Футбол бўйича Англия Премьер Лигасининг 28-туридан ўрин олган «Манчестер Сити» ҳамда «Арсенал» жамоалари ўртасидаги беллашув номаълум муддатга қолдирилди. Бу ҳақда АПЛ расмий сайтида хабар берилди.
Таъкидланишича, 13 кун олдин, яъни 27 февраль куни «Арсенал» Европа Лигаси доирасида «Олимпиакос» билан тўқнаш келган. Грек клуби хўжайини Евангелос Маринакис учрашувдан сўнг «Арсенал» футболчилари ва клуб штабидаги бир неча киши билан алоқада бўлган.
Орадан бир неча кун ўтиб, «Олимпиакос» хўжайини коронавирус билан касалланган. Шу боисдан АПЛ раҳбарияти «Арсенал»нинг «Сити»га қарши учрашувини 11 март куни эмас, балки бошқа муддатда ўтказиш бўйича қарор қабул қилган. Ҳозирча ушбу ўйиннинг қачон бўлиб ўтиши маълум эмас.
Маълум қилинишича, Евангелос Маринакис билан алоқада бўлган «Арсенал» аъзолари 14 кунлик карантинга олинган. Шунингдек, АПЛ бошқа ўйинларни қолдириш ниятида эмаслигини қўшимча қилган.
Янада кўпроқ футбол ва спорт янгиликларидан бохабар бўлишни истасангиз, «Дарё»нинг Telegram’даги расмий спорт канали — @daryo_sport’га обуна бўлинг!
Изоҳ (0)