши» мамлакатда сиёсий вазиятни ўзгартирди, ҳинд халқида озодлик учун умид уйғотди, мустақиллик учун кураш амалга ошиши мумкин бўлган орзу эканини кўрсатди, бутун ҳинд халқи ва мустамлака қилинган халқларнинг эрки учун курашига улкан куч бағишлади.